Ўзбекистон ҳукумати томонидан тўлиқ қайта таъмирланган Бобур номли Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг янги биноси 24 апрель куни фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда очилиш маросимида қатнашган «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.

Маросимда Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов, Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири биринчи ўринбосари Қайрат Иманалиев, ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султан Раев ҳамда санъаткорлар, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Фото: Маданият ва туризм вазирлиги ахборот хизмати

Театр директори Аъзам Абдураззоқовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, таъмирлаш ишлари Ўзбекистондаги «Trest 12» АЖ томонидан амалга оширилган. Қурилиш материаллари ҳам, жиҳозлар ҳам Ўзбекистондан олиб борилган. Таъмирлаш жараёнига Ўзбекистон томонидан 5 млн доллар маблағ ажратилган.

маданият ва туризм вазирлиги, озодбек назарбеков, ўш театри

Фото: «Газета.uz»

«Театр биноси 1980 йилда фойдаланишга топширилган. Маданият саройи бўлгани сабабли бу профессионал театр санъати учун жуда кўп ноқулайликларни келтириб чиқарган. Таъмирлаш жараёнидан сўнг бу маскан ҳақиқий театр биносига айланди. Қарийб 20 ой давом этган реконструкция ишлари жуда пухта режа асосида амалга оширилди. Театрда музей, актёрлар учун фитнес зали, овоз ва видео ёзиш студиялари, пардозхоналарда ювиниш учун шароитлар яратилди. Булар олдин умуман бўлмаган», — деди Аъзам Абдураззоқов.

Унинг қўшимча қилишича, театр ёнига узоқ йилдан буён шу ерда фаолият юритиб келаётган мақомчилар учун қулай зал қурилди. «Бу Қирғизистон мақом санъатининг ривожланишида муҳим аҳамия касб этиши, шубҳасиз. Қисқаси, театр биноси бугунги кун талабига жавоб берадиган даражада таъмирдан чиқди», — деди у.

Фото: Маданият ва туризм вазирлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ОАВ вакилларига берган интервьюсида театр янги биносини фойдаланишга топширилишини «ажобий бир тарихий воқеа» деб атади.

«100 йилдан буён фаолият юритиб келаётган мазкур ўзбек театри Марказий Осиёда ташкил этилган илк театрлардан бири ҳисобланади. Бу масканнинг саҳнаси ўзбекистонлик театр актёрлари учун ҳам жуда қадрли», — деди у.

маданият ва туризм вазирлиги, озодбек назарбеков, ўш театри

Фото: Маданият ва туризм вазирлиги ахборот хизмати

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон президентининг сиёсий иродаси туфайли мамлакатнинг қўшни давлатлар билан муносабатлари сезиларли даражада аслига қайтмоқда.

«Бу театр саҳнаси биз учун ҳам бегона бўлмайди. Ўзбекистондаги театрларга қандай эътибор қаратаётган бўлсак, бу театрга ҳам доим эътибор қаратиб, ёрдам берамиз. Бундан кейин ҳам ҳамкорликда ишлаймиз. Кейинги ойдан бу борадаги ишларни бошлаймиз. Қирғизистонга чегарадош вилоятлардаги театрларимиз билан худди бугунгидек ҳамкорликда спектакллар саҳналаштирилади. Бу спектакллар икки давлат бўйлаб ўтказиладиган ижодий сафарларда аҳолига намойиш этилади. Шунингдек, ушбу театр саҳнаси бўш турмаслиги учун ҳар ойда икки, учтадан ижодий лойиҳаларни қўйиш кўзда тутилмоқда. Бир сафар театрлар жамоаларини, бошқа сафар созанда ва хонандаларни концерт дастурлари билан [Ўзбекистондан] юбориш режалаштирилмоқда», — деди Назарбеков.

Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири биринчи ўринбосари Қайрат Иманалиевнинг таъкидлашича, театрни таъмирлаш жараёни салкам икки йил давом этди.

