Иқлим ўзгариши, музликлар эриши ҳамда денгиз сатҳининг кўтарилиши, аномал жазирама, озиқ-овқат хавфсизлиги ва танқислиги, қурғоқчилик, қишлоқ хўжалигидаги муаммолар — шунчалик яқин ва доимий «ҳамроҳ»имизга айландики, кўпимиз буларни тезда ўтиб кетадигандек қабул қилишга одатландик. БМТнинг маълум қилишича, Ер йилига 4,7 миллион гектар ўрмонларини йўқотяпти, 12 миллиондан ортиқ экин ерлари жиддий деградацияга учрамоқда. Ўзбекистонга ҳам бундай муаммолар бегона эмас. 22 апрел — Халқаро ер куни муносабати билан «Газета.uz» биология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Расулов билан қишлоқ хўжалигидаги ечимини кутаётган муаммолар, озиқ-овқат хавфсизлиги, илмда олимнинг ўрни хусусида суҳбатлашди.

— Сизни ўзбек китобхонлари бир неча тарихий асарларингиз: «Қонли гуллар водийси ёхуд Мадаминбек», «Узбечка», «Султон Жалолиддин Мангуберди» орқали танийди. Лекин сиз энг аввал олимсиз, биология фанида ўз йўналиш, мактабингиз бор. Танлаган соҳангиз, ҳозир қилаётган илмий лойиҳаларингиз кўпчиликка қизиқ. Суҳбатни шундан бошласак.

— Микробиология ва микроб асосидаги биотехнологиялар, нанотехнологиялар, агротехнологиялар йўналишида илмий изланишлар олиб бораман. Аспирантурада ўқиётганимда микробиология билан шуғулланганман. Тупроқ бактерияларини ажратиш, улар асосида қишлоқ хўжалиги учун биологик ўғитларни тайёрлаш бўйича илмий иш қилганман. 2012−2018 йиллари Хитой Фанлар академиясида микроб биотехнологиялари ва нанобиотехнологиялар бўйича изландим. Хитойдан қайтгач, олинган илмий натижаларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қўллаш, янги турдаги, яъни органик турдаги маҳсулотларни етиштиришга ҳаракат қилдим. Ўзбекистон ва хориждаги лойиҳаларни имкон қадар бажардик. Ҳозир лабораториямизда микроб ва биотехнологиялар асосидаги илмий лойиҳаларни давом эттиряпмиз. Айни кунларда икки йўналишда илмий фаолият билан бандман.

Асосан нанобиоматериаллар олиш, уларни физик ва кимёвий таснифлаш ҳамда тиббиёт, қишлоқ хўжалигида қўллаш масалалари диққат марказимизда. Биоматериалларнинг ажойиб хусусияти бор. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ҳаддан ташқари кўп ишлатилаётган, турли касаллик қўзғатадиган, айниқса, онкологик, қоннинг бузилиши, инсон хромосомаси, ирсияти мутациясига сабаб бўладиган заҳарлар ўрнига наномаҳсулотларни қўллаш мумкин ва шу концепцияни илгари суряпмиз.

Наноматериаллар ва нанозарралардан фойдаланиш хавфли эмасми, деган савол туғилиши мумкин. Йўқ, аслида, ота-боболаримиз билиб-билмай нанотехнологиялар ютуғидан фойдаланган. Масалан, кумуш тақинчоқлар солинган гиёҳли сувларни ичишган, чақалоқларни ювинтиришган, турли яра-чақаларни даволашда қўллашган. Бу кумуш нанозаррасининг ҳосил бўлишига асосланган технология бўлган. Кумуш тақинчоқ, танга ва буюмлар сувда ўзига хос зарядланган зарраларни ажратган ва гиёҳлардаги кимёвий моддалар таъсирида нанозарралар ҳолатига ўтган. Бу бир неча асрлик тарихга эга тажриба. Қадимги юнон, ҳинд маданияти, тиббиётида, туркийлар урф-одатида кумушли сувдан фойдаланиш анъанаси бўлган. Биз энди буларни илмий жиҳатдан ўрганиш ва уни қишлоқ хўжалигига татбиқ этишни бошладик. Нанозарраларни қўллашдан мақсад: ҳозирги кунда ўсимликларда кенг тарқалаётган вируслар ва ҳашаротларни йўқотишдир.

