25 апрель куни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған сайлов кампанияси доирасида маҳаллий телеканалларга берган интервьюси чоғида ўзини ёмон ҳис қила бошлади ва эфир узилди. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Эфир қайта тиклангач, президент бу учун узр сўраб, ошқозонида муаммо борлигини билдирди.

Кейинроқ давлат раҳбарининг Telegram каналида унинг соғлиғи билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтилди. Ушбу муаммолар туфайли режалаштирилган бир қанча тадбирлар бекор қилинди.

«Бугун шифокорларимиз маслаҳати билан уйда дам оламан. Афсуски, бугун Қирққалъа, Ёзгат ва Сивасдаги биродарларим билан учраша олмаймиз. Вице-президент Фуат Октай бизнинг номимиздан дастурларда иштирок этади. Аллоҳнинг изни билан эртадан бошлаб дастуримизни яна давом эттирамиз. Биз севикли миллатимизни Туркиянинг асрий мақсадларига етказиш учун ишлашда давом этамиз. Шу муносабат билан барча фуқароларимизга сиҳат-саломатлик, тинчлик ва фаровонлик тилайман», — дейилади унда.

Кейинроқ Туркиянинг ҳукмрон партияси вакили Эркан Кандемир Twitter`даги саҳифасида Эрдўғон «Аккую» атом электр станциясига ядро ёнилғиси етказиб бериш муносабати билан ўтказиладиган маросимда шахсан қатнашмаслигини, аксинча, у тадбирда видео форматда иштирок этишини маълум қилди. Кандемир, шунингдек, президент иштирокида пайшанба куни ўтказилиши режалаштирилган сайловолди митинги бошқа санага кўчирилганини билдирди.

Миш-мишлар

Бу орада президент юрак хасталигига чалингани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Айрим Telegram каналларда «Балки Эрдоған билан боғлиқ нимадир… Путин Кремлга соат 21:58 да етиб келди» сарлавҳали видео эълон қилинди.

Унда Россия президенти Владимир Путин Москва вақти билан соат 21:58 да шошилинч равишда Кремлга қайтгани, бунга сабаб Эрдоғаннинг соғлиғи ёмонлашгани, россиялик шифокорлар Туркияга юборилаётган бўлиши мумкинлиги хабар қилинди.

Туркия раҳбари маъмуриятининг дезинформацияга қарши кураш маркази эса президентнинг юрак хуружига учрагани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Ижтимоий тармоқларда президент Эрдоғаннинг юрак хуружига учрагани ва касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади марказнинг Twitter`даги саҳифасида.

TRT Haber телеканалининг сўзларидан иқтибос келтирган Туркия вице-президенти Фуат Октайга кўра, президентнинг соғлиги яхши, у енгил шамоллаган.

Шундан сўнг Туркия президенти маъмурияти алоқа бўлими раҳбари Фахриддин Алтун ҳам президентнинг соғлиғида муаммолар борлиги ҳақидаги хабарларни рад этиб чиқди.

«Биз президент Эрдоғаннинг соғлиғига доир бундай асоссиз баёнотларни қатъий рад этамиз», — дейди у Twitter`даги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, 14 май куни Туркияда президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтади.