25 апрель куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида квадроциклдаги икки киши жарликка тушиб кетди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ўша куни соат 17:02 да Чимён ёнғин-қутқарув отрядига хабар келиб тушган. Унда Бўстонлиқ тумани «Чимён» тоғидаги Қизилжар ҳудудида икки нафар фуқаро квадроциклда ҳаракатланиб кетаётган вақтида жарликка тушиб кетгани айтилган. Воқеага уларнинг эҳтиётсизлиги туфайли бошқарувни йўқотгани сабаб бўлган.

Ҳодиса жойига ФВВ қутқарувчилари етиб борган. Тан жароҳати олган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатган ва улар тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.

Ҳозирда уларнинг соғлиқлари яхши ва шифокорлар назоратида, дейилади хабарда.