Россиянинг ўша вақтдаги энг кўзга кўринган журналистларидан бири, «Комсомольская правда» газетаси мухбири Василий Песков 1966 йилнинг май ойида бир муддат Тошкентда бўлиб, зилзиладан вайрон бўлган шаҳар ва бошпанасиз қолган ўн минглаб одамлар ҳақида «Тошкентдаги офат ва жасорат» («Драма и подвиг Ташкента») сарлавҳали катта репортаж тайёрлаган. Унда, афтидан, ҳеч бир жиҳат эътиборсиз қолдирилмагандек, зилзиладан кейинги Тошкент ва тошкентликлар аҳволини бирор видео ё фотосиз ҳам тасаввур қилиш мумкин: шаҳарда вайронагарчиликларга сабабчи зилзилалар ҳали ҳам давом этаётгани, турли миш-миш ва ваҳима келтириб чиқарувчи бошқа табиат ҳодисалари кузатилаётгани, бу воқеалар ҳақида республика раҳбари Шароф Рашидов қандай фикрдаю, зилзиладан сўнг Ўзбекистоннинг энг банд кишисига айланган ва ҳар куни ҳамшаҳарларининг: «Бугун тунда уйда ухласак бўладими?», деган навбатчи саволига жавоб берувчи олими нима дейди — ҳаммаси кўрсатиб ўтилган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам орадан салкам 60 йил ўтса-да, ушбу материал ўз аҳамиятини йўқотмагандир.

Песковнинг мазкур репортажи «Комсомольская правда» газетасида 1966 йил 15 май куни босилган. 1966 йил 18 май куни «Совет Ўзбекистони» газетасида ўзбек тилида берилган. «Газета.uz» ўша таржимани жузъий таҳрирлар билан эълон қилади.

Октябрь туманидаги кўчалардан бирида зилзила оқибатларининг бартараф этилиши. Фото: «Ўзархив»Октябрь туманидаги кўчалардан бирида зилзила оқибатларининг бартараф этилиши. Фото: «Ўзархив»

«Аллоҳнинг ўзи берганди, ўзи олди»

Мен Тошкентга 8 май якшанбага ўтар кечаси учиб келдим. Ерга қўнаётганимизда йўловчилар ойналарга ёпирилиб қарашгач, хайрият, деб нафас олишди — пастда одатдагидек чироқлар дарёси мавжланарди. Аэродромдан меҳмонхонага борарканман, йўлда юз берган офат изларини бирданига пайқолмадим. Шаҳар уйқуда. Ям-яшил дарахтларнинг, гулларнинг, янги ёпилган нон, бензиннинг ҳиди шаҳарда сезилиб турибди ва ҳали бу ерликлар кўникмаган чанг-тупроқнинг ҳиди ҳам сезилиб турибди.

Кўчалардан бирида автомобиль чироқлари брезент чодирнинг ёнини ёритиб қолди. Ўтгани йўл йўқ. Асфальтда икки қатор чодир тикилган. Ухлаётган кишиларнинг хурраги ва бедор кишиларнинг оҳиста гаплашаётганликлари ташвиш йўқлигидан дарак берарди. Бамисоли саёҳатчилар шаҳарнинг ўртасига келишганида тун пардасини ёйган-у, улар узоқ ўйлаб ўтирмай мана шу қатналадиган кўчани лагерь қилиб олишганга ўхшарди. Чодирлардан бирида курсида чироқ йилтириб турибди. Серсоқол ўзбек — афтидан, невараси билан бўлса керак — чироқ ёруғида китоб ўқирди. Китобингизни кўрай деб сўрадим. Қария қора чарм муқовали Қуръонни менга дўстона узатди. Студент йигит дарсликни мутолаа қиларди.

Патруль — енгларига қизил боғлаган бир қиз ва уч йигит яқин келиб сўрашди.

— Сиз ким бўласиз, ўртоқ?..

Уйингизни кўрсатинг, деб илтимос қилдим. Қария чироқни кўтариб, лойсувоқ девор томон бошлаб кетди. Дарзлари тарам-тарам бўлиб кетган девор қўл тегиши билан қимирларди.

— Аллоҳнинг ўзи берган эди — ўзи олди, — деди қария.

Чироқ шуъласи бир томонидаги девори қулаб кетган хонага тушди. Шипдаги ёрилиб кетган дарздан юлдузлар кўринарди.

— Мен мана шу ерда ухлаб ётгандим, — деди студент йигит, — омон қолганимга ўзим ҳам ҳайронман. Печь каравотнинг ёнгинасига қулаб тушди…

Чодир тикилмаган кўчалар камдан-кам учрарди.

Зилзила билан танишув

Ётишдан олдин мен одатдагидек ён дафтаримга эртага қиладиган ишларимни ёзиб, қуйидаги сўзларнинг остига чизиб қўйдим: «Зилзила қандай бўлганини имкони борича кўпроқ кишилардан билмоқ керак».