Ўтган йили Қибрай туманида янги вирус аниқланди. ПЗР таҳлиллари асосида Tomato masoic tobamovirus турига мос келиши аниқланди. Вирусларга, одатда, агрозаҳарлар таъсир қилмайди, унинг ДНК ёки РНКсини биз билган оддий воситалар буза олмайди. Буни фақат нанозарра билан «бузиш» мумкин. Жаҳон фани нанозарралар фойдасини исботлаб берди, ҳатто Ўзбекистонга ҳам нанозарралар асосидаги маҳсулотлар аста-секин кириб келяпти, лекин эскича фикрлаш сабаб қишлоқ хўжалигида қўллашга тўсиқ бўляпти, деб ўйлайман.

— Қишлоқ хўжалигини замонавий технологиялар, илм-фан ютуқлари билан ривожлантириб, қанчадан қанча фойда олаётган давлатлар бор. Масалан, бутун дунё гуручининг 37 фоизи Хитойда етиштирилар экан. Аммо биз шу соҳада ҳам етакчилар сафига ҳеч қўшилолмадик. Нега қишлоқ хўжалигимизда илмнинг улуши кам? Янги асрда муаммога ечим ҳам янгича бўлсин, деймизу, барибир эски йўлдан қайта-қайта юраётгандекмиз.

— Асосий сабабини ўзингиз айтдингиз — илмдан узилганмиз. Мана, Қишлоқ хўжалиги ва собиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги биздан илмий асосланган таклиф, ечимлар сўрарди. Биз ҳам доим нимани сўрашса, жавоб берганмиз. Лекин охирги пайтлари берган таклиф ва маслаҳатларимиз сўнгги манзилига етиб бормаётганига ҳайронман.

Қишлоқ хўжалигида илғор мамлакатга доим Голландияни мисол қилганман. У ерда соҳага ихтисослашган, муаммоларни ўрганиб, тадқиқ этадиган университетлар, институтлар бор ва улар амалда ишлайди. Ишлайди! Университетлар таклиф этган ечим, ишланма ва инновациялар албатта исботини топади. Масалан, Вагенинген университетини олайлик. Қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни молекуляр даражада ўрганади. Бугун Голландия қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва сотиш бўйича дунёдаги энг етакчи давлатлардан. Экспортдан йиллик даромади 65 миллиард еврони ташкил этади. Энди ўйлаб кўринг, Голландия Ўзбекистондан неча марта кичкина, бизнинг салоҳиятимиз неча марта катта?

Биз қишлоқ хўжалиги экинларидаги касалликларга самарасиз курашамиз. Замбуруғ табиатлик касалликларни олайлик. Ўзбекистон бўйлаб кенг тарқалган. Ғўза ёки буғдой мисолида тушунтирай. Ғўзани экишдан бошлаб чинбарг чиқаргунича асосан 2 та касаллиги бўлади. Чинбарг чиққанда баргининг қуриши, иккинчиси, илдиз чириши. Мана шу замбуруғ касаллиги туфайли айрим вилоятларимизда чигит қайта экилади. Аслида, замбуруғга қарши курашнинг оддий усули бор: тупроқни қайта ишлаш керак. Лекин биз фақат заҳар берамиз, бераверамиз, ерни оғулаш билан оворамиз. Охирида заҳар ўсимликкаям таъсир қилади ва бундай ўсимлик стрессга тушган ўсимлик ҳисобланади. Мана, болангиз касал бўлса, заҳар бермайсиз-ку, шифо бўладиган доридан берасиз — ўсимлик ҳам боладек гап.

