Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Тошкент шаҳар комиссиясига Юнусобод туманидаги «Йўлайриқ» маҳалласи номини «Обиҳаёт» деб ўзгартириш бўйича таклиф келиб тушди, дея хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати. Қайд этиш жоиз, шаҳар маъмурияти бу каби мурожаатлар ҳақида биринчи марта очиқ маълумот берди.

Шаҳар ҳокимлиги жамоатчиликка ушбу масалани қонунчиликка мувофиқ муҳокама қилишни таклиф қилиб, фуқароларни ўз фикрини оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда билдиришга чақирган. Маҳаллий аҳоли ўз фикрларини 12 майга қадар +998−71 210−04−13 телефон рақамига қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги (100060, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Ислом Каримов шоҳ кўчаси, 51-уй)га хат ёзиб ёки geonom@digitaltashkent.uz электрон почта манзилига мурожаат қилиш орқали билдириши мумкин.

Маҳалла номини нега ўзгартиришмоқчи?

Ҳокимлик матбуот хизмати ўз эълонига маҳалла номини ўзгартириш таклифи бўйича ҳужжатларни илова қилган. Улар орасида Юнусобод тумани ҳокимлигида туман ҳокими Баҳодир Абдувалиев раислигида 2023 йил 28 март куни ўтказилган йиғилиш баёни ҳам бор. Туман ҳокими бир вақтнинг ўзида Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссия раиси ҳам ҳисобланади.

Маълум бўлишича, «Йўлайриқ» маҳалласи 1987 йилдан 2016 йилга қадар «Шодлик» деб номланган. Маҳалланинг кекса ёшдаги нуронийлари фикрига кўра, маҳалланинг ўзига хос тарихи мавжуд — қадимда Буюк Ипак йўли карвони «Йўлайриқ» номли карвонсаройда тўхтаб ўтган, ушбу карвонсарой эса ҳозирги маҳалла яқинида бўлган.

«Маҳалланинг ўша вақтдаги раиси Х.Юнусов, саноқли маҳалла фаоллари ва кексалар фикрига кўра, тарихий аҳамият касб этишини истаган ҳолда „Шодлик“ номини „Йўлайриқ“ номига ўзгартириш таклифи бир овоздан маъқулланган ва шу ном берилган», — деган йиғилишда сўзга чиққан туман ҳокими.

Ҳокимнинг қўшимча қилишича, ҳозирги кунда «Йўлайриқ» маҳалласида ёш оилалар ўртасида ажрашишлар ва ҳар хил низолар бўлаётгани ушбу ном билан боғлиқ, дея маҳалла аҳли томонидан эътироз бўлмоқда, шу боисдан унинг номини «Обиҳаёт» дея ўзгартириш тўғрисида таклиф билдирилган.

Йиғилишда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ж.Набиев ҳам сўзга чиқиб, «маҳаллага у ёки бу номнинг берилиши нима учун оилалардаги ажримларга таъсир қилиши», шунингдек, «Йўлайриқ» карвонсаройи бошқа маҳалла ҳудудига тўғри келиши ҳақида гапирган.

«Комиссия аъзолари ва йиғилиш иштирокчиларига шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, туманда жойлашган маҳаллаларга географик ном беришда унинг ўтмиши, тарихи, аҳоли ва ёшлар учун келажакда қанчалик аҳамият касб этишини ўрганиб, сўнг тўғри ном бериш керак», — деб қўшимча қилган Набиев.

Йиғилишда маҳалла раиси А.Каримов ушбу масала маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари йиғилишида муҳокама қилиниб, маҳалланинг янги номи бўйича таклиф бир овоздан маъқулланиб, тегишли қарор ҳам қабул қилинганини маълум қилган.

Туман ҳокимлигидаги йиғилиш якунида «Йўлайриқ» маҳалласининг номини «Обиҳаёт» деб ўзгартириш бўйича таклифни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шу қарор асосида Географик объектларни номлаш ва қайта номлар масалалари бўйича Тошкент шаҳар комиссиясига мурожаат қилинган.

Маълумот учун, 2022 йил январида «Маҳалла» газетасида эълон қилинган «Одамлар қачонгача маҳалласи номидан уялиб яшайди?» сарлавҳали мақолада ««оғизга келган гапни вайсаган»дек, бўлар-бўлмас» номли маҳаллалар қаторида Юнусободдаги «Йўлайриқ» маҳалласи ҳам санаб ўтилган эди.