2023 йилнинг 27 апрель куни Тошкент шаҳридаги Panarams меҳмонхонасида гибрид форматдаги иккинчи инклюзив бизнес-форум бўлиб ўтади.

Маълум қилинишича, ушбу форум Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ижтимоий буюртмаси асосида Тошкент шаҳри «Шароит плюс» ногиронлар жамоат бирлашмаси томонидан www.ishplus.uz махсус рекрутинг веб-портали орқали ногиронлиги бўлган шахсларни очиқ меҳнат бозорида муносиб иш билан таъминлаш лойиҳаси доирасида ўтказилади.

Тадбир 4 йирик мавзудаги сессия муҳокамаларини ўз ичига олади:

  • ногиронлиги бўлган шахсларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасига ҳамда халқаро ташкилотларга ишга киритиш: амалий тажриба ва муваффақиятли ҳикоялар;
  • Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш: субсидия ва имтиёзлар;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришда иш берувчилар олдида қандай мажбуриятлар бор?;
  • Ўзбекистонда инклюзив бизнес амалиётларини ривожлантириш учун қандай имкониятлар ва тўсиқлар мавжуд?

Форумга ногиронлиги бўлган шахсларнинг инклюзив меҳнат масалаларига бефарқ бўлмаган маҳаллий бизнес ҳамда ижтимоий соҳа ва ОАВ вакиллари таклиф этилади.

Қайд этилишича, тадбирда Тошкент шаҳри «Шароит плюс» ногиронлар жамоат бирлашмаси раиси Муҳаббат Раҳимова, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Британия кенгаши, UNIСEF, Жаҳон банки ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари нутқ сўзлайди. Бундан ташқари, йирик, ўрта ва кичик маҳаллий компанияларнинг раҳбарлари ҳамда кадрлар бўлими мутахассислари ҳам қатнашади.

Мазкур форумда иштирок этиш бепул. Офлайн қатнашиш учун жойлар сони чекланган бўлиб, олдиндан рўйхатдан ўтиш тавсия этилади. Онлайн тарзда эса Zoom иловаси орқали иштирок этиш мумкин. Жонли эфирни «Шароит плюс» ногиронлар жамоат бирлашмасининг YouTube канали ёки forum.ishplus.uz сайтида ҳам томоша қилиш имконияти йўлга қўйилади.