4 май куни Ўзбекистон Енгил атлетика федерациясининг анжуманлар залида 14 май куни Humo Arena спорт мажмуасининг старт-финиш майдончасида бўлиб ўтадиган «Men G‘olib» харбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақасини ўтказишга тайёргарлик кўришга бағишланган матбуот брифинги бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Дурдона Раҳимова, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзамуҳамедов, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Гузел Хуббиева ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Оммавий югуриш мусобақаси Енгил атлетика федерацияси, бош ҳамкор — «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимияти кўмагида ташкил қилинмоқда.

реклама

«Men G‘olib» ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси анъанавий равишда муҳим давлат саналари — Ватан ҳимоячилари куни, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа кучлари ташкил этилганлиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунини нишонлашга бағишланган ҳолда ўтказилади.

Куч ишлатувчи тузилмалар ходимлари, ҳарбий хизматчилар, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, спорт клублари аъзолари ва фаол ҳаёт тарзини севувчилар йилига икки маротаба жамоавий ва яккахон ҳолда оммавий югуриш мусобақасида қатнашадилар.

«Men G‘olib» ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш пойгасини ўтказишдан кўзланган мақсад:

  • аҳоли ўртасида югуриш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш;
  • ҳарбий хизматчиларнинг спорт руҳини сақлаш ва дўстона спорт алоқаларини ривожлантириш;
  • куч ишлатувчи тузилмалар идораларининг вакиллари орасидан энг кучли жамоаларни аниқлаш.

Бўлиб ўтадиган «Men G‘olib» оммавий югуриш мусобақаси 14 май куни ўтказилиб, Хотира ва қадрлаш кунига бағишланади.

реклама

Ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси йилдан йилга куч ишлатувчи тузилмалар ва югуриш ҳаваскорлари орасида катта қизиқиш қозонмоқда. Ушбу спорт тадбири илк маротаба 2000 га яқин иштирокчини бирлаштиради. Оммавий югуриш мусобақасининг дастури кенгайтирилди ва унга учта масофа киритилди:

  • ярим марафон — 21,1 км;
  • чорак марафон — 10,5 км ва 3 км га оммавий югуриш мусобақаси.

Оммавий югуриш мусобақалари ўтказиладиган кунда иштирокчилар йиғилиши — 06:00 да бошланади,

Старт: 07:00 да.

«Men G‘olib» кубогини қўлга киритиш учун Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси вакилларидан иборат йеттита жамоа ҳамда куч ишлатувчи тузилмалар таълим муассасаларининг олтита жамоаси кураш олиб боради.

Ташкилотчилар томонидан 14 та номинация учун қимматбаҳо совғалар кўзда тутилган:

  • планшет;
  • смартфон;
  • смарт соатлар;
  • электр скутерлар;
  • ноутбуклар ва эсдалик сертификатлари.

«Men G‘olib» оммавий югуриш мусобақасида қатнашиш истагини билдирган барча югурувчилар 10 майга қадар iticket.uz сайтида пуллик рўйхатдан ўтган ҳолда ариза топширишлари мумкин.

«Men G‘olib» мусобақаларининг иштирокчилари 2021 йилдан 2023 йилгача циклик спорт турларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бўлмаслиги шарт:

  • енгил атлетика;
  • триалон;
  • дуатлон;
  • велоспорт;
  • ёзги биатлон.

Тадбир шартлари ҳақида батафсил маълумотни қуйидаги ҳавола орқали олишингиз мумкин.

Реклама ҳуқуқлари асосида.