Украина президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак Озарбайжоннинг Haqqin.az ахборот-таҳлилий портали учун ўз мулоҳазасини ёзди. Мақола Марказий Осиё мамлакатларига бағишланган ва қаратилган. Худди шу мақолани тилида Туркиянинг Daily Sabah газетаси инглиз тилида эълон қилди.

Материалда Андрей Ермак Россия ва Украина ўртасидаги 2014 йилгача бўлган муносабатлар ҳамда Марказий Осиё минтақаси давлатлари ўртасидаги ўхшашликларни келтириб, метрополия таъсиридан чиқиб кетмоқчи бўлган давлат юқори нарх тўлашга мажбур бўлаётганини қайд этади.

«Россиянинг Украинага бостириб кириши халқаро муносабатларни Россия босқинчилик ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда «Европа концерти»нинг етакчи «дирижёри» бўлиб, Марказий Осиёда «Буюк ўйин»ни муваффақиятли ўйнаган XIX асрга қайтаришга қаратилган яна бир қадам бўлди. Шимолий Қора денгиз, Каспий денгизи орқали ўтувчи ҳамда Олтойда жойлашган Шимол ва Жанубни ажратиш чизиғи ҳали ҳам Кремль режаларини амалга оширишнинг калити бўлиб қолмоқда. Тўғрироғи, бу рус императорлик сиёсатининг устуни эди», — деб ёзади Андрей Ермак.

Бироқ, унинг таъкидлашича, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин мустақил давлат қурилишини тиклаган халқлар учун Россия минтақавий тортишиш маркази сифатида жозибадорлигини йўқотди.

«Ҳеч бўлмаганида у қўшниларига тенг ҳуқуқли шерикликни таъминлайдиган ва Россиянинг асосий ёки ҳатто ягона фойда олувчи позициясини эгаллашига йўл қўймайдиган бирон бир интеграция лойиҳасини таклиф қила олмади ва бунга уринмади ҳам. МДҲ, КХШТ, Евроосиё Иттифоқи — буларнинг барчаси кўп томонлама ҳамкорликнинг барча форматлари ҳозирги кўринишида ушбу эксклюзивликни сақлашга қаратилган», — дея таъкидлайди Украина президенти девонининг раҳбари.

Андрей Ермакнинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари учун тарихан кўп векторли ёндашув ташқи дунё билан мулоқот қилишнинг табиий усули ҳисобланади. «Украина ҳам токи Россиянинг императорлик шафқатсизлиги уни якуний танлов қилишга мажбурламагунча кўп векторли бўлишга интилган», — деб ёзади у.

«Москванинг амбицияларига нисбатан илтифот кўрсатилмагани сабабли унинг ҳудудий даъволарига фақатгина украиналиклар тўқнаш келаётгани йўқ. Биринчисини ҳам, иккинчисини ҳам Қозоғистондаги дўстларимиз яхши билишади. Украиналиклар ҳам, ўзбеклар ҳам қишнинг қаҳратонида газ шантажини бошдан кечирдилар. Худди Киев каби Бишкек ҳам Кремль ҳимоячиларининг экстрадиция қилиниши ва суд қилиниш имконияти қанчалик камлигини яхши билади. Душанбе ҳам, Украина Қрими ҳам Россия ҳарбий базаси қандай кучли босим воситаси эканлигини билади. Қолаверса, Ашхобод вилоятидаги наслчилик фермаси ҳам, „Буча“ от спорти клуби эгаси ҳам пойга отларини қотиллари муносиб жазоланиши борасида ҳамфикр деб ҳисоблайман», — деб ёзади Андрей Ермак.

Президент девони раҳбари, шунингдек, «Москванинг Россия иштирокисиз яратилган логистика ва энергетика транспорти лойиҳаларини кўмиб ташлаш одати ҳақидаги ҳазилни қадимий Ипак йўлининг ҳеч бир аҳолисига тушунтириш шарт эмас»лигини таъкидлади.

