3 май куни Тошкент шаҳрида қуёшнинг ультрабинафша нурланиш индекси 12 балли шкалада 10 балл бўлиши кутилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай кунларда фуқаролар нималарга аҳамият бериши кераклиги бўйича маълумот берди.

Нурланиш қоқ туш пайти максимал даражага яқинлашиб, унинг индекси 12 балли шкалада 10 балл бўлиши, соат 14:00 да 9, 15:00 да 7 ва 16:00 да 5 даражага тушиши қайд этилган.

Ультрабинафша нурларидан қандай ҳимояланиш керак?

Бундай пайтда қуёш нури аллергик реакциялар келтириб чиқаришидан эҳтиёт бўлиш лозим. Хусусан, бу каби ноқулай об-ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошиши оқибатида фотодерматит касаллиги юзага келиши мумкин.

«Қуёш нурининг ўзи аллерген ҳисобланмайди. Бироқ ультрабинафша нурланиш тери ёки инсон танасидаги ҳар қандай модда билан ўзаро таъсирга киришганда, аллергик реакция пайдо бўлиши мумкин», — деди тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова.

Оқибатда кўкракнинг юқори қисми, бўйин, қўл соҳаларида пуфакча, қавариқ, қизил доғ ва турли тошмалар юзага келади. Баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар кузатилади. Қолаверса, кўзнинг шиллиқ қаватига ультрабинафша нурларининг таъсири конъюнктивит ва кератит, яъни шох парданинг яллиғланишини ҳам келтириб чиқаради.

«Бундай яллиғланиш зарарли нур таъсиридан бир неча соат ўтгач пайдо бўлиб, иккиси ҳам оғриқли кечади. Шу билан бирга, ультрабинафша нурлар катарактанинг ривожланишига ҳам сабаб бўлади», — деди Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов.

Бундан ташқари, нурланиш индекси юқори бўлган вақтда очиқ ҳавода узоқ вақт юриш саратон касаллигига мойилликни ошириб, иммунитетни пасайтиради.

Шу боис бундай кунларда соат 11:00 дан 16:00 гача қуёш нурлари остида узоқ вақт юрмаслик, агар зарурат туғилса, бош кийим кийиш ёки соябон тутиш, кўзойнак тақиш ва имкон қадар ёпиқ либослар кийиш тавсия этилади.