Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси футболчиси Шахриёр Жабборов допинг тести туфайли футболдан вақтинча четлаштирилгани ҳақида хабар берилганди. Спортчи эҳтиётсизлик сабаб сифатсиз биологик фаол моддалар истеъмол қилган бўлиши эҳтимоли ўрганиб чиқилмоқда, дея маълум қилди Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Осиё футбол конфедерацияси Ўзбекистонда бўлиб ўтган U-20 Осиё кубоги бўйича тиббий хулосасини тақдим этган. Унга кўра, Ўзбекистон — Австралия учрашувидан кейинги допинг текширувда терма жамоанинг бир нафар футболчиси — Шахриёр Жабборовда тақиқланган модда аниқланган.

«Ушбу текширув „А“, яъни биринчиси ҳисобланиб, ундан сўнг „Б“ қўшимча текшируви ўтказилади. Айнан иккинчи текширувдан сўнг якуний қарор чиқарилади», — дея таъкидланади хабарда.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти бошчилигида мазкур ҳолатни тўлиқ ўрганиб чиқиш юзасидан ички текширув бошланган. Унда футболчи, тиббий қўмита мутахассислари, терма жамоа ҳамда клуб шифокорлари иштирок этмоқда.

Дастлабки тахминларга кўра, Жабборов эҳтиётсизлик сабаб сифатсиз биологик фаол моддалар истеъмол қилган бўлиши эҳтимоли ўрганиб чиқилмоқда.

Ассоциация турнир давомида Ўзбекистон U-20 терма жамоасининг аксарият футболчилари допинг текширувдан ўтган ва ҳеч кимда тақиқланган воситалар аниқланмаганини қўшимча қилди.

20 ёшли Шахриёр Жабборов Тошкентнинг «Пахтакор» клубида тўп суради. У Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибида финалда Ироқни мағлуб этиб (1:0) U-20 Осиё кубоги чемпионига айланганди.