«Украина ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида кўрингандан ҳам кўпроқ умумийлик бор», — дея таъкидлади Андрей Ермак. У БМТда Украина резолюцияларига овоз бергани учун минтақа давлатларига миннатдорчилик билдирди. «Биз тушунамизки, маълум шароитларда ҳатто „бетараф“ ҳам жасоратнинг намоён бўлиши, тизимли „ҳа“ овози ҳақида гапирмаса ҳам бўлади», — таъкидлади муаллиф.

Андрей Ермакнинг қўшимча қилишича, Украинадаги воқеалар ҳақидаги маълумотлар кўпинча минтақа давлатларига «ўз ахборот майдонида Россиянинг кўп иштирок этиши туфайли катта бузилишлар билан» етиб боради. У шундай таъкидлайди: «Украинада содир бўлаётган воқеалар, Россия пропагандаси томонидан тақдим этилганидек, Москва ва Вашингтон ўртасидаги бевосита низо эмас. Биз одамлармиз, проксилар эмас. Бу урушда ҳамма нарса оддий: тажовузкор ҳам бор, тажовуз қурбони ҳам бор. Жабрланувчи барча мавжуд воситалар билан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Хусусан, чет элда ёрдам излаш. Аммо Россия «буюклик»га берилиб кетмаганида эди, бизга бу керак эмас эди. Замонавий дунёда буюклик забт этиш билан эмас, тиббиёт даражаси, таълим сифати, илғор технологиялар билан ўлчанади. Бироқ ўтмишдаги одамлар буни тушуна олмайдилар».

Украина президенти девони раҳбарининг қайд этишича, ҳарбий тажовуз ва санкциялар натижасида Россия қудратли давлатлар лигасидаги ўз ўрнини йўқотган. «Бу халқаро хавфсизлик тизимининг янада таназзулга учрашини англатади. Айниқса, Марказий Осиёда. Москва ўзининг узоқ йиллик ҳакамлик ролини сақлаб қолиш учун минтақадаги интеграция жараёнларига доимий равишда аралашиб келмоқда. Бу этник хариталарни ҳисобга олмаган ҳолда чегараларни чизиш императорлик амалиётининг давомидан бошқа нарса эмас», — деб таъкидлайди Ермак.

Муаллиф Россия афғон толибларини ҳанузгача террорчи ташкилот деб атаганига қарамай, улар билан яқин алоқалар ўрнатганига эътибор қаратади. У «Россия қайта-қайта рэкет стратегиясига мурожаат қилади: Кремль муаммо яратишга интилади ва кейин уни ҳал қилиш учун ўзининг (одатга кўра, муқобил бўлмаган ва жуда қиммат) хизматларини таклиф қилади».

Андрей Ермак Украина ҳамма қоидалар асосида яшайдиган дунёни тиклаш учун курашаётганини таъкидлади. «Биз нафақат олий геосиёсий лига аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайдиган халқаро муносабатлар тизимини яратишга интиламиз. Биз ўз келажагини белгилаш ҳуқуқи самарали хавфсизлик механизмлари билан кафолатланган ва тажовузкор мажбурий равишда жазоланадиган хавфсиз дунёга интиламиз», — деб ёзади у.

Украина президенти девони раҳбари Россиянинг «Украинадаги заифлашган» ҳарбий қудратини тиклашга уринишларига тўсқинлик қилаётган барча давлатларга, жумладан, Марказий Осиё давлатларига миннатдорчилик билдирди ва мақола охирида ўз номидан унинг мамлакати «халқаро муносабатларни ислоҳ қилиш учун очиқ платформа» бўлишини таклиф қилди.

«Агар Марказий Осиё давлатлари умумий манфаатлар учун янги, янада адолатли ва хавфсиз дунё тартиби ҳомийлари сафига қўшилса, биз миннатдор бўлардик», — дея хулоса қилди Андрей Ермак.