Бугун, 19 апрель соат 9:00дан янги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдумга муддатидан олдин овоз бериш бошланди. У 26 апрелга қадар давом этади.

Референдум участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 12:00 дан соат 16:00 га қадар амалга оширилади.

Бюллетенда қуйидаги саволга «Ҳа» ёки «Йўқ» жавоб бериш лозим: Сиз «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?

Муддатидан олдин овоз бериш тартиби

Ўзбекистон республикасининг референдуми тўғрисидаги қонунга кўра, референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш учун фуқаро референдум учун сайлов участкасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан бориши керак.

Овоз берувчи муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун референдум кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка комиссиясидан референдумда овоз бериш бюллетенини олади.

Овоз берувчи референдумда овоз бериш бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди.

Референдумда овоз бериш бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида овоз берувчи томонидан тўлдирилади.

Овоз берувчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган референдумда овоз бериш бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.

Чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш фуқаронинг турган жойида ўтказилиши мумкин.

  • Янги таҳрирдаги Конституцияни (PDF) қабул қилиш бўйича референдум 30 апрель куни ўтказилиши белгиланган.
  • Референдум ўтказиладиган участкалар рўйхати Марказий сайлов комиссияси сайтида келтирилган.