Фарғона вилояти Тошлоқ туманида фуқаро хонадонида туғилган иккита тулки боласи ҳайвонот боғига топширилди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, «Сойбўйи» МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Равшан Мамажонов уйининг том қисмида тулки болалагани ҳақида мурожаат қилган. Бошқарма инспекторлари хонадонга етиб боргунига қадар жониворлар оч қолиб, нобуд бўлмаслиги учун уй эгаси уларни озиқлантириб турган.

тулки, фарғона вилояти, ҳайвонот боғи

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилояти бошқармаси матбуот хизмати

Ходимлар ҳамкорликда фуқаронинг том қисмидан тулки болаларини шикаст етказмасдан олиб тушган.

Қайд этилишича, парваришга муҳтож иккита тулки боласи Фарғона шаҳридаги ҳайвонот боғига далолатномага асосан топширилган.

тулки, фарғона вилояти, ҳайвонот боғи

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилояти бошқармаси матбуот хизмати

Вазирликнинг вилоят бошқармаси матбуот котиби Гулноза Тўхтасинованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, она тулкининг боласи тўртта бўлган.

«Фуқаро хонадони дала майдонига жуда яқин жойлашган. Она тулки уйнинг том қисмидан ўтган печка мўриси олдида яшаб келган. Совуқ кунларда ўша жойда болалаган. Икки ойлик бўлган тулки болаларининг овозини эшитган хонадон вакиллари томга чиққан вақтида она тулки уларни кўриб, қочиб кетган. Тетикроқ иккита тулки боласи эса туйнукка кириб олган. Фуқаролар она тулкининг келишини бир неча кун кутишган, аммо ундан дарак бўлмагач, экология бошқармасининг ишонч телефон рақамига мурожаат қилишди», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, иккита тулки боласи жуда ёш бўлгани ва ўзини эплолмагани боис табиат қўйнига қўйиб юборилмаган. «Ҳайвонот боғига яқин ҳудудда яшайдиган экоинспектор кунора тулки болаларидан хабар олиб турибди. Фуқаролар ободонлаштириш ходимлари билан доимий мулоқотда. Агар тетикроқ иккита тулки боласи туйнукдан чиқса, уларни ҳам ҳайвонот боғига топширамиз», — деди Гулноза Тўхтасинова.