«Ўзбекистон Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича республика референдуми 2023 йил 30 апрель — якшанба куни ўтказилиши белгиланганди.

Ушбу жараёнда иштирок этувчилар референдум участкасига паспорт ёки ID-карта билан борганда электрон тарзда рўйхатдан ўтиши мумкин. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг жонли эфирдаги мажлисида айтиб ўтилди.

«Овоз берувчи фуқаро участкага келгач биометрик идентификациядан ўтади. Бунинг учун биз махсус тартиб лойиҳасини ишлаб чиқдик. Бунда фуқаро биринчи навбатда сайловчиларнинг электрон рўйхати билан ишлайдиган масъул олдига бориб, паспорт ёки ID-картасини беради. У махсус қурилма орқали сканердан ўтказилади ва рўйхатда фуқаро аниқланади. Шу вақтда унинг юзи яъни Face-ID орқали идентификация ҳам қилинади. Буни тизимнинг ўзи автоматик тарзда аниқлайди», — дея таъкидлади МСК раиси ўринбосари Баҳром Кучкаров.

Унинг айтишича, бунга кўп вақт кетмайди. Аниқлангандан кейин тизим унга квитанция чиқариб беради, шу асосда бюллетень олиб овоз беришга ҳақли бўлади. Участка комиссияси аввалгидек уни рўйхатдан излашга қийналмайди.

Ушбу тизимни тажриба-синов тарзида 14-Тошкент шаҳар округида айрим референдум участкаларида жорий этиш таклиф қилиняпти. Ушбу участкалар рўйхати округ тавсияси асосида МСК томонидан шакллантирилади.

Унга зарур қурилмалар Адлия вазирлигидан олинади. Рақамли технологиялар вазирлиги уни тизимда ишлашини таъминлайди. Синов натижалари таҳлил қилинади. Бунда реал овоз бериш шароитида қурилмаларнинг қандай ишлаши текширилади.