2023 йилги Рамазон ҳайити 21 апрель, жума кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Идорада Рамазон ойи ва ҳайитини аниқлаш учун тузилган ишчи гуруҳ хориждаги нуфузли астрономия марказлари ва Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Астрономия институтидан олган маълумотларга кўра, 1444 ҳижрий йил Шаввол ойининг янги ой фазаси (ҳилоли) 20 апрель, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 09:12 да содир бўлган (туғилган).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши ислом дини таълимотлари ва мазкур астрономик маълумотларга асосланган ҳолда Рамазон ҳайити 21 апрель жума кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилди.

Аввалроқ идора Рамазон ойи ва ҳайитини аниқлаш учун ишчи гуруҳ шуғулланаётгани, ҳайитнинг 21 апрель, жумага тўғри келиши ҳақида дастлабки хулосалар мавжуд экани ҳақида хабар берганди.

24 апрель, душанба дам олиш куни бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақидаги маълумот (бу президентнинг 2022 йил декабрдаги фармонида кўзда тутилган) яқин орада эълон қилиниши керак.