13 апрель куни Самарқандда Ўзбекистон, Эрон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Хитой ТИВ раҳбарлари иштирокида Афғонистонга қўшни давлатлар тўртинчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар берди.

Учрашувда Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий ва толибларнинг бошқа вакиллари иштирок этишди, дея маълум қилди Афғонистон ТИВ матбуот котиби ўринбосари Ҳафиз Зиа Аҳмад ўзининг Twitter`даги саҳифасида.

Тадбир Ўзбекистон томони раислигида бўлиб ўтди.

«Биз, Афғонистоннинг яқин қўшнилари сифатида бошқалардан кўра мамлакатдаги вазиятнинг тезроқ барқарорлашувидан кўпроқ манфаатдормиз. Қолаверса, хоҳлаймизми-йўқми, бугун Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун асосий масъулият елкамизга тушди», деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов анжуман очилишида.

Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият фақат афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш билан чекланиб қолмаслиги керак — мамлакатда унинг тинч келажаги учун асос бўладиган иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш зарур.

афғонистон, марказий осиё, самарқанд, халқаро форум

Фото: Ўзбекистон ТИВ.

Вазир вазифасини бажарувчи Афғонистонга қўшни давлатлар маслаҳатлашувлари формати долзарблиги «ушбу мамлакатдаги мавжуд вазиятга нисбатан қўшма ёндашувлар ва ҳаракатларни ривожлантиришга ҳисса қўшишини таъкидлади».

«Афғонистондаги вазият оғирлигича қолмоқда. Ишончимиз комилки, яқин келажакда Афғонистон масаласи минтақавий ва глобал хавфсизликнинг муҳим омилларидан бири бўлиб қолаверади, бу кўплаб мамлакатлар, биринчи навбатда, қўшни давлатлар манфаатларига таъсир қилади», — деди Бахтиёр Саидов.

Унинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият Кобулдаги янги ҳукуматдан, ўзига олган масъулиятни, биринчи навбатда инклюзив ҳукумат тузиш, аёллар ва миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва террористик гуруҳлар билан алоқаларни узишни кутмоқда.

Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий ўз нутқида Самарқанддаги учрашув «минтақамизнинг барқарорлиги, хавфсизлиги ва иқтисодий равнақи йўлида биргаликдаги садоқатимизни намойиш этишини таъкидлади».

афғонистон, марказий осиё, самарқанд, халқаро форум

Фото: twitter.com/HafizZiaAhmad1.

«Бу бизнинг умумий келажагимиз борлигидан далолат беради ҳамда биз барқарорлик ва хавфсизлик билан боғлиқ имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, умумий таҳдидларга масъулият билан жавоб бериш учун ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз керак. Афғонистон минтақа билан яқин ва мувофиқлаштирилган ҳамкорликка тайёр», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, «Толибон» минтақа мамлакатлари Афғонистонда барқарор ва иқтисодий фаровон шароит яратиш учун биргаликда ҳаракат қилади ва бу Афғонистоннинг конструктив рол ўйнашига ёрдам беради, деб умид қилмоқда.

«Биз ҳам масъулиятли ҳукумат сифатида ўз мажбуриятларимизни бажаришга тайёрмиз. Ҳеч қанақа ҳолатда Афғонистонни салбий тўқнашувлар ва ноқонуний рақобат майдонига айлантиришга йўл қўймаймиз», — деди Амир Хон Муттақий.

Унинг сўзларига кўра, амалдаги ҳукумат ташкил этилганидан деярли икки йил ўтган бўлсада, «илдизлари Афғонистонга бориб тақаладиган хавфсизлик соҳасида ҳеч қандай жиддий ҳодисаси содир бўлмаган».

Минтақа давлатлари уларнинг сиёсати Афғонистонга нисбатан салбий тарғибот ва қарама-қарши кучларнинг ҳийла-найранглари қурбонига айланмаслиги учун ҳушёр туришлари керак, дея таъкидлади у.

«Аксинча, Афғонистон минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва иқтисодий алоқалар призмасидан қараш йўлидан боради. Сиёсий, хавфсизлик ва иқтисодий соҳалардаги ижобий ва қатъий минтақавий ҳамкорлик Афғонистон ва бутун минтақа манфаатларини таъминлашда фойдали бўлиши мумкин», — деди Амир Хон Муттақий.

Форум давомида томонлар Афғонистондаги мавжуд вазият, ушбу мамлакатнинг амалдаги расмийлари томонидан жаҳон ҳамжамиятининг асосий талаблари — инклюзив ҳукумат яратиш, афғонистонлик аёлларнинг меҳнат ва таълим олиш имкониятини ҳамда миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби асосий талабларнинг бажарилиши муҳокама қилинди.

Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакат миллий иқтисодиётини тиклашга қаратилган биргаликдаги ҳаракатлар механизмини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Халқаро терроризм, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва уларнинг контрабандасига қарши курашда Афғонистонга қўшни давлатларнинг чора-тадбирларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий омили сифатида Афғонистон салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш муҳимлиги қайд этилди.

Шу нуқтайи назардан, томонлар Афғонистон ҳудудида қўшни давлатлар иштирокида нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки бу мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга янада фаол интеграциялашувга хизмат қилувчи инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори эканликларини билдирди.