Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Акбаров Ҳабибулла Асатович 8 апрель куни 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ҳабибулла Акбаров фан арбоби, геология соҳасида йирик олим ҳисобланади. У 1936 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1958 йилда Ўрта Осиё политехника институтининг геология-қидирув факультетини тугатган.

Фаолияти давомида Ўрта Осиё геология ва минерал хомашё институтида сектор мудири (1968−79), бўлим бошлиғи (1979−86), директор ўринбосари (1987−91), 1992−96 йилларда ТошДТУ проректори ва айни шу вақтда университетнинг фойдали қазилма конлари кафедраси мудири лавозимларида ишлаган.

1996 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси Ер ҳақидаги фанлар бўлими раиси ва Фанлар академияси президиуми аъзоси (1997 йилдан) сифатида фаолият юритган.