Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — тарихчи, Шарқий Англия университетида associate professor бўлиб ишлаётган Шерзод Мўминов.

Мутолаа ҳақида

Китоб нафақат илм манбаи, балки фикрни ривожлантириш, ақлни чархлаш, дунёқарашни кенгайтириш воситаси ҳамдир. Амалий нуқтаи назардан, китоб ўқиш тил ўрганиш, маълумотларни таҳлил қилиш, илмий ёки оммабоп текстлар ёзиш каби кўникмалар ҳосил қилишда кўмакчи бўлади. Турли жанр ва услубда ёзилган китоблар ўқиш китоб ёзишда ҳам жуда фойдали: нафақат инглиз ва бошқа чет тилларини, балки китоб ёзишни айнан бадиий ва бошқа асарлар ўқиш орқали ўрганганман, десам муболаға бўлмайди. Бир нафасда ўқиладиган матн ёзиш қанчалик қийинлиги, ёзувчи меҳнатини қадрлаш муҳимлигини тушунганман. Ўзим китоб ёзиб, чоп қила олишимга бўлган ишонч, ёзишда асқатган билимларни айнан ўқиш орқали шакллантирганман. Китобимни ёзиш жараёнида унга ўқувчи назари билан қараш муҳимлигини ҳам.

Кунимни одатда китоб ўқишдан бошлайман. Эрталаб дарсим бўлмаган кунлари, бир пиёла аччиқ қора қаҳва билан, деразадан тушиб турган тонг ёруғида китоб ўқийман. Бу жараён олдинда турган куним учун ниҳоятда муҳим — шу тарзда миямни уйғотаман. Нонушта танамга озуқа берганидек, китобдаги сўзлар ақлимга қувват бўлади. Яхши китоб кайфиятимни кўтаради, тасаввуримни машқ қилдиради.

Қандай китоблигига қараб, китобларни турлича ўқийман. Касбим китоб ўқиш (ва ёзиш) бўлгани учун хоҳлаган бир пайтда бир нечта китоб ўқиётган бўламан.

Илмий тадқиқотим учун ўқийдиган китобларимдан ташқари (буларни одатда қисман ўқийман, бошидан охиригача ўқиб тугатишга вақт етмайди), илмий журналлар илтимосига кўра тақриз ёзиш учун ўқиладиган китоблар ҳам бор. Ишдан ташқари вақтда албатта битта бадиий китоб ўқийман. Илмий китобларни, у китоб меники бўлса (яъни, кутубхонадан олинган бўлмаса), муҳим ёки тадқиқотимда ишлатишим мумкин бўлган гапларнинг тагига қалам билан чизиб ўқийман. Олдинлари, айниқса янги китоб сотиб олганимда, бундай қилишга қўлим бормасди, аммо йиллар ўтиб, ўқилган китобларнинг аксарият қисми хотирада қолмаслигига амин бўлганман. Орадан бир ой ўтар-ўтмас, ўрганганларимнинг кўпи элакка қуйилган сувдек хотирадан чиқиб кетади. Шу сабаб, вақт ўтиб яна китобни очганимда эслашим керак бўлган қисмларининг тагига чизаман. Китобга жабр бўлмасин деб, юмшоқ қалам билан, кейин ўчирса бўладиган қилиб чизаман.

Охирги йилларда китобларни асосан инглиз тилида ўқийман, лекин ўзим ўрганаётган чет тилида китоблар ўқиб туришга ҳаракат қиламан. Бошида қийин бўлишига қарамасдан, луғат ёрдамида, сабр билан ўқиб борилса, орадан вақт ўтиб тил билимини китоб ўқиш орқали ошириш мумкинлигига ишонаман. Мисол учун, япон тилида роман ўқишни бошлаганимда, ҳар икки гапда бир луғат титкилаш қийин бўларди, бу жараёнда роман ўқишдан олинадиган завқ ҳам деярли йўққа чиқарди. Аммо сўз бойлигим ортиб боргани сари, луғатга мурожаатларим камая борди, ҳозирда жуда қийин романлардан ташқари унча-мунча китобларни деярли луғатсиз ўқий оламан. Муҳими, бўш келмасдан, мунтазам ўқиб бориш.

Ҳозир ўзбек тилига кўплаб китоблар таржима қилинмоқда. Бу албатта яхши. Аммо дунёнинг асосий тилларида, энг камида инглиз тилида китобларни бемалол ўқий оладиган ёшларимиз кўпайгани яхши. Таржималар кўпаяверади, аммо улар ҳамиша сон ва сифат жиҳатидан оригинал китоблардан орқада юриши табиий. Ҳозирги замонда китоб дўконига ҳам бормасдан, электрон форматда хоҳлаган китобни сотиб олиш мумкин. Тилни билиш ўқувчига таржима чиқишини кутиб ўтирмасдан, ўзи хоҳлаган билимни хоҳлаган пайтида ўқиб-ўрганиш имконини беради.

