Бугун, 10 апрелдан Ўзбекистонда «Тоза ҳаво» ойлиги тадбири бошланди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, Табиат ресурслари, Ички ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирдан мақсад — мамлакатда автотранспортлар ташламаларини камайтиришдан иборат.

«Сўнгги йилларда ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши атмосферага чиқарилаётган ташламалар миқдорининг сезиларли ортишига сабаб бўлмоқда. Бу эса республикада, айниқса, Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ошишига хизмат қилмоқда», — дейилади вазирлик ахборотида.

Қайд этилишича, 2022 йилда ҳаво ифлосланиши бўйича халқаро ҳаво индекси рейтингида Тошкент 20-ўринни эгаллаган.

Вазирликка кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 4 млнга яқин автотранспорт воситалари мавжуд. Шундан 100 мингтаси носоз ҳисобланади. Улардан атмосферага бир йилда ўртача 1,3 млн тонна зарарли ташламалар ташланади. Бу умумий ташламаларнинг 63 фоизини ташкил этади (ушбу кўрсаткич пойтахтда 88 фоизга тенг).

«Транспорт воситалари сонининг кундан-кунга ортиши натижасида ташламалар миқдори 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 26 минг тоннага кўпайган. Бунга фойдаланиладиган ёқилғи турининг сифати, аҳолининг жамоат транспортларидан етарли даражада фойдаланмасдан, ўз автотранспорт воситаларида юришлари, автоулов эгаларининг ўз автотранспортларининг техник созлигига етарли даражада эътибор қаратмасликларини асосий сабаблар сифатида келтириш мумкин», — дейилади вазирлик ахборотида.

Маълум қилинишича, «Тоза ҳаво» ойлиги тадбири давомида республиканинг барча ҳудудларидаги йўл-патрул масканлари, вилоят, туман (шаҳар)ларнинг марказий кўчаларида бензин, дизел, табиий сиқилган ва суюлтирилган газда ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли газлар миқдори махсус асбоб-ускуналар орқали кўрикдан ўтказилади.

Тадбир доирасида 79 та йўл-патрул масканларида кўрик нуқталари, шунингдек, вилоят ва шаҳарларнинг марказий кўчаларида кўчма постлар ташкил этилиб, уларга 500 нафар ходим жалб қилинади. Ойлик 10 майгача давом этади.