Менинг вазифамни табиатнинг ўзи осонлаштирди. Энди мен зилзила қандай бўлишини ўзим ҳам айта оламан… Кимдир мени эҳтиётсизлик билан туртиб уйғотиб юборгандек туйғуда уйғониб кетдим. Чироқни ёқиб, ҳайрон бўлганимча китобни варақлай бошладим. Соатнинг мили учдан ошганлигини кўрсатарди… Бундан кейинги воқеани ҳеч қачон унутмасам керак. Уй тебраниб, қимирлаб кетди. Шкафда фотоаппарат билан турган сумка бир чеккага сурилиб кетди. Мен дераза токчасига сакраб чиқиб, шипга қарадим. Уй сакраб турган бўлса ҳам, негадир шип тушиб кетмасди. Қандайдир шовқин-сурон олисдан келгандек, юқорида эса ғалати, киши одатланмаган сувоқларнинг кўчиши садоси. Бамисоли бир қутида ўтирибсан-у, икки ёнингда ва пастда кимдир қаттиқ зарб билан тепиб юборганга ўхшарди. Беш ёки олти секунд титраб турди. Кираверишдаги эшикда ойнак сингани эшитилди. Кейин сокинлик.

— Лина, қочиб қол!

Мен эшитган биринчи овоз шу бўлди. Тунги посбон меҳмонхонанинг олдида туриб, маъмурий ходим Линани чақирарди. Шундан кейин мен ит ҳуриганини эшитдим. Мингтами, ўн мингтами ит бирданига ув тортди. Ҳар тарафдан кишининг юрагига ваҳм соладиган ит улиши. Шундан кейин одамларнинг ғала-ғовури. Бир миллион одам бирданига ётган ўрнида туриб, кўчага чиқди. Командировкага келган эрлар ва аёллар ички кўйлакларининг устидан елкаларига плашч, пиджакларини ташлаб, пойабзалларини оёқларига қуруқ илиб, тунги аёздан жунжикиб турадилар, улар уйга киргани юраклари бетламай депсиниб турардилар.

Зилзила вақтида бузилиб кетган уй. Фото: «Ўзархив»Зилзила вақтида бузилиб кетган уй. Фото: «Ўзархив»

Эрталаб тунда олти балл зилзила бўлганлиги, бу 26 апрелдаги зилзиладан кейин иккинчи кучли ер қимирлаши эканлиги аниқланди. Бу тунда ҳеч қандай қурбон бўлмади, лекин шаҳар шикастланди. Бошпанасиз қолган кишилар ёнига яна ўн икки минг киши қўшилди. «Тез ёрдам» пунктига юздан кўпроқ ярадор, шикаст кўрган кишилар олиб келинди.

8 ва 9 май кунлари мен шаҳарни пиёда айланиб чиқдим. Умумий таассурот шуки, шаҳар аввалги меъёрини йўқотмаган, шаҳар қаттиқ шикастланган, асосан бир қаватли лойсувоқ қилинган Тошкент шикастланган; янги, кўп қаватли Тошкент мутлақо шикаст кўрмаган.

Опера театри ёнидаги марказдан туриб қарасанг, ҳеч нарса рўй бермаганга ўхшайди. Фонтан офтобда жилоланиб турибди, автобуслар ва трамвайлар қатнаяпти. Кичкинагина от — пони қўшилган аравага тушган болалар ўйнаяпти. Кўчада одамлар шунчаки, байрам кунларида қанча бўлса, худди шунча. Универмагнинг бетондан қилинган биносининг ойналари ярқираб турибди. Олти қаватли «Тошкент» меҳмонхонасининг ёнида барлари узун кийим кийган африкаликлар туриб суҳбат қилишмоқда. Улар саводсизликни тугатиш юзасидан чақирилган симпозиумга учиб келишган. Бироқ, шуни ҳам биласанки, бу меҳмонхона шаҳардаги меҳмонхоналар ўртасида омон қолган ягона меҳмонхона. Бу меҳмонхонанинг ҳам юқоридаги икки қаватининг баъзи жойлари дарз кетганидан ана шу қаватдаги кишиларни кўчиришга тўғри келди. Аммо, умуман олганда, улкан уй зилзилага бардош берди. Кейинги олти-саккиз йил мобайнида қурилган биноларнинг ҳаммаси бардош берди. Заводларнинг трубалари ҳам турибди. Ҳозирги замон уй-жойларининг кварталлари ҳам шикастланмай турибди. Баландлиги 195 метрли телевизион вишкаси шикаст кўрмай турибди. Шуниси кулгилики, бир қаватли радиостудия уйи вайрон бўлган. Дикторлар автобусдан эшиттириш олиб бормоқдалар.

«Худди фронтдагидақа»

Асосан бир қаватли лойсувоқ қилинган Тошкент шикаст кўрди. Тошкентнинг тўртдан уч қисми ана шундай уйлардан иборат эканлигини ҳисобга олганда кўрилган зарарнинг ҳисобига ҳам дарров етиб бўлмайди. Марказдаги омонат турган уйлардан барча муассасалар бошқа жойларга кўчирилди. Шаҳар милицияси чодирларга жойлаштирилди. Чодирларнинг тепасига: «Милиция бошлиғи», «хозчасть», «терговчи» деб ёзиб қўйилган. Чодирларда машинкалар чиқиллаяпти, телефонлар жиринглаяпти. «Тез ёрдам» пункти ҳам чодирларда. Қулаб кетган жойда шикаст кўрган кишига врач қиз ўша ердаёқ дарахт остида ёрдам кўрсатади.

