Қорақалпоғистонлик мусиқачилар Германия, Бельгия ва Нидерландия давлатларида 11 — 28 апрель кунлари «Орол денгизи шамоллари» номли ижодий сафарда бўлди. Унда ёш истеъдодли бахши Азада Карлибай ва созанда Гумисай Бердиханлар қорақалпоқ эпик меросининг энг машҳур достонлари — «Ғарип-ашиқ» (Ошиқ Ғариб), «Саятхан-Харме» (Саятхан ва Ҳамра), «Базерген» (Базирган) «Алпамис»дан парчалар ҳамда халқ қўшиқларидан иборат 10 дан ортиқ концерт ва маҳорат дарсларини айнан қорақалпоқ тилида ижро этди.

Ижодий сафар ОXUS Culture нодавлат ташкилотининг Ўзбекистон маданиятини халқаро майдонга танитишдаги «Алба Култур» халқаро мусиқа бюроси билан биргаликда навбатдаги ҳамкорлик лойиҳаси ҳисобланади.

Ташкилот раҳбари Ҳусниддин Атонинг «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда таъкидлашича, «Орол денгизи шамоллари» қорақалпоқ бахшичилик йўналишидаги Европада энг узоқ давом этган профессионал концерт бўлиши мумкин. 11 апрелдан 28 апрелгача давом этган ижодий сафар 10 та концертни ўз ичига олган: Германияда 8 та, Бельгия ва Нидерландияда биттадан. Концертлар давомийлиги 1−1,5 соатни ташкил этган. Бундан ташқари, мактабларда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон маданияти ҳақида таништирув-маҳорат дарслари ҳам ўтилган.

«„Орол денгизи шамоллари“ дунё мусиқасининг Европадаги шинавандаларини яна бир бор Марказий Осиё, шунингдек, ўзбек ва қорақалпоқ заминига хаёлан саёҳат қилишлари, бу орқали эса Орол денгизи фожиасидан бохабар бўлишларига сабаб бўлди», — дейди Ҳусниддин Ато.

У лойиҳанинг ўзига 2 йил, созанда ва мусиқачилар билан эса 1 йил тайёргарлик кўрилгани ва жараён осон кечмаганини айтди.

«Истеъдодлар бирдан топилмайди. Узоқ вақт кузатилади, суриштирилади, профессионал мутахассисларнинг тавсияларига қулоқ солинади. Азада Карилбай ва Гумисай Бердиханлар ҳам қорақалпоқ мусиқаси бўйича профессионал мутахассисларнинг тавсияси билан танланган. Одатда, хориждаги номоддий маданий мерос тарғиботидаги ҳар бир сафарга камида бир йил, кўпида 4, 5, ҳатто 10 йиллаб тайёргарлик бўлади. Бу жараён ижодкорлар ва уларнинг ижод намуналарини халқаро саҳнага тайёрлашдан иборат. «Орол денгизи шамоллари»га икки йил тайёргарлик кўрдик. Тўғриси, осон бўлмади. Масофалар узоқ, улар Нукусда, мен Тошкентда эдим. Аммо қизлар буни уддалашди», — деб таъкидлади Ҳусниддин Ато.

Ҳусниддин Ато сафар нега «Орол денгизи шамоллари» деб номланганига тўхталиб ўтар экан, лойиҳа номи орқали ўша ҳудуд аҳолисининг маданий мероси, турмуш тарзига, ижро орқали эса Орол денгизи фожиаси, у ердаги экологик ҳолатга одамларнинг диққатини қаратиш мақсад қилинганини билдирди.

«Ижроларда Орол денгизи мадҳ этилган ҳеч қандай асар йўқ эди. Биз бирор фожиани ҳам кўрсатмадик. Бир ҳолатга одамларнинг диққатини қаратиш учун айнан ўша муаммони кўрсатиш шарт эмас. Санъаткорларнинг айнан ўша ҳудуддан эканининг ўзи катта фактор эди. Ном орқали ижрога, ижро орқали экология муаммосига диққатни қаратишни истадик», — дейди ОХUS Culture ташкилоти раҳбари.

Унинг таъкидлашича, қорақалпоқ санъати Европада илиқ кутиб олинди.

«Европа дунёнинг барча ҳудудларидаги санъатга очиқ. Улар кўплаб халқларнинг ижод намуналарини эшитиб кўришга доим тайёр. Тингловчилар қорақалпоқ эпик мероси ва халқ қўшиқларининг жуда ажойиб ва ўзига хослиги, аввал эшитиб кўрмагани, сўзларини тушунмаса-да, ижро жараёни орқали достонларни мияларида шакллантириб тушунишганини айтишди», — дейди Ҳусниддин Ато.

Унинг таъкидлашича, ижодий сафарда эпик мерос ижро этилгани учун асосий урғу сўзга қаратилган. Шунинг учун уларни тингловчиларга инглиз ёки немис тилларида тушунтириб ўтишга ҳам тўғри келган.

«Таржималарни қисман бажара олдик, лекин бу етарли эмас. Агар биз аудиторияни кенгайтиришни, эпик меросларимизни япон, испан, француз, умуман, жуда кўп миллатлар тушунишини истасак, достонларимизнинг тўлиқ таржимасини беришимиз керак бўлади. Бу жиддий тайёргарлик, жуда катта маблағни талаб қилади. Афсуски, ҳукуматнинг қўллаб-қувватловисиз бунга эришиб бўлмайди», — дейди ташкилот раҳбари.

Шунингдек, у номоддий маданий мерос тарғиботидаги бошқа бир муаммони ҳам санаб ўтди.

«Ўзбекистон маданиятини, имижини халқаро майдонга танитиш борасидаги 20 йиллик норасмий ва 10 йиллик расмий фаолиятимизга қарамасдан, биз ҳамон авиачипталарга муҳтожмиз. Қисқа ёки узоқ масофага бўлсин — фарқи йўқ — агар фақатгина авиабилетларимиз қоплаб берилса, Ўзбекистоннинг асл номоддий маданий мероси тарғиботи учун Сиднейдан Торонтогача профессионал концерт қўйишимиз мумкин. Ҳозирда фақатгина халқаро ҳамкорлик ташкилотларининг кўмаги ёрдамида сафарга чиқаётганимиз учун кичик-кичик жамоалар бўлиб қоляпмиз, у қадар кўп тарғибот ишларини олиб боролмаяпмиз, имкониятларимиз жуда чекланган», — дейди Ҳусниддин Ато.

Фото

oxuc culture, орол денгизи шамоллари, ҳусниддин ато

oxuc culture, орол денгизи шамоллари, ҳусниддин ато

oxuc culture, орол денгизи шамоллари, ҳусниддин ато

oxuc culture, орол денгизи шамоллари, ҳусниддин ато

oxuc culture, орол денгизи шамоллари, ҳусниддин ато

oxuc culture, орол денгизи шамоллари, ҳусниддин ато

oxuc culture, орол денгизи шамоллари, ҳусниддин ато

oxuc culture, орол денгизи шамоллари, ҳусниддин ато