30 апрель соат 8:00 дан Ўзбекистон бўйлаб янги таҳрирдаги Конституцияси лойиҳаси бўйича референдум бошланди. Референдум участкалари овоз берувчиларни мусиқа садолари билан кутиб олмоқда. «Газета.uz» пойтахтдаги референдум участкаларида жараён қандай бошлангани тўғрисида фоторепортаж тайёрлади.

Шайхонтоҳур тумани 421-референдум участкаси

Ушбу референдум участкасида соат 7:40 лардан бошлаб овоз кучайтиргичлар орқали ватан ҳақидаги қўшиқлар янгради. Бу вақтда участка вазифасини ўтаётган мактаб ҳовлисида 5−6 нафа фуқаро овоз бериш бошланишини кутиб ўтирганини кўриш мумкин эди.

Соат 8:00 да участкага ўрнатилган овоз кучайтиргичларда Ўзбекистон мадҳияси янгради. Шундан сўнг овоз берувчилар рўйхатдан ўтиб овоз беришни бошлади.

Шайхонтоҳур тумани 376-референдум участкаси

Ушбу участкада овоз бериш жараёнлари мадҳиядан сўнг отахонлар дуоси билан бошланди.

Қайд этиш керакки, 376-референдум участкасида овоз беришда илк марта қатнашаётганларга совғалар берилди.

Мирзо Улуғбек тумани 35-референдум участкаси

Мирзо Улуғбек туманидаги 35-референдум участкаси Қуролли кучлар ётоқхонасида ташкил этилди. Жараён эрталаб соат 08:00дан Ўзбекистоннинг миллий мадҳияси билан бошланди.

Ундан сўнг ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар янграшда давом этмоқда. Участка раиси Дурдона Қосимованинг сўзларига кўра, жараённи мадҳия билан бошлаш ҳар бир ҳудуднинг ўз ташаббусидир.

«Буни ватанпарварлик деб биламан, давлатимиз Конституциясига ўзгартириш киритиляпти, бу сиёсий тадбир. Бу ҳамманинг ўзининг ташаббуси», — деди у.

Аслида, Ўзбекистон мадҳияси тўғрисидаги қонуннинг 3-моддаси 11-бандида мадҳия овоз бериш ўтказиладиган биноларда соат 8:00 да ижро этилиши белгиланган.

Таъкидланишича, ушбу мусиқа учун техникалар ҳудуднинг ўзига тегишли буюмлардир. Қайсидир участкаларга бундай қурилмаларни олишда ҳокимият ҳам ёрдам берди, биздаги эса ўзимизники, дейди Дурдона Қосимова.

Мазкур сайлов участкасида 2419 нафар сайловчилар бор. Участка раиси ўз овозини бериш учун тонгги соат 06:30 дан келганлар ҳам борлигини, «Қачон очасизлар?» деганлар ҳам борлигини айтиб ўтди.

«Газета.uz» кун давомида овоз бериш жараёнини ёритиб боради.