— Қани, азизим, пича чидаб тур, чидаб тур…

Эркак киши тишини тишига қўйиб яраланган елкасини ўгириб турибди. Мен билан бирга бу манзарани кўриб турган кекса бир ўзбек киши хўрсиниб дейди:

— Худди фронтдагидақа…

Уй-жой кварталлари ҳаммадан кўп шикастланди. Агар истасангиз, бу ерда омон қолган уйни тополмайсиз. Тор кўчалардан автомобиллар юргизилмай қўйилди. Дарз кетган деворлар, лойсувоқ деворлар ва шиплар қадам ҳам қимирлайди. Уйлар бир-бирига худди қалдирғоч уясидек қалаштириб кетилган. Агар ер қимирлаганида ақалли ярим балл ортиқ бўлганида ҳам мана бу уйлар ўн секунд ичида кунфаякун бўлиб кетиб, қурбон бўлган кишиларнинг ҳисобига етиб бўлмасди. Бахтимизга бу уйлар қуламаган, лекин улардан ҳар бирига: «яқинлашманг, қулаб кетадиган уй» деб ёзиб қўйилган. Хом ғиштнинг уюми, қулаб тушган трубалар, печлар, йиқилиб тушган деворлар… Айрим жойларда «яқинлашманг…» деб ёзиб қўйилган уйлар бутун бир кварталда бор. Давом этаётган тебранишлар вайрона ёнига вайрона қўшяпти. Қашқар райони бульдозер билан бир ерга тўплаб, ташқарига чиқариб ташлашга ярайди, холос. Мен бу ерга деворлари нураб кетган кўчалардан зўрға йўл топдим.

Фото: Г. Зельма / «Ўзархив»Фото: Г. Зельма / «Ўзархив»

Статистика шундай деяпти: йигирма саккиз мингдан кўпроқ уй шикастланди. Булардан — шикастланган уйлардан икки юздан кўпроғи болалар муассасалари, икки юздан кўпроғи — касалхоналар, медицина пунктлари ва поликлиникалар. Бир юз саксон ўқув юрти биносиз қолди. Лекин, булар алам қилмайди. Юрагинг кичкина хоналар олдида ачишади. Мана, бир она деворларга тегиб кетишга қўрқиб, вайронадан идиш тўла яшчикни ташиб чиқмоқда. Унинг ёнида қадам қўйган ўғилчасига қараб ҳалиги аёл қичқиради:

— Яқин келма, яқин келма!..

— Ахир, сиз ҳам бирор нарса деб қўйинг… — бу гап менга — нотаниш кишига қарата айтилган.

Бошпанасиз қолган кишига нима ҳам деб бўларди? Агар у ёлғиз бўлганида, уни овутиш осонроқ эди. Ҳозир бу кўпга келган фалокат. Ҳаммани овунтирадиган нарса ҳам битта: «Ҳамма омонми? Уйга ачинмаёқ қўяқол. Орадан икки-уч йил ўтар-кетар — янги Тошкент бўлади. Ҳар томондан ёрдам келяпти…»

— Ахир, бу тебранишлар наҳотки тинчимаса? Ухлолмаяпман, болам ҳам ухлолмаяпти… — аёл боланинг қўлидан етаклаб, чодирга киради. У ердан бўлса, идиш сингани эшитилади…

Чодирлар шаҳри

Чодирлар, чодирлар. Паркларда бутун-бутун чодирдан қурилган шаҳарчалар. Кўчаларда чодирлардан янги кўчалар. Ўн мингдан зиёдроқ чодир «уйлар». Магазин ҳам чодирда. Ошхона ҳам шу ерда — очиқ ерда катта қозонда шўрва қайнаяпти, палов дамланаётир. Кичкина бола болалар велосипедини миниб олган. Студент қиз санитар сумкаси билан курсида ўтириб, вақт топганида лекция ёзилган дафтарини ўқийди. Чодирлардан бирининг ёнида самовар қайнаб турибди. Синиқ тахта устида домино овози эшитилади. Бир қанча телеграммани қўлига ушлаб олган ўқувчи қиз «17-уй» кераклигини айтиб, излайди. Студентлар машиналарга рўзғорга зарур бўлган буюмларни ортишга кўмаклашмоқдалар.

Чодирлар шаҳарчаси. Фото: А. Варфоломеев / «Ўзархив»Чодирлар шаҳарчаси. Фото: А. Варфоломеев / «Ўзархив»

Кўрилган зарар ва ташвишлар улкан. Кишилар бу офатга осойишталик билан қараб турганликлари кишини ҳайрон қолдиради. Мен қишлоқда бўлган ёнғинни кўрганман. Устига похол ёпилган битта кулба ёнганида йиғи-сиғи, шовқин-сурон, ваҳима кўтарилган. Бу ерда бўлса юз мингдан ортиқроқ киши бир маҳалда бошпанасиз қолибди-ю, лекин тартибсизлик ва ваҳиманинг изи ҳам йўқ. Ваҳоланки, шаҳар ҳар куни ер ўн марталаб, ҳатто бундан ҳам ортиқроқ қимирлаганини сезиб турибди. Шаҳар ўзига хос одатий меъёрни ҳам йўқотмади. Барча корхоналар ишлаб турибди. Театрларда спектакллар қўйилмоқда. Мўлжалланган футбол учрашувининг ҳаммаси бўлиб ўтди. Биринчи Май намойишида ғоят одам кўп бўлди. Лоҳутий кўчасидаги чодирлардан бирида мен ёш келин-куёв билан танишиб қолдим. Муҳаммад Наримонов билан Люба Колисниченко эндигина никоҳдан ўтиб келишган экан.

