Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни сув хўжалигидаги 4 та катта масала: сув йўқотилиши, насос станцияларининг энергия истеъмоли кўплиги, сув захиралари камлиги ҳамда сув тежовчи технологиялар таҳлили ва янги лойиҳалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, каналларнинг фойдали иш коэффициенти паст ва ички тармоқларда сув кўп йўқотилиши оқибатида қишлоқ хўжалигида йилига 4 млрд 800 млн доллар кам даромад олиняпти. Шу боис Жиззах вилояти Пахтакор туманида тажриба тариқасида ёпиқ қувурли суғориш тизимини жорий қилиш таклифи берилди. Президент уни маъқуллаб, бундай ишларни Қашқадарё, Наманган ва Сирдарё вилоятларида ҳам бажариш зарурлигини таъкидлади. Сабаби ушбу ҳудудлар сув етказиб бериш харажатлари энг юқори жойлардир. Лойиҳанинг харажатларини қисқартириш, ёпиқ қувурли суғориш тизимини жорий қилиш бўйича 2 йиллик дастур ишлаб чиқиладиган бўлди.

Бундан ташқари, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини янада рағбатлантириш мақсадида донли экинлар ва сабзавот етиштиришда сув тежовчи тизим жорий қилинган ҳар бир гектар учун субсидия миқдори ҳозирги 1 млн сўмдан 8 млн сўмга оширилди. Банк кредит ставкаси фермерлар учун 17 фоиз этиб белгиланди.

Бу имкониятларни миришкорларга етказиб, молиявий рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди. «Агробанк» ҳузурида сув тежамкорлиги бўйича янги лойиҳаларни шакллантириш учун алоҳида марказ ташкил қилиб, хориждан малакали мутахассисларни жалб этиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, йиғилишда узоқ далаларга сув насос станциялари ёрдамида етказилиши, уларнинг аксарияти эскилиги туфайли электр энергияси истеъмоли жуда юқорилиги таъкидланди.

Президент насос станцияларини хусусий шерикликка бериш, уларда муқобил энергия манбаларини жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берди. Энди бунга Тошкент Ирригация институти олимлари жалб қилинади, самарали лойиҳаларга қулай шартларда кредитлар берилади.

сув хўжалиги, суғориладиган ер майдони

Бундан ташқари минтақада сув танқис бўлган бир шароитда Ўзбекистонда йилига 1 млрд куб метр сел сувлари беҳуда оқиб кетяпти.

Президент сел сувларини кичик манбаларда жамғариш мумкинлигини, бу борада ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.

Бундай лойиҳалар учун 100 млн доллар жалб қилинадиган бўлди. Уларнинг ҳисобига сув чиққан майдонлар тадбиркорларнинг ўзларига узоқ муддатга эркин фойдаланиш учун берилади.

сув хўжалиги, суғориладиган ер майдони

Йиғилишда кўтарилган яна бир масала ҳозирги кунда 450 минг гектар ёки суғориладиган майдонларнинг 15 фоизи лазерли технологияда текисланиши бўлди. Таъкидланишича, агар бундай ерлар 2 баравар кўпайтирилса, яна 900 млн куб метр сув тежалади, қўшимча 200 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. Шунинг учун 2023 йилда мингта лазерли текислагич олиб келинади, кластерлар томонидан фермерларга лазерли текислаш хизматлари йўлга қўйилади.