Жами 10 та давлатнинг 200 дан ортиқ фуқароси Судандан эвакуация қилингандан сўнг 26 апрель куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрига етиб келди, дея хабар берди Al Arabiya нашри Saudi Press Agency (SPA)га таяниб.

Таъкидланишича, Саудия Арабистони кўмаги билан Судандан эвакуация қилинганлар орасида Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Ўзбекистон (уларнинг шахси ҳақида маълумот берилмаган), Яман, Сингапур, Камбоджа, Малайзия ва Покистон фуқаролари бор.

SPA маълумотларига кўра, барча — 203 нафар эвакуация қилинганлар HMS Abha кемаси орқали келтирилган, қироллик «уларнинг ўз мамлакатларига жўнаб кетишига тайёргарлик кўриш учун барча зарурий эҳтиёжларни таъминлаб беради».

Эвакуация ишлари бошланганидан бери Судандан олиб келинганларнинг умумий сони тахминан 2351 кишини ташкил этади, шундан 119 нафари Саудия Арабистони фуқароси ва 2232 нафари 67 та давлат вакилларидир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Суданда 15 апрелда бошланган можаро туфайли камида 459 киши ҳалок бўлган, 4000 дан ортиқ киши жароҳатланган. Қуролли кучлар бошлиғи Абдел Фаттоҳ ал-Бурҳонга содиқ қўшинлар ва унинг рақибига айланган ўринбосари, Тезкор қўллаб-қувватлаш кучларига (RSF) қўмондонлик қилувчи Муҳаммад Ҳамдан Дагло ўртасида жанглар бўлиб ўтмоқда.