18 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев маъмурий жарималарни тўлашда аҳолига қўшимча қулайликлар яратилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш киритиш бўйича қонунни имзолади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Кодекснинг 332−1-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини, 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий равишда тўласа, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби кодекснинг 131, 132, 136 ва 140-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганда қўлланилмайди. Шунингдек қуйидаги ҳолларда татбиқ этилмайди:

  • жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест билдирилганда;
  • худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилганда.

Қонун 1 майдан эътиборан кучга киради.