2023 йилдан бошлаб нодавлат мактаблар ҳам умумтаълим муассасаларининг рейтингида иштирок этади, дея хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Шу вақтгача миллий рейтингни тузишда қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинган 10 фоиз мактаблардаги 9-синф ўқувчиларининг билимлари баҳоланади. Ўқитувчилар ўртасида халқаро TALIS баҳолаш дастури методикаси асосида ижтимоий сўровнома ўтказилади.

2023 йилда мазкур жараёнларга янгилик киритиш мақсадида юртимизда фаолият олиб бораётган нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини ҳам баҳолаш назарда тутилмоқда.

Шу муносабат билан вазирлик миллий рейтингда иштирок этиш истагини билдирган нодавлат таълим ташкилотларидан рўйхатдан ўтишни сўради.

Маълумот учун, мазкур рейтингни тузиш ҳукуматнинг тегишли қарори асосида жорий этилган. Унда мактаб ўқувчиларининг фан бўйича эгаллаган билимлари билан бир қаторда ўқувчиларнинг ҳаётга тайёргарлик даражаси (билим даражаси, олийгоҳларга кириш кўрсаткичи, хорижий тилни билиш даражаси), педагогларнинг сифат таркиби ва салоҳияти (олий ва биринчи тоифага эга педагоглар улуши), мактаблардаги маънавий-маърифий ва ўқув-тарбиявий муҳит ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг мактаблар ривожи учун қўшган ҳиссасини инобатга олган ҳолда туман (шаҳар)лар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтинги тузиб келинмоқда.

2022 йилда барча мактаблар рейтингини аниқлаш учун республиканинг 14 та ҳудудидаги 207 та туман (шаҳар)ларда жойлашган 9954 (ўтган йилда 9622 та) мактаб фаолияти таҳлил қилинганди.