Яқин бир йилда ўқилган китоблардан тавсиялар

Қуйида яқин ўтмишда ўқиган китобларим орасидан менга ёққан бир нечтасини келтираман. Тарихчи бўлганим учун, буларнинг кўпи соҳамга оид китоблардир, аммо орасида умумий мавзуларга доир ва бадиий асарлар ҳам бор.

Edward Posnett. Strange Harvests: The Hidden Histories of Seven Natural Objects. Viking Press нашриёти, 2019 йил. 323 саҳифа

китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, шерзод мўминов

Баъзида кутубхона ё китоб дўконида бирор бир китоб номи ёхуд муқовасига қараб қўлимга оламан, биринчи саҳифасини ўқийман. Кўпинча жойига қайтариб қўяман — китоб ёқмагани учун эмас, балки ўқиб тугатишим керак бўлган китоблар ҳаддан ташқари кўплиги сабаб. Аммо Поснеттнинг «Ғалати ҳосиллар» асари илк сатрларидан диққатимни тортган: китобнинг биринчи боби исландиялик аҳоли ва шимол ўрдаклари ўртасида ёзилмаган «шартнома» ҳақида ҳикоя қилади.

Пати ниҳоятда нозик ва қимматбаҳо бўлган ўрдакларни тухум қўйиш пайти йиртқичлардан асраган одамлар қушлар кетгач, инларда қолиб кетган ноёб патни йиғиб, сотиб кун кечиради. Ўрдаклар ҳам улардан чўчимай, ишонч билан полапонларини дунёга келтиради. Шимол ўрдагининг пати шундай «ғалати ҳосиллар»дан бири бўлиб, жаҳон бозорида нархи жуда баланд. Китобда яна олти турдаги шундай ноёб ва «ғалати» ҳосиллар ҳақида ҳикоя қилинади.

Tim Harper. Underground Asia: Global Revolutionaries and the Assault on Empire. Penguin нашриёти, 2021 йил. 864 саҳифа

китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, шерзод мўминов

Кембриж университети тарихчи профессори, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари бўйича мутахассис Тим Ҳарпернинг салмоқли бу асари ўтган аср бошларида Европа мустамлака тизимларига қарши чиққан Осиёдаги инқилобчилар ҳақида. Саноат инқилоби ва технологиялар ривожи натижасида юзага келган янги дунёни гоҳ эркин, гоҳ махфий кезган бу қўзғолончилар ўз миллатларининг чет эллик «оғалар»дан эркин бўлиши йўлида жонларини ҳам беришга тайёр бўлади. Ҳарпер бу иши билан шу пайтгача Европани дунё марказига қўйиб келган тарихга танқидий назар ташлаб, империяларнинг емирилишида мустамлака юртларнинг жасур вакиллари саъй-ҳаракатлари, уларни боғлаб турган халқаро ришталарни турли тилдаги архивларга асослаб ёритиб берган.

Anna Sherman. The Bells of Old Tokyo: Travels in Japanese Time. Picador нашриёти, 2019 йил. 352 саҳифа

китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, шерзод мўминов

Шаҳарларга меҳрим бўлакча. Улар ҳақидаги китобларни ҳам севиб ўқийман. Шаҳарлар ичида Токиони бошқача яхши кўраман. Бу ажойиб китобда Токиода яшовчи америкалик ёзувчи Анна Шерман шаҳар тарихи ва бугунини унинг эски ибодатхона қўнғироқлари орқали сўзлаб беради. Гавжум метрополиснинг яширин бурчакларидан мозий изларини қидирган Шерман ҳар қадами тарихий аҳамиятга эга кўчалар, эски бинолар ва улар билан чамбарчас боғлиқ инсон тақдирларини моҳирона ҳикоя қилади. Шерманнинг маҳорати орқали Токиони яхши билган ўқувчи ҳам, у ерда бирор марта бўлмаганлар ҳам қават-қават тарих остидан бизгача етиб келадиган қўнғироқ овозларини тинглайди, узоқ ўтмиш инсонлари ҳис қилган туйғулару қайғуларга шерик бўлади.

Dave Eggers. The Every. Vintage Press нашриёти, 2021 йил. 580 саҳифа

китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, шерзод мўминов

Ижтимоий тармоқларнинг ҳаётимиздаги ўрни ортиб бораётганидан ҳавотирланишимиз лозимми? Америкалик ёзувчи Эггерснинг янги романи замонамизни ҳажв қилади. Унда The Every деган технологик компания — уни Facebook, Apple ва Amazon’нинг йиғиндиси деса бўлади — дунёни эгаллаб олиши қизиқарли қаҳрамонлар ҳаёти орқали ёритилган.