— Буни масъулларга фан кишилари хулосалар, илмий асосланган далиллар билан тақдим этмайдими? Яъни улар сўрамаган ёки сизларга маслаҳат солмаган тақдирдаям соҳа олимлари огоҳлантириб турмайдими?

— Рости, соҳага масъул раҳбарларнинг аксарида илмий фикрлаш йўқ. Бир вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари билан юзма-юз гаплашгандим. Фалон фермернинг даласидан буғдойга хос бўлмаган касаллик чиқяпти, бунинг қўзғатувчиси олдин ғўзада бўлган. Агар фалон агротехника ёки технология қўлланмаса, кенг ёйилиб кетади, дедим. Эшитгисиям келмади. Келаси йили эса шу касаллик бутун вилоятга тарқаб, оммавий касалланиш қайд этилди.

Иккинчи ҳолат Фарғона вилоятининг Фурқат туманида рўй берди. Чўлга яқин ҳудудларда яқин-яқингача илдиз чириши касаллиги аниқланмаганди. 2022 йилдан бошлаб Фурқат тумани фермерлари касалланган ғўза кўчатлари намунасини олиб келишди. Кўряпсизми, илгари сувга яқин ҳудудларда бу касаллик аниқланган бўлса, энди чўл ҳудудларда ҳам пайдо бўляпти. Агар раҳбарлар масаланинг моҳиятини тушунганида эди, ҳадеб заҳар қўллайвермасди, бошқа илмий асосланган ютуқларга ҳам эътибор берар, ҳеч бўлмаса, фикримизга қулоқ тутарди. Бу йил нафақат Фурқат тумани, балки Бешариқ туманида ҳам илдиз чириши ҳақида маълумот беришди. Касаллик миграция қиляпти — кўчиб юрибди.

бахтиёр расулов, биолог олим, ер куни, илмий ғоя, интервью

— Муаммо пайдо бўлгач, уни ўрганиб, илмий ечимини ҳам айтасизлар-ку, тўғрими?

— Албатта. Касаллик аниқланса, уни текшириб, ўрганиб, ечим таклиф қиламиз. Масалан, ғўзани етиштираётганда чигит экишдан олдин яхоб сув билан тупроқни бактеризация қилиш керак. Шунда илдиз 100 фоиз чиримайди. Бу эски усул. Лекин ҳали қишлоқ хўжалиги амалиётимизга кириб бормади. Кириб бориши учун илм керак. Ҳайрон қоламан: айрим раҳбарларимизда илм-фанга қарши мустаҳкам «иммунитет» бор. Қандайдир фикр билдирсак, дарров танқид деб ўйлашади.

Буғдой ёки пахтанинг ҳосилдорлигини ошириш учун фермерлар ўртача 1 тоннадан 2 тоннагача минерал ўғит солади ерга. Эҳ-ҳе, қанча пул сарфланади бунга! 1 гектарига агар кимёвий усулда ҳосил оламан деса, ўртача 4,5−5 миллион харажат кетади. Сарф-чиқимни янги, оддий, содда воситалар билан камайтириш, 1 тоннани 150−200 килограмга тушириш, ҳосилдорликни ҳам ошириш мумкин.

Ўтган йили бир воқеа бўлди. Кимлигини айтмайман. Қишлоқ хўжалигига масъул ҳоким ўринбосари фермерларни йиғиб: «Кимлардир қандайдир суспензия топиб, ҳосилини арзонга етиштирибди. Минерал ўғит ишлатмай қўйибди, назоратга олинглар!», дебди. Қайси ақл билан шундай дейиш мумкин? Кечирасизу, советлар даврини ёмонлаймиз, қоралаймиз, аммо ўша вақтда ҳам далага 2 тоннагача ўғит солинмаган. Масалан, азот, калий, фосфор меъёрини агрокимё дарсликларида ҳам 250, 150, 50 килограмм қилиб ҳисоблаб берган. Ҳаммасини қўшсангиз, 450−500 килограмм атрофида бўлади. Аммо биз 2 тоннагача соляпмиз!

