7 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Қайд этилишича, олий даражадаги тадбирлар ва дипломатик муносабатлар доирасида савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларга оид 365 та икки томонлама ва кўп томонлама ҳужжат имзоланган. Хусусан, 2022 йилда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ маҳаллий маҳсулотлар жаҳоннинг 47 мамлакатига экспорт қилинган.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳром Аълоевнинг сўзларига кўра, йил давомида хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 276 846 та консуллик операцияси амалга оширилган. Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён республиканинг 6030 нафар фуқароси махсус рейслар орқали Ўзбекистонга эвакуация қилинган.

Мажлис давомида сенаторлар инвестицияларни жалб қилиш, экспортни ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳамкорлик ҳамда туризмни кенгайтиришга қаратилган устувор вазифаларга қарамай, бу соҳада ҳал этилмаган айрим муаммолар сақланиб қолаётганини танқид қилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Хусусан, ҳудудларда ресурсларни тежовчи технологияларни жалб қилиш ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор дипломатик ваколатхоналар етарли даражада фаолият кўрсатмаётгани таъкидланган.

«Соҳада мавжуд муаммоларни ўз вақтида, самарали ҳал этиш орқали бундай натижалар салмоғини янада ошириш мумкин. Айниқса, минтақалараро ҳамкорлик ва шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ривожлантириш орқали ҳудудларимиз ривожига катта ҳисса қўшган бўламиз. Ўз ўрнида шуни ҳам айтиш керакки, мазкур йўналишда ТИВ билан биргаликда ҳудудларнинг ўзи ҳам бирдек масъул», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.