Jonathan Haslam. Spectre of War: International Communism and the Origins of World War II. Princeton University Press нашриёти, 2021 йил. 504 саҳифа

китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, шерзод мўминов

Кембрижнинг яна бир тарихчи профессори Жонатан Ҳаслам — Совет Иттифоқи тарихи бўйича мутахассис. Турли давлатлар архивларида олиб борилган тадқиқотлари натижаси бўлмиш бу китоб икки жаҳон уруши орасида Европа давлатлари етакчи синф вакилларининг Совет Иттифоқи ва коммунизмдан хавотири ҳақида ҳикоя қилади. Бу хавотир шунчалик кучли ва кенг тарқалганки, коммунизмни асосий душман деб билган Европа 1933 йили Германияда ҳокимият тепасига келган Ҳитлерга нисбатан ҳам бу даражада жиддий ёндашмайди. Икки зулм орасидан энг хавфлиси деб улар Совет Иттифоқини танлайди.

Китоб нафақат яхши ёзилган — у шу давргача Ғарб давлатларида ҳукм суриб келган парадигма, яъни бутун Европа нацизмга қарши бўлган, деган ғояни сўроқ остига олади. Ҳасламнинг хулосаси шуки, коммунизмдан чўчиган Ғарб ҳақиқий хавф бўлмиш фашизмни жиддий қабул қилмайди.

Yu Miri. Tokyo Ueno Station. Tilted Axis Press нашриёти, 2019 йил. 197 саҳифа

китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, шерзод мўминов

Япон империяси даврида мустамлака Кореядан Японияга кўчган корейслар авлодидан бўлмиш япон ёзувчиси Ю Мирининг «Токио, Уэно бекати» романи Япония ва дунёда охирги йилларда энг кўп ўқилган асарлардан бўлди. Роман Токионинг Уэно паркида уйсиз тиланчи бўлиб кун кўрадиган, ёши ўтган эркакнинг қийноқли хотираларига асосланган. Бош қаҳрамон Казу асли Фукушима вилоятидан (2011 йилги табиий офатдан сўнг Ю Мирининг ўзи ҳам Фукушимага кўчиб ўтиб, талофат кўрган шаҳарларнинг бирида яшай бошлаган); тасодифга кўра, унинг ўзи император Акихито билан бир йилда, ўғли эса Акихитонинг ўғли (ҳозирги император) Нарухито билан бир кунда туғилган. Тақдир зарбалари ва оилавий фожиа меҳнаткаш Казуни уйсизликка етаклайди. Ю Мири император оиласига туташ бу тақдир орқали замонавий япон жамиятида ўсиб бораётган тенгсизликни танқид қилади. Ажойиб ва айни вақтда аянчли роман.

Timothy Brook. Vermeer’s Hat. Bloomsbury Press нашриёти, 2007 йил. 288 саҳифа

китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, шерзод мўминов

Хитой тарихи бўйича мутахассис Тимоти Брук ушбу оммабоп китобида XVII аср Ҳолландиясида юз берган саноат ва савдо инқилоби орқали глобаллашув жараёнига назар солади. Брукс бу даврда ижод қилган ҳолландиялик мусаввир Ян Вермеернинг олти асари орқали глобаллашув тарихи — узоқ ўлкаларга саёҳат, савдо-сотиқнинг кенгайиши, Европа империялари орасида савдо ҳуқуқи ва мустамлакалар устида рақобат, Осиёдан кириб келган буюмларнинг янги давр Европаси шаклланишидаги ўрни каби мураккаб жараёнларни қизиқарли тарзда ҳикоя қилади. Саноат ва савдо ривожланиши оқибатида юзага келган янги дунё Тимоти Брук қалами остида кўз ўнгимизда аста-секин гавдаланади.

Ёшларга тавсияларим

Қизиқишлар хилма-хиллигидан ташқари, кундалик ҳаёт, иш, дарс ва оилага сарфланадиган вақтдан ортиб китоб ўқиш ҳамиша ҳам осон эмас. Иши ва турмуш шароитига кўра китоблардан йироқ яшайдиган инсонлар ҳам бор. Шундай инсонларга ҳам ўзингиз учун қизиқ бўлган бирорта китобни ўқиб кўринг, деган бўлардим. Шунчаки вақт ўтказиш ёки китобдаги воқеаларга қизиқишдан ташқари, фикрлашингизга ижобий таъсир қилади. Дунёга теранроқ қарайсиз.

Яна бир тавсиям: кенг мавзуларда, мутахассислигингиздан узоқ соҳалардаги китобларни ўқинг. Ўзингиз яхши тушунмаган мавзу ёки жараёнларни содда ва қизиқарли тушунтирган китоблар талайгина. Кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб бўлмайдиган нарсаларни тасаввур ойнасида акс эттира оладиган ажойиб ёзувчиларнинг асарларини ўқинг.

