Кузда Тошкент шаҳрида хориждаги фаол ватандошлар жамоат бирлашмалари иштирокида «Ўзбекистонликлар бутунжаҳон форуми» ўтказилади. Бу 2023 йилги Тараққиёт стратегиясида [ПФ-27-сон] қайд этилган.

Давлат дастурининг 269-банди форумнинг ташкилий масалаларига бағишланган. Унинг бош ижрочиси сифатида «Ватандошлар» жамоат фонди, назоратчи сифатида эса президент Администрацияси кўрсатилган.

Вазифалар қаторида форум иштирокчилари рўйхатини шакллантириш ва хориждаги ўзбекистонликларга таклифнома юборишдан тортиб, уни ўтказиш ва энг фаол ватандошни тақдирлаш ҳам кўзда тутилган.

Тадбир октябрь-ноябрь ойларида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Харажатлар эса «Ватандошлар» жамоат фонди ҳамда Республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Ҳозирча харажатлар миқдори ва қандай мукофотлар топширилиши маълум эмас.

Бундан ташқари, 268-бандда хорижда яшаётган ватандошлар орасида ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлари ҳам белгиланган. Бунинг учун ўзбек тили бўйича хориждаги ватандошларга мўлжалланган онлайн машғулотлар ташкил этилиши кутилмоқда.

Мазкур ишлар «Ватандошлар» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.