Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германияга ташрифи доирасида 3 май куни ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Германия томонидан тадбирда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси, Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Германия энергетика агентлиги, CLAAS, Knauf, Siemens Energy, Lasselsberger, Aurubis, Linde Group, Gunter Papenburg, Falk-Porsche-Technik, Mangold Consulting, DB Engineering, Landesbank, Commerzbank, KfW Bank, Deutsche Bank каби ўттизга яқин энг йирик компания ва банклар раҳбарлари қатнашди.

германия, президент

Бундай форматдаги мулоқот илк бор 2019 йил январида, давлатимиз раҳбарининг ГФРга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган эди.

Натижада Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш бўйича бир қатор юқори технологик лойиҳалар ишга туширилди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик сезиларли равишда фаоллашди.

Ўзбекистон Президенти учрашувни очар экан, Германия билан муносабатларда юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат қарор топганини алоҳида қайд этди. Юртимизда германиялик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 5 миллиард евродан зиёд 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.

Охирги йилларнинг ўзида Германия инвестициялари ҳажми 4 млрд еврони ташкил қилди, қўшма корхоналар сони икки баробарга кўпайди. Ўзбекистонда CLAAS, Knauf, Gunter Papenburg, Linde Group ва Falk-Porsche-Technik каби Германия иқтисодиётининг «локомотивлари» муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон томонидан бош вазир раислигидаги Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ҳамкорликни мунтазам мувофиқлаштириб боришнинг муҳим механизмига айланди.

Президент ушбу ташриф давомида эришилган муҳим келишувлар ва истиқболга мўлжалланган режаларни амалга оширишда асосий ролни айнан ишбилармон доиралар ўйнаши мумкин ва лозимлигини қайд этди.

Хусусан, куни кеча ўтган Ўзбекистон-Германия бизнес форуми доирасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва технологик шерикликни кенгайтириш бўйича 9 млрд евролик янги савдо, молия ва инвестиция битимлари имзоланди.

«Яшил» энергетика, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кимё, тоғ-кон, автомобиль, тўқимачилик, электротехника саноати ва бошқа йўналишлардаги катта лойиҳалар шулар жумласидан.

Банк-молия соҳасида, шу жумладан Германиянинг Deutsche Bank, Commerzbank, KfW ва Landesbank каби энг йирик банклари билан лойиҳаларни молиялаштириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётидаги кенг кўламли ва жиддий тебранишлар шароитида Германия бизнеси учун самарали ва ишончли макон бўлишга тайёрлигини таъкидлади.

германия, президент

Шу мақсадда инвесторлар учун зарур шароитлар ва ноёб имкониятлар, қулай фискал тизим яратилган — солиқлар сони камайтирилди, ҚҚС ставкалари пасайтирилди, бир қатор божхона божлари бекор қилинди. Маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди.

Ўзбекистоннинг янги Конституциясига мувофиқ, хусусий мулк дахлсизлиги кафолатлари кучайтирилди, давлат ҳалол рақобат ва суд тизими мустақиллиги учун шароит яратишига оид қоидалар аниқ мустаҳкамлаб қўйилди.

Эндиликда инвесторларнинг ҳуқуқлари таъминланиши ва уларнинг судда ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланиши алоҳида қайд этилди. Бундан буён тадбиркорлар эмас, давлат идоралари ўз қарорларининг қонунийлигини исботлашга мажбур. Шунингдек, юзага келадиган ҳар қандай ноаниқликлар инвесторлар фойдасига ҳал этилади.

«Хорижий инвестор Ўзбекистон деганда, биринчи навбатда, барқарорлик, ишончлилик ва келажак учун хотиржамликни кўз олдига келтириши лозим, — деди Шавкат Мирзиёев — Ҳар бир германиялик тадбиркор мамлакатимизда ўзини эркин ва дадил ҳис этиши учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз. Германиянинг илғор ишланмалари ва инновацион технологияларни Ўзбекистоннинг ресурслари ва инсон салоҳияти билан бирлаштирсак, катта натижаларга эриша оламиз».

Тадбиркорлар билан мулоқот Германия бизнес ҳамжамиятининг ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши катта эканини яна бир бор намойиш этди.

Фикр алмашиш чоғида ГФР ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий аҳамиятини юксак баҳолаб, бу юртимизда инвестициявий фаолият юритиш бўйича Германия бизнесининг энг дадил ва узоқ муддатли режаларини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини таъкидладилар.

Учрашувда Германия компаниялари раҳбарлари аниқ таклифларини айтди. Устувор соҳаларда юқори технологик ва инновацион ечимларни жорий қилган ҳолда амалий ҳамкорликни давом эттириш ва кооперацияни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Германия бизнеси вакилларига долзарб ташаббуслари учун самимий миннатдорлик билдириб, мулоқот мазмунли бўлганини мамнуният билан қайд этди ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш, умуман, ташриф доирасида эришилган келишувларни амалга оширишни назада тутувчи «йўл харитаси»ни тасдиқлашга топшириқ берди.