маданият ва туризм вазирлиги, озодбек назарбеков, ўш театри

Фото: «Газета.uz»

«Бу театрнинг 100 йиллик тарихи бор. Тошкентдаги ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театридан кейин очилган Ўрта Осиёдаги театрлардан бири. Бу ерда Ўзбекистон ва Қирғизистон халқ артистлари, хизмат кўрсатган санъаткорлар ишлаган. Театрда бир асрдан буён жаҳон, ўзбек ва қирғиз классикаси томошабинларга намойиш этиб келинмоқда. Таъмирлашга эҳтиёж туғилган ушбу театр Ўзбекистон томонидан тўлиқ қайта реконструкция қилинди. Таъмирлаш ишлари 2021 йилнинг кузида бошланган эди ва бу йил якунига етди. Бунинг учун театр жамоаси ва вазирлик раҳбарияти номидан раҳмат айтамиз. Бизнинг маданий алоқаларимиз асрлар мобайнида шаклланиб келган. Дўстлигимиз абадий, муносабатларимиз давомий бўлсин», — деди Қайрат Иманалиев.

Тадбир якунида Бобур номли Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри ҳамда Ўзбекистондаги бир қанча театрларнинг актёрлари иштирокида саҳналаштирилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолиятига оид «Айролиқ» номли тарихий спектакль намойиш этилди.

Спектаклдан кейин Озодбек Назарбековга қирғиз миллий чопони ва бош кийими, қамчи ҳамда Қуръони карим совға қилинди. Шунингдек, у Чингиз Айтматов номидаги мукофот билан тақдирланди.

Фото: Маданият ва туризм вазирлиги ахборот хизмати

Озодбек Назарбековнинг сўзларига кўра, театр саҳнаси ўзбек ва қирғиз халқларининг дўстлик саҳнаси бўлади.

«Қирғизистоннинг ҳам бошидан жуда кўп яхши-ёмон кунлар ўтди. Лекин ўша оғир кунларда ҳам актёрлар театрни ташлаб кетмади. Бир аҳволда ҳам шу актёрлар ҳар куни уйидан хонтахта, кўрпача кўтариб келиб, спектакль қўйишди, бир неча йил ушлаб туришди. Ҳаммасининг гувоҳимиз, биламиз, кўрганмиз. Шунинг учун бу нафақат қирғиз халқи ёки қирғизистонликлар, балки ҳамма учун қадрдон театр ҳисобланади. Бу театрнинг қайта қад ростлаши, фаолиятини яна қайта бошлаши ҳар иккала мамлакат учун ҳам ютуқ ва фахр, деб ўйлайман. Бу саҳна ўзбек ва қирғиз ижодкорлари учун тенг ҳуқуқдаги бир ажойиб дўстлик саҳнаси бўлади. Биз ҳам тез-тез ташриф буюриб турамиз. Бугун мени жуда кўп совға-саломлар билан сийлаб юбордингиз. Лекин бу ишлар, аввало, иккала давлат раҳбарлари ва уларнинг саъй-ҳаракатлари, сиёсий иродалари ҳамда ижодкорлар меҳнати сабабли амалга ошди», — деди Озодбек Назарбеков.

Эслатиб ўтамиз, театрнинг 100 йиллиги шарафига капитал таъмирлаш режалаштирилган эди. Ушбу қарор Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида қабул қилинган. Юбилей 2018 йил октябрь ойида нишонланиши керак эди, лекин уч йил олдин тадбир кўчирилди, чунки театр таъмирлашга муҳтож эди, деб ёзган эди Kloop нашри.

Маълумот учун, Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали-драма театри Ўрта Осиёдаги энг қадимги профессионал театрлардан бири ҳисобланади. У 1914 йилда Раҳмонберди Мадазимов томонидан ташкил этилган. 1992 йилда Қирғизистон мустақилликка эришгач, театр Бобурийлар сулоласи ва империяси асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур шарафига қайта номланган. Ундан олдин у инқилобчи Сергей Киров номида бўлган. Маданият масканига 2004 йилда академик театр мақоми берилган. Театр 480 нафар томошабинга мўлжалланган.

Ўтган йиллар мобайнида жамоа ўзбек, рус, тожик, қирғиз ва жаҳон классикларининг энг машҳур асарлари ҳамда жаҳон халқларининг замонавий драмаси бўйича 600 дан ортиқ спектаклларни саҳналаштирган.