Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда Туркманистон Миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, дастлаб давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовга оғир жудолик — онаси Огулабат эдже Бердимуҳамедова оламдан ўтгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Суҳбатда икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Олий даражадаги келишувлар ижросининг бориши муҳокама қилинди. Йил бошидан буён ўтган икки томонлама мулоқотлар — Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, сиёсий маслаҳатлашувлар, транспорт ва маданият вазирларининг учрашувлари, дипломатик муносабатлар ўрнатилгани 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган бошқа тадбирларнинг самарали натижалари қайд этилди.

Савдо-иқтисодий, энергетика ва сув хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олинди. Телефон мулоқоти якунида етакчилар бир-бирини ва қардош мамлакатлар халқларини яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан қутлади.

Ўзбекистон президенти, шунингдек, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга бувисининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Суҳбатда Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда олий даражадаги келишувларга мувофиқ амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Яқинда ўтказилган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ташқи сиёсий идоралар, транспорт, маданият вазирликлари доирасидаги учрашувлар ва бошқа тадбирларнинг самарали натижалари ижобий баҳоланди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари, энг аввало, «Шовот-Тошовуз» чегараолди савдо сонасини ташкил этиш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.