  • Марк Аврелийнинг «Ўйлари», Сенеканинг «Луцилийга хатлар«ини тавсия қиламан. Стоиклар фалсафаси намояндалари ҳисобланган Рим императори Марк Аврелий ва файласуф Сенека, замондошларидан фарқли ўлароқ, фалсафага баҳсларда ғолиб чиқиш ёки чиройли нутқ сўзлашда бир восита сифатида қарамаган. Стоиклар учун фалсафа ҳаёт машаққатларини енгиб ўтиш, донишмандликка етишиш, табиат билан уйғунлашишга етакловчи йўл эди.
  • Инглиз тилидаги янги давр тарихи асосчиларидан бири Эрик Хобсбом асарларини, айниқса, унинг 200 йиллик янги тарихни қоплаган тўртлигини замонавий дунёнинг шаклланишига қизиқадиган барча ўқувчиларга тавсия қиламан. Хобсбомнинг билим доираси ниҳоятда кенг, аммо унинг асарлари мураккаб жараёнларни осон таърифлай олиши билан диққатга сазовор.
  • Ҳозирда инглиз тилида бадиий асар ёзадиган адиблар ичида, назаримда, америкалик Кормак Маккартига тенг келадигани йўқ. Маккарти романлари АҚШ тарихига асосланган, даҳшатли воқеалар ва аёвсиз табиат қўйнида, узун йўлда саргузаштлар ва машаққатларни енгиб ўтадиган қаҳрамонларга бой асарлардир. Унинг энг машҳур романи «Йўл» («The Road») эса тарих эмас, инсониятни кутаётган даҳшатли келажакни тасвирлайди — бир пайтнинг ўзида қўрқинчли ва умидли, ажойиб романдир. Маккартининг «Йўл»ини илк ўқиганимда, у ёзган ҳар бир сатрни ўқиб чиқишга ўзимга ўзим ваъда берганман.
  • Жанубий африкалик ёзувчи Жон Максвелл Кутзее ҳам шундай ёзувчидир.

Булардан ташқари, йиллар давомида ўқиган китобларим орасидан қуйидаги китобларни одатда дўстларимга тавсия қиламан. Буларнинг ҳар бири менга қадрдон бўлиб қолган, десам муболаға бўлмайди; ҳар бири ҳақида юзлаб сўз ёзишим мумкин эди. Ёшларимиз шулар орасидан янги асар ёки янги муаллиф кашф қилишса, жуда хурсанд бўламан:

  • Orhan Pamuk. «İstanbul — Hatıralar ve Şehir», «Masumiyet Müzesi»;
  • John Dower. «Embracing Defeat: Japan in the Aftermath of World War II»;
  • Margaret Atwood. «The MaddAddam Trilogy (Oryx and Crake; The Year of the Flood; MaddAddam)»;
  • Murakami Haruki. «The Wind-Up Bird Chronicle»; «What I Talk About When I Talk About Running»;
  • W. G. Sebald. «Austerlitz»; «Rings of Saturn»;
  • Александр Солженицин. «Архипелаг ГУЛАГ»;
  • David Mitchell. «The Thousand Autumns of Jacob de Zoet»;
  • Cal Newport. «Deep Work: Rules for Focused Success in a Distracted World»;
  • John McPhee. «Draft No. 4: On the Writing Process»;
  • China Mieville. «The City and the City»;
  • John le Carré. «A Perfect Spy»; «The Spy Who Came In From the Cold»;
  • Jeffrey Eugenides. «The Marriage Plot»;
  • Владимир Сорокин. «День опричника»;
  • Alain de Botton. «Essays in Love»;
  • Neil MacGregor. «A History of the World in 100 Objects»;
  • Аркадий и Борис Стругацкие. «За миллиард лет до конца света», «Пикник на обочине»;
  • John Updike. «Rabbit Angstrom novels»;
  • Olivia Laing. «The Lonely City»;
  • Tawada Yōko. «The Last Children of Tokyo»;
  • Jonathan Franzen. «The Corrections»;
  • Timothy Snyder. «Bloodlands: Europe between Hitler and Stalin»;
  • Tony Judt. «The Memory Chalet»;
  • E. L. Doctorow. «Ragtime»;
  • John Fowles. «The Collector»;
  • Abe Kōbō. «Ark Sakura»;
  • Yoshida Kenkō. «Essays in Idleness (Tsurezuregusa)».

Тавсиялар сўнгида ўзимнинг ўтган йили чоп қилинган китобимга ҳам ҳавола қолдирсам. Китоб 1945−1956 йиллар оралиғида Совет Иттифоқида асирликда бўлган 600 мингдан ортиқ япон аскарларининг тақдирига бағишланган. PhD диссертация сифатида бошланган бу китобни япон, рус ва инглиз тилларидаги архив манбалари ва хотираларга асосланиб ёзганман.