Хўп, минерал ўғитни солдингиз, ўсимлик ўзлаштириш керак бўлса, максимум 10−15 фоизини ўзлаштиради. Қолгани-чи, сув билан ювилиб кетади. Кейин бу сув оқава сувларга қўшилиб, дарё, каналларга қуйилади, далага боради — айланиб юраверади.

Яқин йилларда яна бир муаммо юзага келяпти: иккиламчи шўрланиш, сувнинг шўрланиши. Ҳаммаси минерал ўғитнинг ҳисобига. Норационал, илмий асосланмаган меъёрлар асосида ишлатаётганимиз сабабли шу муаммо қаршимиздан чиқяпти. Унутмайлик, минерал ўғит ҳам туз — тупроқдаги тузнинг қариндоши. Бунинг ҳам ечими бор. Янги усулдаги ўғитлаш, озиқлантириш усуллари ёрдам беради. Суспензия ҳолатида ишлатади буни. Гумин кислота ҳосилалари, гуматлар, стимулятор табиатга эга моддалар, биологик ўғитлар бор. Комплекс тарзда ишлатиш мумкин. Шунга ўтсак, қишлоқ хўжалигидаги рентабеллик ошади, таннарх, касалликлар камаяди.

— Марказий Осиёда чўлланиш интенсив давом этмоқда. Сув захиралари камайяпти, дарахтларни аёвсиз кесяпмиз, огоҳлантиришларга қарамай билганимиздан қолмаяпмиз. Бунинг баробарида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳам ўртага чиқади. Дунё олимлари ҳар бир ўзгариш ва иқлим билан боғлиқ масалага муносабатини билдиради, оммага тафсилотларни очиқлайди, масъулларни чора кўришга чақиради. Биз ҳам келажакдаги хавф қаршисида ожиз қолмаслик учун нимадир қилишимиз керак-ку!

— Чангланиш, сув ресурсларининг чеклангани Марказий Осиёга хос хусусият. Чўл минтақаси катта ҳудудларни эгаллаган. Қишлоқ хўжалигида сув, ресурс тежайдиган технологияларни қўллаш, яъни томчилатиб суғориш тизимига ўтиш, сувни сақловчи материаллардан фойдаланиш, қурғоқчиликка чидамли ўсимлик навларини кенг жорий қилиш вақти етган.

Ўтган йили вилоятларни кезганда буғдойнинг Краснодар нави билан боғлиқ масала диққатимизни тортди. Ўсимлик яхши ривожланган, лекин ҳосилдорлик кескин камайиб кетгани кузатилди. Бу ҳолат қурғоқчил ҳудудлардан ташқари сувга сероб Бўка, Пискент туманларида ҳам кузатилди. Огоҳлик қўнғироғи деб қабул қилиш керак буни. Энди шўрланиш, сувсизликка чидамли маҳаллий навларни кўпроқ яратиш фурсати етди. Аммо жараён суст кетяпти.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу масалада бошқа давлатларга қарам бўлмаслигимиз учун маҳаллий селекция асосидаги маҳаллий навларни жорий этишимиз керак. Буғдойнинг Краснодар нави ўрнига, ўзимизникини етиштирайлик. Пахта навларини ҳам шу босқичга ўтказишимиз зарур. Айтайлик, деҳқоннинг олдида иккита нав турибди. Чет элники 10 тонна, ўзимизнинг маҳаллий 5 тонна ҳосил берса, албатта, хорижникини танлайди-да. Бу ҳам қанақадир бозор. Кимники яхши бўлса, ўшаники харидоргир бўлади. Бош деворга урилгач, «бунинг ечими олимлар билан баҳамжиҳат топиларкан» дейилгандан кейин эмас, ундан аввалроқ ҳаракатга тушиш шарт. Шу чоққача бирор вилоятнинг қишлоқ хўжалигига масъул ходими институтимизга келиб, олимлардан маслаҳат олгани, интенсив ҳамкорликда ишлаганини билмайман, кўрмаганман ҳам.

