Шуҳрат Абдураҳмонов Андижон вилояти ҳокими лавозимидан озод этилгани ҳақида бир қатор интернет нашрлари, жумладан, «Дарё» нашри ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Янги Ўзбекистон» газетаси сайти (Kun.uz`га таяниб) хабар тарқатди.

Нашрларга кўра, Андижон вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғи Дилшод Каримов тайинланган.

Бир кун аввал ижтимоий тармоқларда Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли дея тахмин қилинаётган интим видео тарқалганди. Видеоёзувнинг бир қисми хиралашган, ҳоким юзи энг охирида кўринган.

«Газета.uz» президент ва Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматларига сўров йўллади, бироқ ҳозирча жавоб ололмади.

Раддия

Telegram`даги AntiFake.uz канали (тавсифида айтилишича, сохта ахборотларга раддиялар учун расмий манба) жума куни эрталаб Шуҳратбек Абдураҳмонов лавозимидан озод қилингани ҳамда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб Дилшодбек Каримов тайинлангани ҳақида хабарлар «расмий манбалар томонидан эълон қилинмаган»ини билдирди.

«Ахборот ресурсларидан ҳаққонийлиги тасдиқланмаган, асоссиз маълумотларни тарқатмасликни сўраб қоламиз», — дея ёзади канал ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик борлигини эслатиб.

Шундан сўнг ҳокимнинг ишдан бўшатилиши ҳақида хабар тарқатган ОАВлар ўз хабарларига раддиялар эълон қила бошлади.

Ҳоким ҳимояси учун постлар

Ижтимоий тармоқларда ҳокимнинг истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлиши билан бирга, уни ҳимоя қилувчи постлар пайдо бўлди ва видеони эълон қилганларни танқид қилди.

Хусусан, Facebook`даги «Таълим янгиликлари» гуруҳи администратори Мумтоза Каримова видеонинг тарқалишини «пасткашлик» ва «одамийлик эмас» деб атади.

«Монтажлиги аниқ. Теппалиги аниқ. Андижонда бу инсонни ҳурмати ва чексиз меҳнати бор. Билинг, шундай улуғ кунларда оилангиз, яқинларингиз ва Андижон халқи олдида юзингиз ёруғ… Ёзишди, тақатишди ва айлантиришди. Номард инсонларга… Сизлар каби у инсонни ҳам фарзандлари, қўни-қўшниси, оиласи ва қуда-андаси бор. Тарқатишдан олдин вилоят ҳокими лавозимида эмас аввало инсон каби кўриш керак эди. Яхши эмас бу… Туҳматни юки ва гуноҳи оғир», — деб ёзади у.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Дилмурод Жумабоев эса видеони тайёрлаган ва тарқатган шахс жиноий жавобгарликка тортилиши кераклигини айтди.

«Агар шунча йил катта масъулиятни елкасига олиб меҳнат қилиб келаётган бутун бошли бир вилоятнинг ҳокимини бундай бетаъсир шаклда хижолатга қўйиш, „сўз ва ахборот эркинлиги“ бўладиган бўлса, бундай эркинлик керакми деган саволни ўртага ташлаш пайти келди. Гап фақат Андижон ҳокимида эмас, инсоннинг шаънини топташ, уни қасддан обрўсизлантириш мақсадида қилинган ҳар қандай ҳаракат оғир жиноятга тенглаштирилиши шарт бўлиб қоляпти», — деб ёзди у.

Тармоқ фойдаланувчиларидан бири Замира Усмонова «инсонни ўзи ва Аллоҳ ўртасида қайсидир маънода сири бўлиши»ни таъкидлади.

«Ана шу сир қандай мазмун ёки кўринишда бўлмасин, буни ошкора қилишга ҳеч кимнинг хакки йўқ. Бу ишни фош қилган инсон фақат ғаразли мақсадини кўрсатиб қолмай шундай бир ҳалкпарвар, меҳнаткаш, фидоий, керак бўлса ватан учун жонидан кечувчи инсонга, жонкуяр Андижоннинг отасига, халқига хиёнат қилди», — дея пост қолдирди у.

Ҳоким номига айтилаётган мақтовлардан норозилар ҳам бўлди. Хасанбой Қосимовнинг айтишича, 2016 йилдан бошлаб Андижон вилояти «барча соҳада орқада қола бошлаган».

«Саноат ишлаб чиқариш хажми қисқарган. Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш камайган. Таълимда хам олдинги ўринлардан ўрта ва қўйи поғонага тушган. Лекин коррупция ва ўзлаштириш бўйича республикада биринчи бўлган. Сохта ҳисоботлар орқали шу ерга етиб келдик. Туҳмат ва ғийбат дегувчилар бу ҳаммаси расмий статистикадан олинган», — деди у.

Маълумот учун, Шуҳратбек Абдураҳмонов 2016 йилнинг сентябридан буён ўзгармай келаётган ягона вилоят ҳокими ҳисобланади. У Андижон ҳокимлигига 2013 йил 26 апрель куни тайинланган.