Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 143 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади, дея хабар қилди банк матбуот хизмати.

Ушбу маблағлар мамлакат ҳукумати томонидан жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш лойиҳасини молиялаштириш ва қурилиш секторида «яшил» энергияга инвестицияларни жалб қилиш бўйича институционал ва норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш учун сарфланиши қайд этилган.

Имтиёзли молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматига Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) томонидан паст фоиз ставкаси бўйича 30 йил муддатга, шу жумладан беш йиллик имтиёзли давр билан тақдим этилади.

Жаҳон банкининг 2021 йилги тадқиқоти аниқлашича, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш орқали йилига 7000 гигаватт-соатдан (ГВт/соат) ортиқ энергия тежалиши мумкин, шундан тахминан 6810 ГВт/соати иссиқлик ва 240 ГВт/соатдан кўпроғи электр энергияси кўринишида.

«Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган ушбу янги лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб жамоат биноларининг энергия самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Лойиҳа бинолар секторининг ўзгарувчан иқлим шароитларига тайёргарлигини ошириш, энергия сарфини камайтириш ва атмосферага иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартиришга ёрдам беради», — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

«Бу яқинда қабул қилинган Жаҳон банкининг мамлакат билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳалардан биридир. Унинг устувор йўналишлари орасида миллий иқтисодиётнинг экологик барқарор ўсишга ўтишида Ўзбекистонга кўмаклашиш ҳам бор», — дея қўшимча қилди у.

Лойиҳа Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва унинг буджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси (ТEЖ) томонидан амалга оширилади. Жамғарма 2020 йилда иқтисодий, ижтимоий ва турар-жой соҳаларида инвестицияларни жалб қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида ташкил этилган.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 142 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Ушбу маблағлар мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини ошириш ва ўрмонларни қайта тиклашга, шунингдек, Ўзбекистоннинг трансчегаравий табиий зоналарни тиклаш бўйича Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашувчи лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади.

Лойиҳа Жаҳон банкининг Марказий Осиёда ландшафтлар барқарорлигини таъминлаш дастурининг (RESILAND CA+) бир қисмидир. Унинг мақсади чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига тайёрлигини кўтариш орқали ландшафтларнинг барқарорлигини оширишдан иборат.

Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкасида, қайтариш муддати 30 йил, шундан беш йили имтиёзли давр бўлган молиялаштиришни тақдим этади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси лойиҳани, жумладан қуйидаги тадбирларни амалга ошириш учун жавобгар этиб белгиланди:

  • Ўзбекистонда ўрмон плантациялари бўйича биринчи ягона маълумотлар базасини, шунингдек, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг замонавий ва самарали ташкилотга айлантириш имконини берадиган ахборот-коммуникация платформасини яратишга кўмаклашиш;
  • мамлакатнинг турли минтақаларида деградацияга учраган ерларни тиклаш мақсадида ҳамда дарахтлардан кенг фойдаланган ҳолда (агро-ўрмончилик, ўрмон дарахтлари плантацияларини, мевали боғлар ва ўрмон-дашт тизимларини ривожлантириш каби) тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, ушбу фаолият доирасида маҳаллий аҳолининг қисқа муддатли бандлигини таъминлаш;
  • табиий ресурслардан самаралироқ фойдаланадиган кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш учун фермерларга молиявий ва ўқув хизматларини кўрсатиш;
  • муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва ўрмон қўриқхоналарини янада самарали бошқаришга, шунингдек, улар негизида барқарор экотуризмни ривожлантиришга кўмаклашиш. Лойиҳа доирасида ушбу мақсадлар учун уларнинг ҳудудларида зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича ишлар молиялаштирилади. Хусусан, асосий инфратузилма, ташриф буюрувчилар учун марказлар, туристик ва маъмурий объектлар, кемпинглар, пикник ва бошқа дам олиш фаолияти учун майдончалар, сайёҳлар учун йўлак тизимлари ва бошқаларни қуриш.