27 апрель куни Open budget ахборот портали ичидаги «Менинг йўлим» лойиҳасига таклиф киритиш босқичи якунланди, дея хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

Туман (шаҳар) бюджетларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг камида 50% қисмини фуқаролар фикри асосида йўналтириш режалаштирилган. Бу мавсумда республика бўйича 10 317 та ташаббусли таклиф рўйхатга олинди.

Киритилган таклифларга овоз бериш жараёни 28 апрель куни бошланиб, 7 май куни соат 18:00 га қадар давом этади.

17 апрелдан Open budget порталида «Менинг йўлим» лойиҳасининг 2023 йилги мавсуми учун аризалар қабули бошланганди. Лойиҳага 312 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилади.

Бу тизим «Ташаббусли бюджет» жараёнларидан фарқли ўлароқ бир йилда бир маротаба ўтказилади.

Ушбу жараёнлар бевосита Open budget ахборот портали орқали амалга оширилади. Бунда ахборот порталига ички йўлларнинг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номлари, узунлиги, ҳолати (асфальтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотлари тўлиқ киритилади ҳамда фуқаролар ички йўллар реестридан геомаълумотлар асосида тегишли ички йўлни танлаш орқали ўз таклифларини қолдириш имкониятига эга бўлади.