Ўзбекистон аҳолисининг сувдан қарздорлиги тобора ортиб бормоқда, ҳозирда миқдор 1,36 триллион сўмга етди. Бу ҳақда 4 май куни АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг 2014 йилдаги 194-сонли қарорида истеъмолчиларнинг ичимлик суви таъминоти ва сув чиқариш хизмати учун ҳар ойнинг 10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлашни амалга ошириши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Таъкидланишича, «Ўзсувтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчилар орасида тўлов интизомини янада яхшилашга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Аммо, шунга қарамай, республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги тобора ошмоқда. Бугунги кунда бу 1,36 триллион сўмни ташкил этмоқда. Шундан 1,13 триллион сўм жисмоний, 224 миллиард сўм эса юридик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.

сувдан қарздорлик, узсувтаъминот

Фото: АОКА. Акмал Муродов.

«Таҳлилларга кўра, қарздорлик миқдори энг юқори бўлган ҳудудлар Тошкент шаҳри (256 миллиард сўм), Андижон (153 миллиард сўм) ва Тошкент (147 миллиард сўм) вилоятлари бўлиб турибди», — дейди Акмал Муродов.

Унинг айтишича, ичимлик ва оқова сув тизимларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, яъни ноқонуний уланиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жойларда доимий равишда рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

«Хусусан, 2022 йилда „Ўзсувтаъминот“ акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан ичимлик ва оқова сув тизимларига жами 2240 та ноқонуний уланиш ҳолати аниқланган. Булар сабабли 41,5 миллиард сўмлик зарар етказилган. Бунда энг юқори кўрсаткичлар Тошкент (572 та), Хоразм (940 та) ва Самарқанд (344 та) вилоятларида қайд этилган», — дейди у.

Қўшимча қилинишича, 2023 йилнинг январь-апрель ойларида ичимлик ва оқова сув тармоқларига 407 та ўзбошимчалик билан уланиш ҳолати аниқланган. Оқибатда 3,9 миллиард сўмлик зарар етказилган.

«Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш ва келгусида такрорланишини чеклаш ҳамда бутунлай барҳам бериш мақсадида „йўл харитаси“ ишлаб чиқилди. Рейд тадбирлари республиканинг барча ҳудудларида фаол тарзда бошланди ва давом этмоқда», — дейди Акмал Муродов.