12 апрель куни Тошкентда «Биохилма-хиллик бўйича глобал дастурини эрта қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси ишга туширилди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг янги қўшма лойиҳаси бўлиб, Глобал экологик жамғармаси (GEF) томонидан молиялаштирилади, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

2022 йил декабрь ойида Биохилма-хиллик бўйича Куньминг-Монреал глобал дастури (GBF) 190 мамлакат томонидан маъқулланган. Ушбу дастур 2050 йилга келиб табиат билан уйғунликда яшайдиган дунё глобал концепцияси мақсадларига эришиш учун йўл харитасини белгилайди. Дастурнинг асосий кўрсаткичлари 2050 йилга қадар 4 та мақсад ва 2030 йилга қадар 23 та нишонга эришиш ҳисобланади.

Дастур биохилма-хиллик бўйича глобал ҳаракатлар учун мустаҳкам асос бўлиб, Иқлим ўзгариши бўйича Париж битимини тўлдиради ва 2050 йилга келиб иқлим ўзгаришига чидамли ва ва барқарор дунёга йўл очади, дейилади хабарда.

Биохилма-хиллик бўйича Куньминг-Монреал глобал дастурига қўшилиш билан бир вақтда Ўзбекистон дунёнинг бошқа кўплаб давлатлари каби уни амалга ошириш учун ўзининг миллий мақсадларини белгилаш мажбуриятини олган. Бошланган лойиҳа Ўзбекистоннинг биохилма-хилликни сақлаш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш, мониторингини амалга ошириш ва молиялаштириш бўйича сиёсатини белгилаб берувчи Миллий стратегияси ва Ҳаракатлар режасини глобал дастурининг кун тартибига мос келадиган тарзда қайта кўриб чиқишга кўмаклашади.

Биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси:

  • меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
  • давлат кадастрини юритиш ва ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси объектлари мониторингини юритишни такомиллаштириш;
  • сиёсатни шакллантириш ва қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган биохилма-хилликнинг ҳолати ва аҳамияти тўғрисидаги замонавий илмий ахборотни такомиллаштириш;
  • ҳайвон ва ўсимликларнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларини тиклаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан ноқонуний фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш;
  • муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ва экологик туризмни ривожлантириш;
  • аҳолининг онги ва экологик маданияти даражасини ошириш.

«Ўзбекистон глобал интеграция масалаларида фаол позицияни эгаллайди. Биз биохилма-хиллик ва умуман табиатга жамиятнинг муносабатини ўзгартиришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшишга интиламиз», — деди тадбирда нутқ сўзлаган табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска эса биохилма-хиллик ва экотизим хизматларининг йўқолиши харажатлар ва хатарларни ошириши ҳамда иқтисодий кўрсаткичларнинг пасайишига олиб келиши мумкинлигини билдирди: «Биз ҳозир ҳам ушбу таъсирларни сезмоқдамиз. Орол денгизининг қуриб бораётгани, бутун мамлакат бўйлаб тез-тез содир бўлаётган чанг бўронлари табиий ресурслардан масъулиятли тарзда фойдаланиш лозимлигини англатади».

биохилма-хилликни сақлаш

Ўзбекистон биохилма-хиллиги 27 мингдан ортиқ турларни ўз ичига олади. Улар орасида умуртқасиз ҳайвонларнинг 14 900 тури, умуртқали ҳайвонларнинг эса 715 тури учрайди. Умуртқалиларнинг 107 тури сутэмизувчилар, 467 тури қушлар, 61 тури судралиб юрувчилар, 3 тури амфибиялар, 77 тури балиқлардир.

Шунингдек, 11 000 турдаги ўсимликлар, қўзиқоринлар, сув ўтлари бор. Бундан ташқари, юқори ёввойи ўсимликларнинг 4300 тури бўлиб, улардан 8 фоизи эндемик турлардир. Ўзбекистон «Қизил китоб»ига (2019) 206 ҳайвон ва 314 ўсимлик тури киритилган.

Асосий глобал мақсадлардан бири 2030 йилга қадар дунё бўйлаб таназзулга учраган экотизимларни 30% га қайта тиклаш, маълум турларнинг йўқ бўлиб кетишини тўхтатиш ва 2050 йилга келиб барча турларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини ва тезлигини ўн баравар камайтириш, 2030 йилгача пестицидлар хавфини камида 50% га камайтириш, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва ўрмон хўжалиги учун ажратилган ҳудудларни барқарор бошқариш ва агроэкология ва бошқа биохилма-хилликни қўллаб-қувватлайдиган амалиётларни сезиларли даражада ошириш (мақсадларнинг тўлиқ рўйхати мавжуд) ҳисобланади.