Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими ер назорати инспектори ҳокимият балансидаги 3 гектар ерни сотишга уринганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 12 апрель куни ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, Фарғона вилояти ИИБ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбири ўтказилган.

Тезкор тадбир давомида Ўзбекистон тумани ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими ер назорати инспектори ҳокимият балансид бўлган, қишлоқ хўжалиги масалалари учун мўлжалланган ерлардан 3 гектарини очиқ электрон платформаси орқали ютиб бериш эвазига тадбирга жалб қилинган махсус харидордан 4 минг доллар миқдоридаги пулларни олаётган вақтида қўлга олинди.

Тўпланган ҳужжатларга асосан иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси томонидан жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (фирибгарлик, жуда кўп миқдорда) ва 25-модда орқали 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.