— Эҳтимол, пича тўхтаб турсангиз бўлармиди?

Шундай савол бердим-у, ўзим ҳам тилимни тишлаб қолдим. Чунки қайтарилган жавоб оддий ва доно эди:

— Тўхтаб туриш керакмиди? Нега тўхтаб туриш керак? Ахир, биз илгари мўлжаллаб қўйган эдик. Агар биз ҳозир тинчиб кетсак — бошқа вақтда тағин ҳам яхшироқ яшаймиз.

Мен Бахт саройида бўлганимда шундай маълумот беришди: шу кейинги ўн кунга тайинлаб қўйилган тўйларнинг ҳаммаси бўлиб ўтибди.

Фалокат кишиларни ажратиб юборгани йўқ. Бахтсизлик кишиларни бирлаштирди.

«Тентак, қанақа бомба?! Зилзила бўляпти!»

Фалокат содир бўлган вақт шаҳардаги барча соатларда чизиб қўйилган. Тошкентдаги соатларнинг барчаси ҳозир бир вақтни — 5:23 минутни кўрсатади. Худди ана шу дақиқада биринчи зилзила рўй берди. Барча соатлар бир маҳалда тўхтаб қолди. Тошкентликлар ана шу соатлардан ҳеч бўлмаса бирортасини қаҳрамонлик тўғрисидаги ёдгорлик сифатида, шаҳар фалокатни қандай кутиб олганлигининг ёдгорлиги сифатида музейда асраб қолишлари керак. «Бу қандай рўй берди?». Мен бу саволни кўп кишиларга бериб кўрдим. Мана, қайтарилган, мен ён дафтаримга ёзиб олган жавоблар.

Шароф Рашидов (Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари): Ер қимирлаганида мен турган эдим. Шаҳар чеккасида шафақ кўринганга ўхшади. Ҳозирча бу аниқлангани йўқ — кўринган нарса юқори вольтли электр симларининг бир-бирига тегиб кетиши натижасида ҳосил бўлган нарсами ёки бундай ёруғлик ердаги ҳодиса билан боғлиқми. Марказий Комитет уйига телефон қилдим. Бу ердан электрик жавоб қайтарди: «Бино бутун. Лекин, олтинчи қаватда уёқдан-буёққа қараб роса тебратди, пастга қараб югурдим…». Мен шаҳарга жўнадим. Вайроналарнинг сон-саноғига етиб бўлмасди. Шаҳар бўйлаб санитар машиналари ғизиллаб ўтиб турарди, кимдир бошини сочиқ билан боғлаб медицина пунктига югурарди. Қандайдир эркак киши қўлида бола кўтарганча югурарди. Бахтимизга, кейин маълум бўлишича, қурбонлар оз экан. Саккиз киши ҳалок бўлди. Ярадор бўлганлар минг кишидан ортиқроқ. Транспорт йўллари, сув таъминоти, электр линияси сезиларли равишда қаттиқ шикаст кўргани йўқ. Баъзи бир жойларда телефон сими узилган. Тошкентликлар ифтихор билан: ваҳима бўлгани йўқ, деб айта оладилар. Эҳтимол, бир соат — бир ярим соат ичида одамлар ўзини йўқотиб қўйгандир, кейин бўлса тўла уюшқоқлик бошланди. Тарих шундай воқеаларни биладики, кишилар ваҳимадан, тартибсизликдан, талончиликдан зилзилага нисбатан кўпроқ азоб тортишган. Тошкент бундай нарсалардан холидир. Кишиларнинг ҳаммаси эрталаб ишга келишди. Баъзи бир кишилар етти километр жойга пиёда келишди, айримлари болаларини қўлларида кўтариб келишди. Бир кишидан: «Уйда аҳвол қалай?» деб сўрасам: «Уй вайрон бўлди…», деб жавоб қайтарди. Дастлабки соатлардаёқ офат қанчалик эканлиги маълум эди. Шаҳарни айланиб чиққач, Москвага телефон қилдим. Ўзингиз биласиз, ўша куниёқ Леонид Ильич Брежнев билан Алексей Николаевич Косигин учиб келишди. Улар аэродромданоқ тўғри шаҳарни айланиб кўргани кетишди.