Давлат илмий тадқиқот институтлари учун етарли шароит қилиб беряпти, маблағларни ажратяпти. Энди олимлар ишлаши, жавоб бериши керак. Елкамиздаги масъулият катта. Қандайдир муаммо бўлса, энг аввал давлатни айблаймиз, ҳукуматни ёмонлаймиз. Мен бунга қаршиман. Давлат ўз ишини қиляпти. Шароитимизни ҳозирлаб берди. Ҳамма гап раҳбарларда! Олдимиздаги «чақириқ», «таҳдид»ларга тайёр бўлишимиз керак.

— Фейсбукдаги саҳифангизда бир йили «Қумда ҳаво азоти ёрдамида ўсимлик ўстириш биотехнологияси. Ўзимизда ишлаб чиқилган. Қум кўчишининг олдини олади. Тажриба 2006 йили Қизилқумда қўйилган» дея бир суратни улашгансиз. Шу тажриба тақдири нима бўлди? Чунки ушбу лойиҳани Тошкент шаҳри ва вилоятларда тез-тез кузатилаётган чанг бўронлари, ҳаво ифлосланишига мақбул ечимлардан деб билдим.

— Бу лойиҳа 2006 йили эмас, ундан анча аввал, ЎзФА Микробиология институти катта илмий ходими, биология фанлари доктори Зоир Шакиров раҳбарлигида бошланганди. ЎзФАнинг Қизилқумдаги станциясида тажрибалар қилинган. Кейинчалик Зоир ака билан ишлаган гуруҳ, хусусан, Сардор Ҳакимов, Бахтиёр Умаров ва мен бирин-кетин Исроилнинг Бен Гурион университетига ишларни давом эттириш мақсадида хизмат сафарларига бордик. 2006−2007-йиллари ўша даргоҳда чўл ўсимлиги Onobrychis туркумига мансуб ўсимликлар туганак бактерия асосида ўстириш биотехнологиясини такомиллаштириш мақсадида ишладим ҳам. Бу туз ва қум кўчиш хавфи юқори ҳудудларда экилса, яшил биомасса ҳосил қилиш ҳисобига чангланиш камаяди.

Бахтиёр Расуловнинг Фейсбук саҳифасида эълон қилинган, Қизилқумда ўтказилган тажриба натижаси. Қумда ҳаво азоти ёрдамида ўсимлик ўстириш биотехнологияси.Бахтиёр Расуловнинг Фейсбук саҳифасида эълон қилинган, Қизилқумда ўтказилган тажриба натижаси. Қумда ҳаво азоти ёрдамида ўсимлик ўстириш биотехнологияси.

Бошида айтганимдек, бунгаям қизиқиш бўлмаган. Лабораторияда ҳисобот кўринишида қолиб кетди. Фойдаси кўп: нафақат қум ва чанг кўчишининг олдини олади, яна чорва учун тайёр озуқа манбаи саналади. Тасаввур қилинг, бутун бошли чўл — Қизилқум — агар шуни биомасса билан қопласак, менимча, миллион бош қўй-қўзини боқишга етгулик озуқа ҳам пайдо бўлади. Нега қоракўлчилик барбод бўлган деб ўйлайсиз? Мана шу ўсимликни йўқотганимиз эвазига, албатта.

Иккинчи муҳим масала, асаларичиликни ривожлантирса бўлади. Агар ўсимлик чўл ҳудудида ер юзасини қоплаб ўсса, дашт ёки тоғга яқин жойларда тизза баравар бўлиб кетади. Жуда кўп гуллайди. Энг қизиғи, бу лойиҳамизга Исроилда катта қизиқиш билдирилганди. Балки ҳозир улар амалга оширгандир.

