Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Такаши Хатори ўз мамлакати ҳукумати номидан Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига Брайль алифбосида адабиётларни чоп этиш учун дастурий таъминот тўпламини топширди. Маросим 7 апрель куни бўлиб ўтди.

Япония элчихонаси матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, қиймати 91,2 минг доллардан ортиқ бўлган тўплам ўзбек тилида китоблар ва ўқув материалларини тайёрлаш учун Брайль алифбосидаги принтерлар ҳамда Брайль алифбоси таржимаси учун дастурий таъминотдан иборат.

Ускуналар Япония ҳукуматининг «Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кичик ижтимоий лойиҳаларга кўмак бериш грантлари» дастури доирасида тақдим этилди.

«Барча одамлар муносиб ҳаёт кечириши учун Япония ташқи сиёсат асоси сифатида „Инсон хавфсизлигини таъминлаш“ концепциясини илгари суради. Шахсий кўникмаларни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш орқали мамлакатлар ва жамият тараққиётига кўмаклашиш шундан иборатдир», — деди Япония элчиси.

«Умид қиламизки, тақдим этилган асбоб-ускуналардан кўзи ожизларнинг сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришда самарали фойдаланилади», — деди Такаши Хатори.