Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрстилаётган тиббий хизмат сифатини жаҳон андозалари даражасига кўтаришга алоҳида эътибор берилмоқда. Сўнгги 6−7 йил ичида президент томонидан мазкур соҳани ривожлантириш борасида ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Аҳолига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган юқори технологияли тиббий хизматларни янада яхшилаш мақсадида тиббиёт муассасаларини жаҳон андозаларига мос ҳолатга келтириш ва уларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш учун катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда.

реклама

27−29 апрель кунлари ушбу ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Самарқанд шаҳрида «Ипак йўлида минимал инвазив хирургия» мавзусида Осиё эндоскопик ва лапороскопик хирурглар жамиятининг (ELSA) I баҳорги Конгресси бўлиб ўтди. Халқаро анжуман Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникаси бош врачи, I баҳорги Конгресси раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шамсиев Жамшид ташаббуси билан ташкил этилди.

реклама

ELSA бугунги кунда дунё миқёсида катта обрўга эга бўлган ваколатли жамиятдир. ELSA эндоскопик хирурглар жамияти халқаро федерациясининг (IFSES) асосчиларидан бири бўлиб бўлиб, унинг раҳбарлик органи Осиё-Тинч океани ҳудудида жойлашган ва 37 мамлакатдаги эндоскопик хирурглар етакчилари вакилларидан ташкил топган.

реклама

Конгрессда Австрия, Озарбайжон, Англия, Германия, Гонконг, Япония, Комбоджа, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Малайзия, Оман, Покистон, Фаластин, Филиппин, Россия, Жанубий Корея, Сингапур, Тожикистон, Туркия, БААдан 80 га яқин, шунингдек Ўзбекистон барча вилоятларидан хирургия, урология, онкология, гинекология, болалар хирургияси мутахассислари бўйича 470 дан ортиқ мутахассис — жами 550 нафарга яқин делегат иштирок этди.

реклама

Конгресснинг биринчи куни Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослаштирилган болалар хирургик клиникасида Workshop бўлиб ўтди. Унда минимал инвазив хирургия бўйича замонавий операциялар халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистон шифокорларига намойиш этилди.

Шунингдек, клиникада ташкил этилган семинарда эгилувчан эндоскопик хирургия бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилди. Унда:

  • филиппинлик мутахассис-жарроҳ Алмен Буенафе лапароскопик герниорафия операциясини;
  • россиялик профессор Валерий Сатаев бешта эндоскопик операцияни намойиш қилди.

ELSA ташкилоти бош котиби Давиди Ламонто конгресс доирасида учта лапороскопик жарроҳлик операциясини ўтказди. Мутахассислар томонидан ўтказилган маҳорат сабоқлари анжуман қатнашчиларига операция блогидан бевосита намойиш қилинди.

Конгресс 28−29 апрель кунлари Самарқанд шаҳрининг Silk Road Samarkand туристик мажмуасида ўз ишини давом эттирди.

Уч кунлик семинарда Конгрессда иштирок этган машҳур олимлар ва мутахассислар долзарб мавзуларда чиқишлар қилди. Дастур бўйича 81 та маъруза қилинди. Шунингдек, 36 та постер ва 11 та публикациялар намойиш этилди.

реклама

Ўзбекистонда илк бор ўтказилган мазкур Конгресс соғлиқ сақлаш тизимида эндоскопик ва лапороскопик хирургия йўналишининг янада ривожланишига хизмат қилади ва аҳолига юқори технологияли ихтисослашган, сифатли ва самарали хирургик хизмат кўрсатиш даражасини юксак поғоналарга олиб чиқади. Тиббий кадрлар малакасини ва салоҳиятини ошириб, уларнинг халқаро миқёсда амалий кўникмаларга эга бўлишларида ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Реклама ҳуқуқлари асосида.