Бир йили Оролбўйи учун лойиҳалар эълон қилинди. Шу ўсимлик ҳам киритилишини кутдим. Ундай бўлмади. «Биофунгицид» деган маҳсулотимизга стартап ёзиб топширганман Инновация вазирлигига. Тақдири нима бўлди, билмайман. Президентнинг «Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3855 қарори бор эди. 300 миллионга яқин маблағ олинди-да, қолиб кетди. Институтнинг битта лабораториясига кириб, шунча ишланмалар ҳақида эшитяпсиз. Энди бошқаларини қўяверинг. Лойиҳа ҳолича қолиб кетаётганлари қанча!

— Қишлоқ хўжалигимизда ечилиши зарур, лекин ҳадеганда эътибор берилмаётган муаммо нима, сизнингча?

— Парадоксал ҳолат бор: биз илмий-тадқиқот ходимлари Ўзбекистондаги бор муаммоларнинг илмий ечимини ўрганамиз — дунёдагини эмас. Ўрганиб-ўрганиб, амалиётга татбиқ этилмаса, албатта, муаммо каттариб бораверади. Энг қизиғи, давлат муаммони ўрганишга пул ажратяпти, бошқа тарафда бундан манфаатдор тармоқ деймизми ёки раҳбарлар нима қилишини билмайди-да, олимнинг қўл-оёғини ипсиз боғлаб қўяди.

Кластерларга, фермер хўжаликларига заҳар, минерал ўғитлар сотилади. Уларга ким тавсия беради? Ким «Ҳа, шу заҳар ёки ўғитни қўллаш мумкин, зарари кам?» деб хулосасини айтади? Очиғи, ўша тавсиячиларнинг ҳам ўз улуши бор. Манфаатлар тўқнашуви тугамас экан, муаммоларнинг охири кўринмайди. 1−2 та монопол компания бор. Ўзбекистонга қандай заҳарлар олиб киришаётганини беш қўлдек билишади. Юқоридаги раҳбарлари ҳам шу соҳанинг одами. Қайси заҳар нимага зарар, онкологик касалликларни қўзғатадими, ирсиятни бузадими, юрак-ишемик хасталиги сонини оширадими — ҳаммасини билади. Афсуски, жараён тўхтамаяпти, янгидан янги заҳарлар оқими катта.

Ташкилотчиларга бир неча марталаб савол берганман. Қаерда синадингиз, экологик-токсик хусусиятлари қайси асбоб-ускуналарда текширилди, табиатга таъсири қандай, ўсимликда қанча қисми қолади ва уни истеъмол қилсак нима бўлади каби. Масала чала-ярим ҳам ўрганилган эмас. Чет элдан бир модда кириб келяпти, аммо уни тузук текширадиган йўқ. Тўғри, рўйхатга оладиган идоралар бор. Лекин лабораторияда, оқ каламушда тажриба ўтказиб, микробиологик хусусиятлари, яъни тупроққа, сувга, одамларга таъсирини ўрганиб, тадқиқ этиб, хулосани аниқ бериш керак-да.

10 йилча аввал Ўзбекистонда ишлатиладиган карате ва циперметрин деган 2 та заҳарни ўрганганмиз. Айни шу икки модда одам хромосомасининг бузилиши, мутацияга олиб келишини исботлаганмиз. Бундан кейин қанчадан қанча кучли заҳарлар олиб кирилди. Ўзбекистонда заҳарларни мониторинг қиладиган, хавфсизлигини баҳолайдиган ташкилот ёки идора борлигини билмайман. Уларни қаерда аниқлайди, хавфсизлигига кафолат берадиган лаборатория ишлайдими-йўқми бехабарман. Агар бўлса, айтсин: биз бормиз ва мана бу заҳар таркибидаги кимёвий моддани ЯМР, ГХ-МСда, ЮССХда текширганмиз, ҳақиқатан мана шу модда таркиби ишлаб чиқарувчи сертификатидаги маълумотларга мос келади, бунинг табиатга зарари йўқ, тупроқда парчаланади ёки тупроқда маълум вақт сақланади, ўсимликка сингиб кетарди, мевасида тўпланмас экан каби хулосалар берсин. Менга жуда қизиқ. Монопол компаниялар бор. Улар раддия билан чиқиши мумкин. Йўқ, менга илмий исботи билан кўрсатсин. Қани, қайси лабораторияда текширтирдинг, қайси жиҳозда аниқладинг? Шугинани кўрсат, бўлди. Ҳар битта кимёвий модда текширилиши шарт.