Валентина Зикова («Тез ёрдам» врачи): Ҳа, мен тўғримда газетада ёзишган. Ростини айтсам — қўрқоқман, лекин бу ерда қаердан дадиллик пайдо бўлганини билмайман. Ахир битта менми? Қизларимиз диспетчер хонасида телефон ёнида бошларини фанер тахта билан тўсиб ўтиришди. Бирор киши қочгани йўқ. Ваҳоланки, кўпларининг болалари уйда қолганди…

Зилзиладан жабр кўрганлар учун палаткалар шаҳарчаси. Фото: «Ўзархив»Зилзиладан жабр кўрганлар учун палаткалар шаҳарчаси. Фото: «Ўзархив»

Юрий Кружилин (журналист): Токчадан гултувак ерга тушиб кетганидан уйғондим. Шкафдаги идишлар жаранглаб, сурилиб кетарди. Уй тебраниб титраб турарди. Ўғлимни кўтариб, хотинимнинг қўлидан етаклаганимча пастга тушдим. Журналист, албатта, ҳамма ерда ҳам журналист. Атрофга назар солдим. Бир йигит труси кийганича аккардеони билан югуриб чиқди. Қўшнимиз ички кўйлакда, резина пойабзалда турибди. Ҳамма нарса жойига келгач, ўғлимни қарияларникига олиб бориб, дарҳол редакцияга югурдим. Транспорт ишламасди. Шаҳар ишга пиёда келди. Редакцияга одатдагидек биринчи бўлиб фаррошлар келишди. Бу гал улар ташқарига қоғоз ва чангдан ташқари кўчиб кетган шувоқларни ҳам олиб чиқишди.

Наримон Наримонов (ишчи-электрик): Мен бўйдоқ йигитман. Трусида кўчага югуриб чиқдим. Тирикманми? Тирикман! Уй ўртасидан ёрилиб кетди. Бир бало қилармиз, деб ўйладим. Янги бўлар. Бош омон бўлса, ҳаммаси топилади. Кейин қарасам, иш ҳазил қиладиган даражада эмас. Кимдир девор орқасидан инграяпти. Икки дақиқадаёқ кийиниб, «Ижак»ни юргуздим, қўшнимиз кампирни «тез ёрдам»га олиб келдим. Кейин шаҳардан ташқарига ота-оналаримникига жўнадим. Улар омонмикин? Улар ақалли, ҳеч нарса сезишмабди. Ҳатто, уйқудан ҳам уйғонишмаган.

Юрий Турсунқулов (милиционер): Мен эндигина сменадан келиб ётган эдим. Бирдан шундай бўлдики, гўё арава катта тош йўлда кетаётгандай эди. Шовқин-сурон — бомба деб ўйладим. Рўпарадаги уйдан бир киши югуриб чиқди. Мен ундан: «Бомбами?», деб сўрадим. Сўрасам: «Тентак, қанақа бомба? Зилзила! Девордан нари қоч!», — деди. Лекин ҳамма нарса жим бўлиб қолди. Дарҳол гимнастёркамни, этигимни кийдим-да, бўлимга югурдим. Эҳтимол, сизга айтишгандир: бутун милиция ярим соатда жам бўлди. Шаҳарнинг турли бурчакларидан йигитлар чопқиллаб келишди. Югуриб келишди-ю, ўша заҳоти жойларига тарқалишди. Бундай соатларда ҳар хил иш бўлиши мумкин.

Сулаймон Сатиев (жиноят қидирув бўлимининг бошлиғи): Ростини айтсам, мен энди тоза ишимиз кўпаяди, деб ўйладим. Ҳазилми: шаҳарда бир миллиондан ортиқ одам бор. Бировнинг бошига фалокат тушган, биров унинг бахтсизлиги ҳисобига бойишни истайди. Мана фактлар: ана шу кунлар ичида жиноят аввалгига нисбатан беш баравар камайди. Беш баравар! Келинг, бирга таҳлил қилиб кўрайлик: нега камайди? Ҳа, биз талончилик ва ўғрилик учун энг қаттиқ чора кўрамиз, деб айтдик. Бу таъсир қилдими? Эҳтимол, таъсир қилгандир. Лекин бу масаланинг бир қисми, негаки ҳамма вақт ҳам қаттиқ жазо жиноятнинг олдини олавермайди. Бизга 2 минг комсомол тартиб ўрнатиш учун курашда ёрдам бергани келди. Бу — улкан куч. Лекин асосий куч бошқа ёқда. Офат одамларни жипслаштирди. Мен Тошкентни биламан. Ҳақ гап, ана шу ўн кун ичида биз бир-биримизга яқинроқ бўлиб қолдик. Менинг ёнгинамда қўшни ҳовли бор. Одатда бу ерда тортишувлар, бир-бирига шикоятлар бўлар эди. Бундоқ қарасам, қўшнини одеялда «тез ёрдам»га олиб кетишди, шикаст кўрган кишининг болаларини ўз хоналарига олишибди… Шаҳарда миллион одам бор. Офат юз берганда ҳар бири киши ана шулар орасида ўз жойини топиб олди. Ўзи тўғрисидагина, ўзинигина ғамини егани йўқ, «киши кишига ўртоқ, дўст ва биродар». 26 апрель куни эрталаб тошкентликлар бирдан кўришдики, бу гаплар ҳаётимизда айтилган бекорчи гаплар эмас экан.

