Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейинги илк Рамазон ойи 1992 йил март-апрель ойларига тўғри келган. Муқаддас ой якунланида Ҳайит байрами кенг кўламли кўнгилочар дастурлар билан нишонланган.

Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви мустақил Ўзбекистонда илк ҳайит айёми қандай нишонлангани тасвирга туширилган «Рамазон ҳайити» номли фильмини «Газета.uz»га тақдим этди. Ушбу фильм Абдуҳалил Мигноров ва Жаҳонгир Қосимов томонидан суратга олинган.

Видео

Тандирдан эндигина узилган нон ва нишолдани бир-бирига узатаётган қўшнилар, маҳаллаларда куйлаб, «бир сўм пул» сўраётган болалар, Самарқанддаги Регистон майдонида ҳайит намозини ўқиётган одамлар — ўзбекистонликлар 1992 йилда Рамазон ойини шундай кузатишган.