Қишлоқ хўжалигимиз — катта бизнес. Илмий ишларнинг далагача кириб бормаётганига катта сабаблардан бири шу. Илмнинг узилиши, олимда рағбат йўқлигигаям сабаб шу. Илмий-тадқиқот институти лойиҳага қарайди. Лойиҳангиз бўлса, сиз ва жамоангиз ишлайди, бўлмаса, йўқ. Лойиҳалар кўриб чиқилиши эса бизда негадир роса чўзилади. На тайинли жавоб берилади, на инкор этилади.

2021 йил октябрь ойида собиқ Инновацион ривожланиш вазирлигига фундаментал лойиҳа топширганмиз. Илмий-техник кенгашда кўрилган, ижобий баҳоланган, лекин нима бўлганини билмайман. Сўрасангиз раддия эълон қилади. Менга сенинг раддиянг керак эмас, лойиҳанинг натижаси керак. Ўтказдингми-йўқми, шундан гапир. Раддиясини ҳам биламан, шаблондаги гаплар: «Б.Расуловга шунча пул берганмиз…» Б.Расулов давлатнинг пулини еб кетмаган, уйига олиб кетмаган, бу лойиҳага лабораторияни қайта жиҳозладик, хориж асбоб-ускуналарини олиб келдик. Мен шу лойиҳа раҳбари бўлсам ҳам 0,25 ставка оламан, сабаби, маблағнинг асосий қисмини асбоб-ускуналар ва кимёвий реактивларга сарфлаганмиз. Ҳатто хизмат сафарларига ҳам лойиҳадан пул ажратмаганман, ўзимнинг ёнимдан бораман. Моддалар анализи учун ҳам ёнимдан тўлаганман, ишонишмаса, қанча ойлик олганим, қандай жиҳозлар сотиб олганимни текширишсин. Ҳисоботимда қандай анализлар қилганимни батафсил ёзганман, бу анализларга лойиҳадан эмас, ўз ёнимдан тўлаганман.

Оддий мисол, иккита турдаги чигит намунасидаги мой ва унинг таркибидаги мой кислоталарини аниқлаш учун 1 миллион , биз олган биоматериаллар натрий катионини биосорбция қилиш учун ҳар бир тажриба варианти учун 150 минг сўмдан (бундай намуналар 20 га яқин эди) тўлаганман. Бу пуллар ойлигимдан тўланган. Энди вазирликдаги раҳбарлар жавоб берсин-чи: қайси давлатда олим тадқиқот учун ёнидан пул тўлайди? Вазирликда шунақа раҳбарлар бор экан, Ўзбекистонда шунақа «гибрид» лойиҳалар бажаради. Фақат шартнома тузиш қолади, холос, олим ва вазирлик ўртасида. «Сен шунча, мен шунча ажратиб, ўртада илмий иш қиламиз» деган маънода.

