12 апрель куни «Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги президент қарори [ПҚ-121-сон] қабул қилинди. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.

Унга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигига (кейинги ўринларда — Агентлик) фермер хўжаликларининг дала четларини ўзлаштириш, уларда маҳсулотлар етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларнинг ишончли харидини ташкил қилиш вазифаси юклатилди.

Агентликка:

  • дала четларида ишларни тўғри ва сифатли ташкил қилиш, ер эгаларига экишдан бошлаб маҳсулотни реализация қилишгача бўлган даврда амалий ёрдам бериш учун 2023 йилда ҳар бир туманга 4 нафаргача, жами 672 нафаргача мавсумий агрономларни ишга қабул қилишга рухсат берилди;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ва Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти бириктирилди.

Агентлик тизимидаги штат бирликлари доирасида қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини жорий қилишга масъул бўлган директор ўринбосари штати жорий қилинди.

Агентликнинг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 2023 йилда ажратилиши кўзда тутилган 400 миллиард сўм бюджет ссудаси ҳисобидан 100 миллиард сўм йиллик 10 фоиз ставкада қуйидаги мақсадлар учун сарфланиши белгиланди:

  • дала четини ўзлаштириш ва маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган уруғ, кўчатлар, минерал ўғитлар, кимёвий препаратлар, моддий-техник ресурслар билан таъминлаш;
  • сув билан таъминлаш учун насос ва қувурларни ўрнатишга қарз шартномаси асосида, нақд пул шаклида қишлоқ хўжалиги корхоналари ва дала чети ер эгаларига 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада қарз ажратиш.

Бунда, берилаётган қарз маблағлари олинаётган даромаднинг 50 фоизидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Агентликка дала четларига кредит асосида насос ва қувурларни ўрнатиб, сув билан таъминлаш чораларини кўриш учун уч томонлама шартнома асосида корхоналарни жалб қилишга рухсат берилди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қуритиш цехи ва совиткичли омборхоналарни харид қилишга Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 50 миллиард сўм маблағ ажратади.

Ушбу маблағлар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан:

  • қишлоқ хўжалиги корхоналарига 36 ойгача имтиёзли давр билан 84 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада ажратилсин. Бунда, кредит суммасининг 60 фоизи бўйича гаров таъминоти сифатида ўрнатиладиган қуритиш цехи ва совиткичли омборхоналар олиниши, 40 фоизи бўйича гаров таъминоти сифатида уларнинг қайтмаслик хатарини суғурта қилиш бўйича суғурта полиси олиниши белгиланди;
  • ташаббускорларга қуритиш цехи ва совиткичли омборхоналар ўрнатиб берилгандан сўнг маҳсулот етказиб берувчининг ҳисоб рақамига ўтказиб бериш шарти билан ажратилади.

Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида қишлоқ хўжалиги ерлари атрофида коллектор-дренаж тармоқлари мавжуд бўлган фермер хўжаликларига зовур сувларида 200−250 бошдан ўрдак боқиш ва асалари уяси ташкил қилиш учун йиллик 14 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади.

Бундан ташқари, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 2023−2025 йилларда Сирдарё вилоятида фойдаланилмай бўш турган дала четлари ҳамда коллектор-дренажлар атрофларидаги 500 гектар майдонда ихчам «ижтимоий иссиқхона»ни ташкил қилиб, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»га киритилган ҳамда меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга тайёр ҳолда 2,5 сотихдан ажратилишини таъминланиши топширилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «ижтимоий иссиқхона» лойиҳасини амалга оширишни молиялаштириш учун халқаро молия институтларидан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ресурсларини жалб қилади.