Ўзбекистонда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 3 тоифага — «яхши», «ўрта» ва «аҳволи оғир» тоифаларига ажратилди. Бу ҳақда 11 апрель куни президент раислигида ўтган, ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этишга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Тоифалашда ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишланиши таъкидланди.

Бунда:

  • яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёшлар «яхши» тоифага;
  • турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш «ўрта» тоифага киритилди;
  • давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёшлар «аҳволи оғир» тоифасига алоҳида ажратиб олинди.

Давлат раҳбари йиғилишда учинчи тоифага батафсил тўхталди.

116 минг нафар ёшларнинг ногиронлиги бўлса, 30 мингтасида сурункали касалликлар борлиги, 32 минг нафар ёшлар профилактика, 16 минг нафари пробация назоратида, 9 минг нафари мунтазам дарс қолдиришини маълум қилди.

Ҳар бир вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олийгоҳ ректорлари, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига учинчи тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёшлар номма-ном бириктирилиши белгиланди.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар асосий эътиборини «ўрта» тоифага кирган 4,6 миллион ёшлар билан ишлашга қаратиши лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, ёшларни ишга қабул қилиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилиши билдирилди.

2022 йилда 11 та давлат олийгоҳининг 11 мингдан зиёд битирувчидан 6,5 минг нафари ишга жойлашмаган. Ёки грантда ўқиган 3 минг талаба ҳам ишга кирмаган. Профессионал таълимда ҳам, ўтган йили коллеж ва техникумларни 143 минг нафар ёшлар битирган бўлса, шундан 30 минг нафари иш топа олмаган.

Шу муносабат билан бундан буён ҳар бир вазир тармоғидаги касбларга малака талабини ўзи белгилаши, бунда 70 фоиз касбларга ўрта махсус, 30 фоизига олий маълумот талаб этиладиган тизим бўлиши таъкидланди.

Шунингдек, вазирликлар олийгоҳ ва коллеж-техникумларга буюртма бериш билан бирга уларнинг ўқув дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади.

Ҳар бир вазир ва вилоят ҳокими йил бошида ўзининг Ёшлар бандлиги дастурларини ишлаб чиқиб, аҳолига эълон қилиши ва йил якунида натижалари бўйича жамоатчиликка ҳисобот бериши белгиланди.