Тошкентнинг энг иши кўп одами

Ҳозир Тошкентда вақти энг зиқ, энг кам ухлайдиган, иши кўп киши ким десангиз, у — Валентин Уломовдир. Бундан икки ҳафта илгари Валентин Уломов деган одам борлигини ҳеч ким билмасди. У кичкинагина хонада ўзининг ўнтача ходими билан ўтириб, Ернинг тебранишини асбоблар билан ўлчарди. Халқ хўжалигига бу фан на гўшт, на сут берарди. Борди-ю, агар «Сейсмостанция» деган лавҳали уй бирдан йўқолиб қолса, шаҳарда ҳеч ким буни сезмай ҳам қоларди. Дастлабки соатда угина шаҳарга нима бўлганлигини ва нима кутилаётганлигини айта оларди. Тошкентга учиб келган Косигин ва Брежнев қатнашаётган катта кенгашда Уломов эскириб қолган ва чизиқлари биргина унинг ўзига тушунарли харитани осиб, содир бўлган воқеанинг сабабини яхшилаб тушунтирди. Шу соатдан бошлаб у кеча кундузи фан билан машғул бўлишдан ташқари, телевидениеда сўзга чиқишга, журналистларни қабул қилишга, тўхтовсиз келиб турган телефонлардан берилаётган: «Бугун ер қимирлайдими?», «Ухлагани ётсак бўладими?» деган саволларга жавоб беришга мажбур.

Мен ҳам Уломовнинг бошини ярим соатча қотирдим. Мана, саволларга сейсмологнинг жавоблари: «Тошкентда ҳар йили ҳам ер қимирлаб турарди, лекин кўпинча буни асбобларгина сезарди. Ерда йилига бир миллион мартагача қимирлаш бўлиб туради. Текис жойларда ер қимирламайди, тоғлардагина ер қимирлайди. Москвада-чи? Ҳа, 1940 йил ноябрида Москвада тўрт балл ер қимирлаган, лекин бу Карпат тоғлари районидан келган ер қимирлаш эди».

«Тошкентда шундай кучли зилзила бундан юз йил муқаддам бўлган эди. Бу гал шаҳарнинг қоқ марказида ер қимирлади. Етти ярим баллга тўғри келадиган зилзила вертикал юқорига йўналган эди. Бундан 18 йил муқаддам Ашхободда ер кучлироқ қимирлаган эди. Шундан кейин горизонтал тебранишлар бўлган эди. Фарқи шунда. Ашхобод тўла вайрон бўлди. Тошкент шикастланди-ю, лекин бардош бериб қолди».

«Зилзила келтирган зарарми? Ҳисоблаб чиқишади, албатта. 1923 йилда 8 секунд давомида бўлган зилзила Японияга рус-япон урушида кўрилган зарардан кўра беш мартаба кўп зарар етказди».

Зилзиланинг прогнозлари тўғрисида гап орасида Уломов деди: «Ер қанчалик кучли қимирлашини айтиш мумкин, қаерда қимирлашини айтиш мумкин. Қачон қимирлашини айтиб бўлмайди».

Фото: Р. Шамсутдинов / «Ўзархив»Фото: Р. Шамсутдинов / «Ўзархив»

Табиат яратган «сейсмограф»

Мен олимга ён дафтаримга ёзиб олган бир қанча ёзувларни кўрсатиб, ўз фикрини айтишни сўрадим. Мана ўша ёзувлар.

Ашхободдаги зилзиладан икки кун олдин масъул ходим ёнига кекса туркманлар келиб: «Зилзила бўлади», — дейишибди. «Қаердан биласиз?» — «Илонлар ва калтакесаклар уяларидан чиқиб кетди…». Орадан икки кун ўтгач, зилзила бўлди.

Мана, бундан уч йил аввалги ёзув: «Поездда купедаги қўшним оилавий фотографияни топди. Суратдаги кишилар орасида овчарка итнинг сурати бор. «Бу ит худди одамга ўхшайди… — деди қўшним. — Биз хотиним билан Ашхободда ишлардик. Ўша тунда уйга кеч қайтдик. Тезда ухлайвермадик. Мен қоғозларни титкилардим. Хотиним китоб ўқирди. Қизим коляскада ухларди. Бирдан ит ўрнида туриб, қизалоқнинг кўйлагини тишлаб, эшик томонга интилди. Илгари бундай қилмасди. Қутуриб қолдими — ақлдан оздими (?) деб ўйладим! Милтиқни қўлга олдим. Хотиним билан югуриб ташқарига чиқдик. Шу онда бирдан ҳамма нарса йиқилди. Бизнинг кўз олдимизда бутун шаҳар вайрон бўлди…».

Яқиндагина ёзиб олинган бир қанча фактлар. «Советская торговля» газетасининг мухбири Олег Бичков бундай деди: «26-куни мен қандайдир нохуш ҳиссиётдан уйғондим: кимдир тўшагимни тортарди, қарасам одеял остида мушук болалари. Она мушук ташиб келтирибди. Мен мушукни нари суриб, болаларини улар ҳамиша бўладиган жой — ошхонага олиб чиқдим. Энди қўлимни юваман деб кран олдида турганимда бир нарса мени шундай итардики, бошим келиб деворга тегди…».

