Самарқанд ва Наманган вилоятларида фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Қайд этилишича, Самарқанд вилояти Давлат солиқ бошқармаси солиқ назорати бўлими бош инспектори Пастдарғом туманида фаолият юритувчи МЧЖда ўтказилган текширувда аниқланган 2,5 млрд сўмлик солиқ қарздорлигини ушбу текширувни ўтказган ҳамкасби орқали 1 млрд сўмга тушириб бериш эвазига 15 минг доллар олган бўлиши мумкин, унинг пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Бошқа бир ҳолатда эса Наманган шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати фуқаронинг маъмурий судда кўрилаётган мулкий низо билан боғлиқ масаласини суд идораларида ишловчи танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига пул олгани гумон қилинмоқда.

У 10 минг доллар, шунингдек, кўрилаётган иш доирасида экспертиза хулосасини расмийлаштириб бериш эвазига 2 минг доллар, жами 12 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 7 минг доллар олган вақтида ушланди, — дейилади хабарда.

Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 28,211- (Пора бериш) моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.