Андижон вилояти Балиқчи туманида турмуш ўртоғини бўёқ суюлтиргич билан ёқиб юборган эркак 17 йилга қамалди. Бу ҳақда вилоят судлари матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳолат 2022 йил 13 июнь куни содир бўлган. 43 ёшли судланувчи Х.Қ. ўша куни соат 21:00 да иккинчи — шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи Д.С.нинг уйига борган. Хонадонда ҳеч ким йўқлигига ва Д.С.нинг ётоқхонада ёлғиз ухлаётганига ишонч ҳосил қилгач, ўзи билан олиб келган идишдаги бўёқ суюлтиргич моддасини аёлнинг устига сепган. Д.С. бу ҳолатдан қўрқиб уйғонган вақтида эркак қўлидаги ёндиргич билан уни ёқиб юборган. Аёл ўзини қутқариш мақсадида уй ҳовлисига чиқиб, устидан сув қуйган.

Унинг оловни ўчиришга уринганини кўрган Х.Қ. яна бир идишдаги бўёқ суюлтирувчи моддани аёлга сепиб, ёқиб юборган. Аёл яна устига сув қуйиб, кўчага қочиб чиққан ва қўшнисининг уйига яшириниб олган. Бироқ Д.С.га кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, у олган жароҳатлари туфайли 26 июнь куни шифохонада вафот этган.

Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Д.С.да тананинг 97 фоизи АБ 1−2−3 даражали куйиши, куйиш шоки оғир даражаси, куйиш хасталиги, ўткир ҳолда полиоргон етишмовчилиги аниқланган. Ушбу жароҳатлар юқори ҳарорат таъсири, яъни аланга таъсиридан ҳосил бўлган. Жароҳатлар ҳаёт учун хавфлилик мезонига кўра, оғир тан жароҳатлари белгиларига эга.

Х.Қ. мазкур жиноятни қилишига Д.С. билан муносабатлари совуқлашгани сабаб бўлганини таъкидлади. Ўрганишлар давомида унинг яна бошқа жиноят содир этгани ҳам маълум бўлди.

2022 йил 24 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судида ўқилган суд ҳукмида қайд этилишича, Х.Қ. 2020 йилда фуқаро О.Ш.нинг ишончига кириб, балиқ маҳсулотлари билан шуғулланиши учун 4 минг доллар кераклигини, агар бериб турса, бир ойда қайтариб беришини айтиб пул олган. Шундан сўнг қарзини қайтармаслик мақсадида турли баҳоналар қилиб, 2020 йил апрелидан декабригача О.Ш.дан жами 14 минг доллар маблағни фирибгарлик билан қўлга киритган.

Суд ҳукми билан Х.Қ. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (Жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, яъни ўта шафқатсизлик билан) ва 168-моддаси 3-қисмининг «а» банди (Фирибгарлик)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан узил-кесил ўташ учун 17 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Шунингдек, Х.Қ.дан жабрланувчи А.Х. фойдасига жами 12 500 доллар миқдорида моддий зарар ундириш белгиланган.