Аркадий Забровский (Невский переулкасидаги 12-уйда туради) бундай деб айтди: «Менинг 40 га яқин ҳар хил тоифадаги каптарларим бор. Ер қимирлашидан ярим минут илгари каптарлар бирдан шовқин билан уяларидан учиб чиқиб, қоронғида томга қўнишди. Илгари тунда ҳеч бунақа бўлмаган эди. Мен нега бундай бўлди экан, деб ўйлаб турувдим, бирдан бошланди… Энди ер ҳам қимирлашидан олдин каптарлар галаси учади…».

Уломов ҳайрон бўлиб, елкасини қисди: «Мен асбобларгагина ишонаман», лекин факт — фактлигига рози бўлди. Афтидан, жонли табиат миллион-миллион йиллар мобайнида шундай «асбоб» яратганки, бу асбоб ерости қимирлашини сезадиганга ўхшайди. Эҳтимол, инсон табиатга яхшироқ қараса бўлар.

Яхшилар ва яхшиликлар қуршовидаги янги Тошкент

Сейсмологлар биринчи ер қимирлашидан кейиноқ яна ер кучсиз кўпгина қимирлаб туради, деб олдиндан айтишди. Улар бари асосланган эди. Ҳатто график ҳам чизиб чиқилди. Дарҳақиқат, ер қимирлаш давом этди. Икки ҳафта мобайнида шаҳар қуршовда қолган ҳолатда яшаяпти — қарийб 300 марта ер қимирлади. Баъзан ер қимирлагани унча сезилмайди, баъзи бирлари уйқуни қочириб, янги-янги вайроналарни кўпайтирмоқда. 10 майга ўтар кечаси тунда шаҳар биринчи зилзиладан сал кучсизроқ ер силкинишдан уйғонди. Бу тунда кўп кишиларнинг уйга киргани юраги бетламади. Кўчаларда гулханлар ёқилди. Кишилар боғдаги скамейкаларда ухлашди ёки гулханлар ёнида бир-бирларининг пинжиларига кириб ўтиришди. Эрталаб бузилган уйларнинг ҳисоби кўпайди. Юраги ва асаби касалланган кишилар касалхоналарга келтирилди.

Бу офат устига 5 май куни дарахтларни синдирган, омонат турган девор ва томларни қулатиб кетган, чодирларни юлган довулни қўшсангиз, Тошкент оғир синовларга бардош берганини тушунасиз. Ҳозир бари ўрнига келмоқда. Зилзила заифлашмоқда. Ҳаёт давом этяпти: шаҳарнинг юзлаб проблемалари бор. Булардан биринчиси: кишилар қайга жойлаштирилади? Ҳеч ким камситилмаслиги, четда қолмаслиги керак. Ҳар бири киши учун бошпана, илиқ сўз даркор. Ижроия комитетлар ва турли хил комиссиялар эрталабдан тунгача ишлаяпти. Нафақалар тўланмоқда, янги чодирлар тикилаётир, уй-жой тақсимланаётир. Студентлар ёзда мактабларга ўтадилар — ётоқхоналарини оилалар учун қолдиряптилар. Комсомол минг-минглаб болаларни оталиққа олди — болалар учун бепул ёзлик лагерлар тайёрланмоқда. Студентлар каникулга кетмай, қурилишларда ишлашга аҳд қилдилар. Шаҳар комсомолга: мамлакат Тошкентга ажратиб берган беш минг автомобилни минадиган шофёрларни тезда тайёрлаб беринг, деб буюрди. Газеталар ҳар куни: «Янги Тошкентни қурамиз», деган сарлавҳалар билан чиқмоқда. Ҳозирча бирор бошпанага муҳтож кишиларни иложи борича бирор жойга кўчириш керак. Шикаст кўрган кишиларни қабул қилиш иложи бор кишилар торроқ жойларда турмоқдалар. Мана, газетада характерли бир хабар: «Биз Чилонзор массивида биринчи кварталдаги 66-уй 12-квартирада яшаймиз. Ҳар қандай оилани бажонидил хурсандчилик билан қабул қиламиз. Бизникига келинглар. Семён Морозов ва Варвара Морозовалар, пенсионерлар». Одамлар бир-бирига мадад қўлини узатишга ошиқмоқдалар.

Зилзиладан жабр кўрган тошкентлик оилаларнинг Фарғона шаҳридаги янги квартираларга кўчиб келиши. Фото: «Ўзархив»Зилзиладан жабр кўрган тошкентлик оилаларнинг Фарғона шаҳридаги янги квартираларга кўчиб келиши. Фото: «Ўзархив»

