Ўзбек-қирғиз давлат чегарасидан ўтувчи ноқонуний ерости йўли қазиган фуқароларга суд ҳукми ўқилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Аниқланишича, 2022 йилнинг 23 июнь куни Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорликда тезкор-қидирув ўтказиб, унда 2 давлат чегарасидан ўтувчи яширин ерости йўлини фош этган.

Даставвал фарғоналик маҳаллий фуқаро бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда унда тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий баҳоси 7 млрд 603 млн 650 минг сўмлик 38 турдаги 2707 дона мобил телефон аппаратлари топилган. Сўнгра у вақтинча яшаб келаётган Риштон туманидаги хонадонда Қирғизистон ҳудудига олиб ўтувчи 10 метр пастликда, баландлиги 2 метр, кенглиги 1,2 метр, узунлиги 128 метр бўлган, тушиб-чиқиш учун лифт билан жиҳозланган ерости йўли борлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, у ўзбек-қирғиз давлат чегараолди ҳудудида жойлашган ҳовли уйлардан сотиб олиб, уларни кўча томон қисмларини баланд деворлар билан тўсган. У ерда чорвачилик ташкил этган. Қирғиз Республикаси ҳудудидан ҳам уй олиб, ҳонадонда пенаблок ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Сўнгра Данғара туманида истиқомат қилувчи, 1984−1993 йиллар оралиғида туғилган 5 нафар фуқарони ерости йўли қазишга ёллаган.

Ерости йўли қуриб битказилганидан кейин, у орқали Қирғизистондан ноқонуний тадбиркорларнинг товар-моддий бойликларини, хусусан, мобиль телефон аппаратлар, матолар, тиббиёт буюмлари ва дори воситаларини Ўзбекистонга, Ўзбекистондан эса кўп миқдордаги хорижий валюта қимматликларини қўшни давлатга ўтказиш билан шуғулланган.

ДХХнинг Фарғона вилоят бошқармаси ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатди, тергов олиб борилди. Суд ҳукми билан мазкур шахслар Жиноят кодексининг 182 (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) ва 223-моддалари (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш) билан айбдор деб топилди.

Уларнинг 3 нафарига 6 йилдан 7 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этиш жазоси, қолган 3 нафарига эса ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шунингдек, жиноят иши доирасида ашёвий далил сифатида олинган 7 млрд 603 млн 650 минг сўмга баҳоланган 2707 дона мобил телефон аппаратлари давлат эгалигига ўтказилди.

Бундан ташқари, фарғоналик эркакнинг уйи ҳам давлатга ўтказилди ва ушбу уйдаги ерости йўли тегишли тартибда кўмиб ташланиши айтилди.