Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва Ички ишлар органлари ҳамкорликда Тошкентда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйди. Бу ўтказилган тезкор рейд тадбирларида маълум бўлди, дея хабар бермоқда ДХХ ўзининг Telegram-каналида.

Унга кўра, Тошкент вилоятининг «Фарҳод» чегара-божхона постида Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида яшовчи, 1982 йилда туғилган аёл 1 кг 210 гр ва унинг 19 ёшли қизи 744 гр «гашиш» моддасини ўз эгнидаги кийимлари остига яшириб, божхона назоратидан ўтказишга уринган. Улар айни шу вақтда қўлга олинди.

Яна бир ҳолатда эса 1969 йилда туғилган бухоролик шахс 300 гр «опий» моддасини Чилонзор туманида қабул қилиб олган вақтида ушланди. Унга моддани сурхондарёлик 21 ёшли таниши озиқ-овқат маҳсулотлари солинган картон қути ичига яширган ҳолда, «Денов-Тошкент» йўналишида қатновчи машина орқали бериб юборган. Аниқланишича, бухоролик шахс аввал ҳам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Денов шаҳрида яшовчи фуқаро ҳам ушланиб, унинг уйидан 500 гр «опий» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қайд этилган ҳолатда 1993 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг ёнида 5 гр, яшаш хонадонида эса 649 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Яна бир ҳолатда Тошкент шаҳрида яшовчи, 1986, 1987 ва 1990 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро кетаётган «Ласетти» Бектемир туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, автомашина салони ва юкхонасида 698 дона «Тропикамид» ва 115 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 7 гр «Мефедрон» синтетик наркотик моддаси топилди. Маҳсулотлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилганда автомашина эгасининг уйидан 497 дона «Регапен» дори воситаси ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.