Малайзия компанияси раҳбарияти билан Ўзбекистонда электробуслар ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Малайзиянинг Gemilang Coachwork Sdn. Bhd компанияси ижрочи директори Панг Чонг Ёнг билан учрашув ўтказди. Унда вакиллар компания тўғрисида тақдимот намойиш этди ва компания томонидан ишлаб чиқарилаётган автобуслар, уларнинг хусусиятлари, экспорт географияси, шунингдек, келгуси режалар тўғрисида маълумот берди.

Учрашувда Малайзия компанияси ва «Ўзавтосаноат» АЖ таркибидаги корхоналари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Панг Чонг Ёнг Ўзбекистоннинг Uz Truck and Bus Motors ҚК МЧЖ билан ўзаро ҳамкорлик ҳолатидан мамнун эканини билдириб, келгусида «Самавто» МЧЖ корхонаси билан корхона эҳтиёжлари учун алюминий кузовлар етказиб бериш ва биргаликда электро автобуслар ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганишга қизиқиш билдирди.

Учрашув натижасида Малайзия компанияси билан «Ўзавтосаноат» АЖ ўртасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва «Самавто» МЧЖ негизида электро автобуслар ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш бўйича онлайн музокаралар ўтказиш юзасидан келишиб олинди.

1992 йилда ташкил этилган бош қароргоҳи Малайзиянинг Жоҳор штатида жойлашган Gemilang Coachwork Sdn. Bhd. автобуслар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1 мингга яқин автобус ва кузовни ташкил этади.

Корхона маҳсулотлари АҚШ, Европа, Жануби-Шарқий Осиё ва Ўзбекистонга экспорт қилинади. Мазкур компания ва Uz Truck and Bus Motors ҚК МЧЖ ўртасида 2015 йилда ҳамкорлик ўрнатилган. Ҳамкорлик доирасида Малайзия компанияси томонидан Ўзбекистонга MAN автобуслари учун 350 та кузов етказиб берилган.