Бутун мамлакат Тошкентга мадад қўлини узатмоқда. Ўзбекистондаги шаҳарлар ўз уйларига юзлаб оилаларни таклиф қилиб, уларга эндигина қурилган квартираларини бермоқдалар. Мамлакатнинг турли районларидан дастлабки кундаёқ Тошкентда чодирлар ортилган транспорт самолётлари юборилди. Бахтсизлик содир бўлган биринчи куниёқ Москва, Краснодар, Украина, Минск, Узоқ Шарқ хитоб қилиб: «Биз меҳмонхона қуриб берамиз», «Бир бутун уй-жой квартали қуриб берамиз», «Ўнта қурилиш поезди юборамиз», «Лойиҳаларни, ишчиларни, қурилиш материалларини олиб бормоқдамиз…» деди. Архитекторлар ҳозироқ бўлажак кварталларнинг ўрнини белгилаяпти. Улар Москва, Минск, Ленинград, Киев кварталлари деб аталмоқда. Тошкент яқинидаги Шумилов станцияси келган юкларни зўрға қабул қилиб улгуряпти. Бугун Митишч ёнидан самосвал машиналар состави, Урал ёғочлари ортилган составлар, идиш-товоқ, цемент, озиқ-овқат ортилган вагонлар келди. Барча вагонларга: «Шошилинч равишда — Тошкентга», деб ёзиб қўйилган. Мамлакатимизнинг турли бурчакларида кимларнингдир қўли бу лавҳаларни ошиғич ёзган. Мамлакат Тошкентга ката маблағлар ажратди. Сахийлик билан кўрсатилаётган ёрдам билан бир қаторда Елецдан келган ўттиз сўм ҳам бор. «Бу — маошимнинг бир қисми. Кимки кўпроқ муҳтож бўлса, буни ўшанга берингиз». Ўзи номаълум қолган кимдир Тошкентда кимнингдир онаси ўз фарзандига янги кийим-кечак, совға олсин, деб май ойида ўз боласига кийим-кечак, совға олмагандир.

Янги Тошкент… Орадан икки-уч йил ўтгач, биз янги Тошкентни кўрамиз. Урушдан зарар кўрган шаҳарлар икки-уч йилда қад кўтарган. Қийин вақтда ҳаммаси култепаликлардан бирданига қад кўтарди. Биз орадан икки йил ўтгач, янги Тошкентни кўришимизга кимдир шубҳа қилиши мумкин. Бир нарсани эслатиб ўтсак ортиқча бўлмас. Уруш вақтида шаҳар кўчириб келтирилган минг-минглаб оилаларни, минг-минглаб болаларни ўз паноҳига олди. Тошкент урушдан кейин «Урушдан зарар кўрган шаҳарлар тиклансин» деб қурилишга пул сўрашга шошилмади. Шунинг учун ҳам Тошкентда лойсувоқ қилинган, эндиликда вайрон бўлган ҳовлилар кўп эди. Янги Тошкентни қуриш — умумий бурчимиздир. Жаҳонга машҳур шаҳар Ер юзида чиройли жамол кўрсатиб ва мустаҳкам турсин.

«Яна ер қимирладими? Ҳечқиси йўқ»

Бундан икки кун илгари мен Тошкентдан учиб келдим. Шаҳар марказида янги уйлар жойларни тозалаш бошланди. Юз йиллик чириган иморатлар қўл билан, кранлар билан чиқариб ташланяпти. Бузиб ташлаш керак бўлган жойларни танклар бузаётганлигини юзлаб кишилар кўриб турдилар. Тўп ўрнатилмаган танк шиддат билан вайронага кириб йўқ бўлиб кетади. Деворлар бузилади, чанг-тўзон, танк кўринмайди. Лекин, мана, бирдан чириндилар уюми қимирлаб, танк ёруғ дунёга чиқди, устидаги юкларини силкиб ташлаб, тағин атакага. Мана, танк нафасини ростлагани тўхтади, олдинги люкнинг эшиги очилиб, танкчи йигит кўринди. Чанг босган юзини таниб бўлмайди. Танкчи енги билан юзини артгач, бурни, кўзи кўринди. Кўзи чангдан, иссиқдан қизариб кетган.

— Йигитлар, сув беринг!

Флягадан сувни зўр билан сипқармоқда. Танк шовқинида эшитсин деб қичқираман:

— Қаердан бўласан, йигит? Отинг нима?

— Украинадан! Владимир Хоменко!

Люк ёпилади. Танк тағин чанг-тўзон булути ичида йўқолиб кетади.

— Яна ер қимирладими?

Оломон бир-бирига қарайди. Ер тагидами ёки танкнинг орқасидами, бир нарса гурсуллади.

— Ҳечқиси йўқ, ҳаммаси ўрнига келиб кетади…

Ҳамма жилмаяди. Мен бутун шаҳарда қанот қоқиб юрган бу жумлани — «ҳечқиси йўқ, бари ўрнига келиб кетади», деган гапни кўп эшитдим.

Зилзиладан жабр кўрганларга тақдим этилган Калинин туманидаги «Октябрь» колхози ерлари. Фото: «Ўзархив»Зилзиладан жабр кўрганларга тақдим этилган Калинин туманидаги «Октябрь» колхози ерлари. Фото: «Ўзархив»

Кишилар кўп нарсадан ажралган бўлишлари мумкин, лекин бошидан офат кечирган шаҳар ҳазил-мутойибани унутмабдими, демак, куч-қудрати қад кўтаришга қодир.

Тошкент — Москва.
«Комсомольская правда» газетаси, 1966 йил 15 май.
Репортаж таржимаси 1966 йил 18 май куни «Совет Ўзбекистони»да босилган.