Фарғона вилояти Тошлоқ туманида бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчисининг онаси томонидан калтакланди. Бу ҳақда «Bu kun» информацион дастурида маълум қилинди.

Таъкидланишича, ушбу ҳолат Тошлоқ туманидаги 38-сонли умумий ўрта таълим мактабида кузатилган. Асли андижонлик бўлган 33 ёшли аёл ўқувчиларнинг кўз ўнгида ўқитувчини ҳақоратлаган.

Воқеа содир бўлган куни мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчи қизга мактабга ота-онаси билан келишини айтиб, талаб қўйган. Бу эса қизнинг онасини ғазаблантирган. Шундан сўнг келиб жанжал кўтарган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан 6 млн сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Фарғона вилоят суди судяси Дилноза Холиқназарованинг сўзларига кўра, апелляция судини кўриш давомида жабрланувчи Исроилова ўқувчининг онаси Тўйчиева сабабсиз синфхонасига кириб келиб, вояга етмаган ўқувчилари ҳамда бошқа ўқитувчилар олдида қадр-қимматини камситиб, сочидан тортиб, тан жароҳати етказганлиги, тергов давомида ҳамда биринчи босқич суди мобайнида уларга ярашув ҳуқуқи тушунтирилганлиги, аммо бирор марта ҳам Тўйчиева ундан кечирим сўрамагани сабабли ҳам у аёлни кечирмаслиги ҳақида кўрсатув берган. Тўйчиевага нисбатан қонуний жазо қўллашни сўраган.

Қайд этилишича, Тўйчиева апелляция судида оилавий шароити ҳамда вақтинча ишсиз бўлгани учун жаримани тўлай олмаслигини айтган. Лекин унинг ўқитувчидан кечирим сўрамагани ва жабрланувчига зарар миқдори қайтарилмагани туфайли суд қарори ўзгаришсиз қолдирилган.