«Сурхон» давлат қўриқхонасидан Бухоро тоғ қўйининг боласини ноқонуний олиб кетишга уринган икки эркак ушланди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, табиат ресурслари вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳамда ДХХ чегара қўшинлари ходимлари томонидан «Сурхон» давлат қўриқхонасида тезкор рейд тадбири ўтказилган. Тадбир давомида қўриқхонанинг «Вандоб» бўлими «Гўрдара» массиви қўриқлаш зонасида икки фуқаро «Қизил китоб»га киритилган Бухоро тоғ қўйининг бир бош боласини ноқонуний олиб кетаётганида қўлга олинган.

Тезкор суриштирувлар натижасида ҳуқуқбузарлар Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги «Хўжамаҳмуд» маҳалласида яшовчи А. Ж. ва «Чучуққудуқ» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ғ. Ж. эканлиги аниқланган.

«Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, бир бош Бухоро тоғ қўйи боласи ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилди. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 82-моддаси 1-қисми (Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш)га асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Қайд этилишича, Бухоро тоғ қўйининг боласи ҳозирда қўриқхонада ветеринария назорати остида сақланмоқда. Аниқланган ҳолат юзасидан бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.