Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни бўлиб ўтган маросимда фавқулодда ва мухтор элчилар — Фаластиндан Жавад Аввад, Япониядан Хатори Такаши, Қатардан Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Словакиядан Виктор Борецки ва Покистондан Аҳмад Фарукнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистонга янги тайинланган дипломатик миссиялар раҳбарларини самимий қутлаб, Ўзбекистондаги фаолиятини бошлагани билан табриклади.

Ўзбекистон етакчиси зиддиятлар ва можаролар кескинлашиб бораётган мураккаб халқаро вазият шароитида барча мамлакатлар билан ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни амалга оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Маросим давомида давлат раҳбари янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди.

шавкат мирзиёев, элчилар

Фаластин — Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги анъанавий ҳамкорларидан бири. Халқларни кўп асрлик дўстлик ришталари, муштарак диний ва маданий қадриятлар ўзаро боғлаб туради. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, фармацевтика ва тўқимачилик соҳаларида ҳамкорлик учун катта салоҳият борлиги таъкидланди.

Ўзаро манфаатли алмашинувларни ривожлантириш учун Фаластин давлат ташкилотлари ва хусусий бизнес вакилларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш таклиф қилинди.

Япония элчисига мурожаат қилар экан, давлат раҳбари Токио Ўзбекистоннинг вақт билан синалган стратегик шериги эканини, ушбу мамлакат билан муносабатлар ўзаро ишонч руҳида ривожланиб бораётганини қайд этди.

Япония Ўзбекистон иқтисодиёти, саноати ва инфратузилмасини технологик модернизация қилишда фаол иштирок этаётгани мамнуният билан таъкидланди. 2019 йил декабрь ойида ўтган ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратган Ўзбекистон-Япония саммити тарихий воқеа бўлгани қайд этилди.

Қатар Ўзбекистон учун яқин дўст, нафақат араб-мусулмон оламида, балки бутун дунёда катта нуфуз ва таъсирга эга мамлакат экани қайд этилди.

Президент Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Таний раҳбарлигида эришаётган катта муваффақиятларни юксак баҳолади, футбол бўйича жаҳон чемпионати ва Дохада БМТнинг энг кам ривожланган мамлакатлар бўйича конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Ҳамкорлик истиқболларини баҳолар экан, давлат раҳбари бу борада катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Бўлажак Ўзбекистон-Қатар саммити икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш сари тарихий қадам бўлишига ишонч билдирилди.

Таъкидланишича, энергетика, қазиб чиқариш, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, экологик туризм ва фармацевтика соҳаларидаги йирик қўшма лойиҳалар савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга бўлади.

Ўзбекистон Словакияни Европа Иттифоқида салмоқли иқтисодий салоҳиятга эга истиқболли ҳамкорларидан бири сифатида қабул қилади.

Президент дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Словакия муносабатлари янги лойиҳалар ва аниқ дастурлар билан бойиб, изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони 2 баравар кўпайган.

Ўзбекистон инвестиция соҳасида, шу жумладан тиббиёт, фармацевтика ва кимё тармоқларининг етакчи компаниялари билан биргаликда аниқ лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдорлиги қайд этилди.

Сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти муттасил ошиб бораётган Покистон билан муносабатлар икки мамлакат етакчиларининг мунтазам мулоқотлари туфайли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.

Афғонистонда иқтисодий тикланишга кўмаклашиш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар, шу жумладан Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини тезда бошлаш Жанубий ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Давлат раҳбари Покистон томонига БМТ шафелигида Афғонистон бўйича халқаро музокара гуруҳини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

Сўзининг якунида Ўзбекистон президенти янги тайинланган хорижий дипломатик миссиялар раҳбарларига масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.