Давлат хавфсизлик хизмати Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларининг 2 нафар ҳоким ёрдамчиси қамоққа олингани ҳақида хабар берди.

Аниқланишича, Яккабоғ туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчисига ўзи норасмий раҳбарлик қилувчи 2 та МЧЖга қурилиш материаллари сотиб олиш бўйича банкдан 1,7 млрд сўмлик имтиёзли кредит ажратилган. У пулни бошқалар билан жиноий тил бириктириб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани айтилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳоким ёрдамчиси ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228- (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Яна бир ҳолатда эса Шаҳрисабз туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси фуқаро фойдаланиб келаётган 5 гектар ер майдони аукцион савдоларига чиқиб кетганидан хабардор бўлгани, унга ушбу ер майдонининг 50 сотихини қолдириб бериш эвазига 500 доллар олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ушлангани хабар қилинди.

Ҳозирда мазкур ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 168- (Фирибгарлик) ва 28,211- (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.