Ўзбекистон ва Қирғизистон мутахассислари Сўх туманидаги ерости газ иншоотидан биргаликда фойдаланиш учун қайта тиклаш ишларини бошлади, деб хабар қилди «Ўзтрансгаз» матбуот хизмати.

Февраль ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи чоғида икки мамлакат Энергетика вазирликлари Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншоотидан биргаликда фойдаланиш учун қайта тиклаш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш бўйича «йўл харитаси»ни имзолаганди.

10 апрель куни Ўзбекистон томонидан тузилган энергетика вазири бошчилигидаги 15 кишидан иборат ишчи гуруҳ лойиҳа доирасидаги тадқиқотларни ўтказиш учун мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида Қирғизистоннинг Қадамжой туманига борди.

«ЎзЛИТИнефтгаз» АЖ билан биргаликда Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти қудуқларида дала тадқиқотларини ўтказиш учун техник топшириқ ишлаб чиқилди, дейилади «Ўзтрансгаз» матбуот хизмати хабарида.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ ерости газ сақлаш иншоотининг ҳажми тахминан 2,5−3 млрд куб метр атрофидалигини айтганди. «Шундан 1,3 млрд куб метр газдан фойдаланиш мумкин, қолгани буфер зонада туради. Бу дегани қиш мавсумида водийни ҳар куни 13 млн куб метр газ билан таъминлашга имконият бўлади», — деган вазир.