Тасаввур қилинг, 2021 йил октябридан кейин қанча вақт ўтди? Фақат менинг лойиҳам эмас, бошқа илмий жамоаларнинг ҳам лойиҳалари асоссиз тўхтатиб қўйилган. Улар эса ҳар ой лойиҳа эълон қиляпмиз деб жар солишади. Вақтида жавоб ололмайсан, нима деркин деб иккиланиб, на иш бошлашга, на янги лойиҳа ёзишга ҳафсаланг бўлади. Бу соҳага масъул раҳбарларнинг ҳаддан ташқари иши кўп, вақти йўқлиги сабаб шунақа мужмал бўлиб юрсак керак, улар қачон ишдан бўшаб, бўш вақти топилса, лойиҳамиз кўрилса керак деб ўйлайман. Аслида, бунақа ишлайдиган вазирлик ёки таркибидаги агентликнинг фаолиятини танқидий кўриб чиқиш керак. Бундай иш тизими керакми ёки йўқми?

- Маълум муддат Хитойда яшаб, дунёга бўйлашга илмий мактабда фаолият юритгансиз. Аммо бугун Ўзбекистондасиз, илмий ишингизни ватанда давом эттиряпсиз. Сизда таққослаш, қиёслаш имкони кўпроқ. Нега биздаги олимлар потенциали ҳадеганда юзага чиқавермайди?

— Собиқ иттифоқдан катта илмий мактаб қолди. Орада қийинчиликлар, илмдан чиқиб кетганлар ҳам бўлди. Илмга қизиққан ёшлар четга жўнади. Ўзим ҳам 8 йилча Хитой Фанлар академиясининг физика-кимё институтида ишлаб келдим. Ҳаёт равиши шундай экан…

Ўзбеклар доим илм-фанга қизиққан. Потенциали бирдан юзага чиқмаслигига сабаблар кўп. Қайси бирини айтай! Жамоатчилик орасида ҳам шундай гап юради: «Нега биздан нобелчилар чиқмайди?». Бу шароитда ўзбек олими Нобель мукофоти ололмайди. Минг кучаниб, чирансин, қийин. Чунки фан — бу катта инвестиция. Бунинг учун ўзбек олими Хитой ёки Америкага, ривожланган давлатларга, қайсидир улкан кучли илмий мактабга бориб, илм қилиши керак. Ҳар ким ўзича янгилик қилиб, жаҳон даражасига олиб чиқиб, Нобель олиб кетавермайди. Ўша илмий мактаблар ҳам неча йиллардан бери ишлаб, илмий йўналишини йўлга солган, тизимини шакллантирган бўлади. Бундай тизимлар жуда кўп ва улар орасидаги рақобат ҳам даҳшатли даражада катта.

Олимларимизни жамиятда нуфузли, сўзи оғир шахсларга айлантириш учун уларга яна минбар берилса, эрталаб телеканаллардаги тонгги дастурларда санъаткорлар эмас, фан кишиларининг суҳбати олинса, ёшларга намуна қилиб кўрсатилса, олимнинг обрўси ошади, ўзига ишончи қайтади.

Қатъий фикрим шундай: Фанлар академияси ҳам, илмни молиялайдиган вазирлик ҳам ўзгариши керак. Айниқса, илмни молиялашга масъул идора. Унинг иш услуби, минг раддия ёки баёнотлар берсин, замонага мос эмас. Вазирликка саволнома йўлланг: «Нега илмий лойиҳаларни баҳолаш бунчалик чўзиб юборилган?» деб. Қандай жавоб беришади? Илмий лойиҳаларнинг баҳоланиши борасида қатъий муддатлар борми? 2021 йилда фундаментал лойиҳалар танлови эълон қилинган, нега танлов шу вақтгача тугамаган?

Яна бир жиҳат. Фундаментал лойиҳалар учун хорижлик ҳамраҳбарнинг талаб этилиши. Бу ҳам тўғри иш эмас, буни ижтимоий тармоқларда ҳам ёздим. Илмий ғоя ва ютуқлар, технологиялар, патентларнинг хорижлик ҳамкорлар билан бўлишиш тўғри эмас. Бу босқични босиб ўтган давлатларнинг аччиқ тажрибаси бор, нега биз буни қайта такрорлашимиз керак?! Ҳали ҳам кеч эмас, бу талабни қайта кўриб чиқиш лозим.